Спорт | 19:50 / 30.08.2018
50935
5 дақиқада ўқилади

Осиё ўйинларида кун якунлари. Ўзбекистон бугун 8та медал олди

Индонезиянинг Жакарта ва Палембанг шаҳарларида бўлиб ўтаётган XVIII ёзги Осиё ўйинларининг 30 август кунидан ўрин олган мусобақаларида ўзбекистонлик 27 нафар спортчи яккалик ва жамоа ҳолда 6 спорт тури бўйича баҳс олиб боришди.

Мусобақаларнинг ўн иккинчи кунида ўзбекистонлик спортчилар жами 8та (3та олтин, 2та кумуш ва 3та бронза) медал олишди.

Байдарка ва каноэда эшкак эшиш
Байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича мусобақаларида ўзбекистонлик спортчилар жами 4та медални қўлга киритишди.

Каноэда эшкак эшиш бўйича Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Дилноза Раҳматова ва Нилуфар Зокирова жуфтлиги аёллар ўртасида 500 метр масофага ўтказилган баҳсларда маррага иккинчи бўлиб етиб келишди ва кумуш медаллар билан тақдирланишди.

Каноэда 1000 метр масофага эшкак эшишда ўзбекистонлик тажрибали спортчи, Осий ўйинларининг 3 карра ғолиби Вадим Меньков тенгсиз бўлиб, тўртинчи чемпионликни тантана қилди.

Фото: Абдуллоҳ Файзуллаев

500 метр масофага тўрт кишилик экипажда ўтказилган баҳсларда Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари (А.Тропин, В.Ибрагимов, Ж.Нурматов, А.Мочалов) маррага бешинчи бўлиб етиб боришди.

1000 метр масофага жуфтлик баҳсларида стартга чиққан Шаҳриёр Маҳкамов ва Шоҳруҳбек Аъзамов маррага учинчи бўлиб етиб келди ва бронза медалига сазовор бўлишди.

Фото: Абдуллоҳ Файзуллаев

1000 метр масофага каноэда эшкак эшган Нурислом Тўхтасин ўғли ва Серик Мирбеков жуфтлиги ҳам Ўзбекистон ҳисобига навбатдаги бронза медални қўшиб қўйишди.

Фото: Абдуллоҳ Файзуллаев

Дзюдо
Бугунги баҳсларда 4 нафар ўзбекистонлик дзюдочи иштирок этди. Аммо улардан фақат биргинаси, жамоанинг -70 кг вазн тоифасидаги вакили Гулноза Матниязова бронза медал олишга муваффақ бўлди. У финалда хитойлик Зу Яни иппон баҳоси билан мағлуб этди ва бронза медалга эга чиқди.

-57 кг вазн тоифасидаги Амангул Алланазарова эса илк жангдаёқ шимолий кореялик Ким Жин Ага мағлуб бўлди.

-73 кг вазн тоифасида Ғиёсжон Бобоев нимчорак финалда яманлик рақиби Аҳмед Салемни мағлуб этди, аммо чорак финалда БАА вакили Виктор Сквортовга ютқазди. Шундан кейин бронза учун ўтиш ўйинларида қатнашган Бобоев шимолия кореялик Ким Чол Квангдан мағлуб бўлди.

-80 кг вазн тоифасида Шарофиддин Болтабоев илк жангда ливанлик Азар Стивендан устун келди. Аммо чорак финалда дзюдо ватани Япониядан келган спортчи Такеши Сасакига ютқазди. У бронза медали учун ўтиш баҳсида мўғулистонлик Отгонбатар Уганбатарга қарши гиламга чиқиб, баҳс давомида жароҳатланди ва бронзадан қуруқ қолди.

Трамполин

Трамполин баҳсларида 3 нафар ўзбекистонлик спортчи финалда иштирок этди. Фарангиз Рўзиева финалда бешинчи натижани қайд этди. Эркаклар ўртасидаги баҳсларда эса Самирбек Усмонов ва Амиран Бабаян еттинчи ва саккизинчи ўринларни банд этишди.

От спорти
Яккалик баҳсларида иштирок этган Н.Туякбоев ва О.Собиржонов совринли ўринлардан жой ололишмади.

Велоспорт-трек
М1 × 3000 м бўйича саралашда иштирок этган Рената Байметова гуруҳида тўққизинчи ўринни эгаллаган ҳолда, кейинги босқичга чиқа олмади.

Муроджон Холмуродов эса омниум бўйича баҳслар якунида саккизинчи ўринни эгаллади. 

Кураш
Ўзбек миллий кураши бўйича бугун 2 вазн тоифасида баҳслар ўтказилди ва 2 олтин ҳам ўзбекистонлик спортчиларга тегди. 

-78 кг вазн тоифасидаги Кумуш Йўлдошева финалда мўғулистонлик Отгон Мункцецег билан беллашди ва ғалаба қозониб, Осиё ўйинлари чемпионига айланди.

Шу вазн тоифасидаги Дилроза Бозорова илк босқичдаёқ қозоғистонлик Гулибону Аманхоновага ютқазганди.

-90 кг вазн тоифасидаги олтин ва кумуш медаллар Ўзбекистон вакиллари ўртасида тақсимланди.

Шермуҳаммад Жандриев нимчорак финалда туркманистонлик Санжар Абдираҳмоновга қарши мураккаб баҳс ўтказиб, якунда ғалабага эришди. У кейинги рақиби, афғонистонлик Ширзад Азизийни осонлик билан енгиб, ярим финалга чиқди. Финал остонасида эса кувайтлик Мисри Ҳусайн мағлуб этилди.

Яҳё Имомов иштирокини саралашдан бошлади. У дастлаб эронлик Қосим Аҳадиваранлуни таслим этди. Финалга қадар йўлда у ҳиндистонлик Дивеш, туркманистонлик Гуванч Бегалиев ва қозоғистонлик Ерсултан Музаппаровдан устун келди.

Яҳё Имомов ва Шермуҳаммад Жандриев ўртасидаги баҳс Жандриевнинг 11:10 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.

Бугун қўлга киритилган 8 медал эвазига Ўзбекистон делегацияси 53 медал билан олтинчи ўринга жойлашди. Айни вақтда Ўзбекистон ҳисобида 15 олтин, 19 кумуш ва 19 бронза бор.

Мавзуга оид