Спорт | 12:10 / 06.09.2018
14126
15 дақиқада ўқилади

АПЛ. Август сюрпризи ҳақида батафсил

Англия премьер-лигасида 4 тур ўтиб, ниҳоят ҳақиқий чемпион жамоа тузган Юрген Клопп ёки Англияда ажойиб дебют қилган Маурицио Сарри эмас, кўпроқ Хави Грасия муҳокама қилинаётгани ҳам тасодиф эмас. Ушбу мураббийнинг камтаргина «Уотфорд» жамоаси мавсумдаги беш расмий ўйиннинг барчасида ғалаба қозонди. Худди шу мураббий яқинда Россиянинг «Рубин» клубида муваффақиятсизликка учраган ва истеъфога чиқарилганди.

«Рубин» менежерлари Хави Грасиянинг АПЛдаги парвозини энтикиш билан томоша қилаётган бўлишлари табиий. Ҳатто Россияда ҳам у тўрт ўйинда қаторасига ғалаба қозонмаганди, Англияда эса, агар Лига кубогидаги ғалабани ҳам қўшсак - 5та бўлади. «Уотфорд» ўз тарихида ҳали бирор марта мавсумни бу қадар кучли бошламаганди. Агар Грасиянинг февралда Англияга келганини эътиборга олсак, шу даврда «Уотфорд» ўз майдонида фақат «Ливерпуль»дан (22) камроқ очко жамғарди холос - 20. Масалан, «Манчестер Юнайтед», «Арсенал» ва «Тоттенҳэм»да уй ўйинларида 18тадан очко, «Манчестер Сити»да 16 очко бор.

Албатта, мавсум энди бошланди, «Уотфорд»да топ-рақиблардан фақат «Тоттенҳэм» бор эди, лекин шунинг ўзи ҳам катта натижа. Жамоа ҳам, мураббий ҳам ўйиндан ўйинга ўзига нисбатан ишончни ошириб бормоқда.

«Ўйлайманки, ҳар ким янги вазифаларга мослашиши керак. Мен ўз фаолиятим давомида мен доим мослашиб борганман. Мен Испанияда, Грецияда, Россияда ва ҳозир Англияда ишламоқдаман. Кимки агар, ҳамма менга мослашиши керак деб ҳисобласа, адашаётган бўлади», - деди Грасия «Тоттенҳэм»га қарши ўйин олдидан Sky Sports нашрига интервью бераётиб.

Мавсум олдидан Хави Грасия букмекерлар котировкасида илк истеъфога чиқадиган мураббийлар ичида пешқадамлик қилаётганди. «Уотфорд»ни бошқарадиган Поццо оиласи Англияда энг кўп мураббий алмаштирадиган бошқарувчилар ҳисобланади. Сўнгги ўн йилдаги «Уотфорд»ни бошқараётган 13-мураббий бўлган Грасия ҳам «дор устида юраётгани» аниқ эди.

Аммо барқарорлик «Уотфорд»га ёрдам берди. Ўтган мавсум охирида қаторасига етти ўйинда ғалаба нималигини билмаган мураббийга мавсумни якунлаш ва кейинги мавсумга тайёргарлик ишларини ишониб топширишди. Жамоа ўзагини деярли сақлаб қолган мураббий августда ҳаммани ҳайрон қолдирди ва мана энди, Юрген Клопп ва Маурицио Сарри билан биргаликда ойнинг энг яхши мураббийи бўлишга даъвогар бўлиб турибди. Айнан мана шу уч мураббий дастлабки 4 турда юз фоизлик натижа кўрсатиб, турнир жадвалини бошқариб туришибди.

«Тоттенҳэм» устидан қозонилган ғалабадан сўнг, Англия матбуотида мураббийга янги, узоқ муддатли шартнома таклиф қилинаётгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди. Шу мавсум охирида шартномаси тугайдиган мураббийнинг турли таклифлардан халос қилиш ва ажойиб старт учун миннатдорчилик тариқасида клуб раҳбарлари мураббийни олиб қолишга уринишмоқда. Англиянинг энг беқарор клубларидан бирида сезиларли ижобий силжишни амалга ошира олган мураббий олдингилардан фарқли равишда узоқроқ қоладиганга ўхшайди.

ГРАСИЯ ЖАМОАСИ ҚАНДАЙ ЎЙНАЙДИ?

Жерар Делофеу жароҳат олгач, Грасия ихтиёрида ҳақиқий вингерлар деярли қолмади ва у эски 4-4-2 схемасига мурожаат қилди. Бу схемада ҳимоячилардан ташқари ҳақиқий қанот футболчилари йўқ, ҳар қандай футболчини ярим ҳимояга қўйиш мумкин. Бундай схема билан Англияда фақат «Брайтон», «Кристал Пэлас» ва «Саутҳемптон» каби клублар ўйнашмоқда, лекин бу жамоаларда ҳақиқий вингерлар етарли. 

Тўп билан «Уотфорд» ўша классик 4-4-2 да бўлиб, керакли пайтда вазиятга қараб, 4-2-2-2 га айланиши мумкин. Қоғозда қанотда Роберто Перейра ва Уилл Ҳьюз жойлашади, аммо уларнинг иккиси ҳам анча эркин ҳаракатланади, масалан, Ҳьюз ўз голини марказдан тўпни олиб бориб, уришга муваффақ бўлди. Ҳар икки футболчи имкон қадар чизиқлар ўртасида бўшлиқлар топишга ва қанот ҳимоячилари - Янмат ва Ҳолебасга имконият яратишга уринади. Холебас аллақачон 4 ассист ва 1 гол муаллифи бўлиб улгурди.

Ўйиндан ва стандарт вазиятлардан кросслар «Уотфорд»нинг яна бир асосий қуролидир. «Тоттенҳэм» билан ўйинда Грасия шогирдлари амалга оширган 11 кроссдан 5таси аниқ етиб борди. «Тоттенҳэм»да бу кўрсаткич 32тадан 6тани ташкил қилди холос. Уч бурчак тўпидан мезбонлар бир гол уришди, «Тоттенҳэм» эса, уўн маротаба шундай имкониятдан бирор марта ҳам хавфли вазият ярата олмади.

Трой Дини ва Андре Грей ҳужумда бир бирларини мукаммал тарзда тушуниб ўйнашяпти.

«Иккиси ҳам турли типдаги ҳужумчилар: бири паст бўйли ва тезкор, иккинчиси жисмонан бақувват ва баланд. Улар биргаликда ажойиб дуэт яратишмоқда, айниқса, «Бёрнли» дарвозасига урилган гол йил голи бўлиши керак», - дейди афоснавий Пол Инс.

«Ўтган мавсумда биз икковидан бир пайтда фойдаланмагандик, аммо бу ҳақида кўп ўйлаганман. Бу сафар бу ишга уриниб кўрдим ва мавсумни жуда яхши бошладик. Улар нафақат ҳужумда, балки ҳимояда ҳам жуда фойдали ҳаракат қилишяпти, шунинг учун ҳам икки ҳужумчи билан бемалол ўйнай оляпмиз», - деб тушунтиради Грасия. 

Бу жуфтликда гол+пас ҳисобида 4 очко мавжуд. Ҳақиқатан ҳам уларнинг ҳимояланишдаги самараси ҳам эътиборга молик: Дини бир ўйинда ўртача 1.5 маротаба тўпни олиб қўймоқда - масалан, Лейтон Бейнс, Начо Монреал каби машҳур ҳимоячиларда ҳам худди шундай кўрсаткич.

«Менинг вазифам - ихтиёримдаги футболчиларнинг имкониятларидан максимум фойдаланиш. Мен жамоага келиб, «мен 4-3-3 ўйнамоқчиман», дея олмайман. Яхши мураббий бундай қилмайди. Албатта, менга ҳам ҳужумкор ўйнаш, тўпни назорат қилиш ёқади, лекин агар яхши ҳимоялана олмасангиз, ҳужумкор футболнинг ўзи бўлмайди», - дейди мураббий.

Аксарият ҳужумкор жамоалар тезкор вертикал паслар орқали рақиб майдонига кириб боришга уринишади. Худди шу режа «Тоттенҳэм»да ишламади, Абдулай Дукуре ва Этьен Капу таянч зонасини шу қадар ёпа олдиларки, «Тоттенҳэм» узун паслар орқали ўйнашга мажбур бўлди. У ерда эса, марказий ҳимоячилар - Крейг Кэткарт ва Кристиан Кабаселе рақибга ҳеч қандай имконият қолдирмади.

Ёзда «Уотфорд» асосий таркиб учун бирорта ҳам майдонда ҳаракат қиладиган футболчи сотиб олмади, ягона ўзгариш дарвозабон Бен Фостер бўлди холос. «Рубин»да Грасия ўйиндан ўйинга таркибни ўзгартирар ва ўзи учун идеал вариантни ахтарарди, лекин Уотфордда бунинг учун бир йилдан камроқ вақт ҳам етарли бўлди.

«Бизда ажойиб жамоа бор. Мен жамоа деганда, айнан жамоани назарда тутаман. Биз янги футболчилар кетидан қувмадик, ўзимизда мавжуд бўлган пойдеворни сақлаб қолдик, биргаликда кўп вақт ўтказдик. Бу эса, футболчиларнинг янада жипслашишига ва ҳақиқий жамоа бўлишларига сабаб бўлди», - Грасия ўйиндан ўйинга асосий таркибни умуман ўзгартирмаяпти.

ЖИСМОНИЙ ТАЙЁРГАРЛИК

Жамоанинг жисмоний тарафдан кучли эканини пайқаш осон. Таркибдаги бирорта футболчи ҳам жаҳон чемпионатида иштирок этмади, бу эса, мавсумолди йиғинларини оптимал тарзда ўтказишга ёрдам берди. Эътибор беринг, деярли барча ўйинларда «Уотфорд» иккинчи бўлимда ўйинни кучайтириб, ғалабани илиб кетмоқда. Урилган 11 голдан 8таси танаффусдан кейин амалга ошган.

Жисмоний тайёргарлик бўйича ёрдамчи Хуан Солья ҳам «Уотфорд»га Грасия билан биргаликда «Рубин»дан келди. Мураббийлик даврида Грасиянинг ёрдамчилари баъзида ўзгариб турган, аммо Солья энг бошидан бери Хави билан бирга. 

«Рубин»да Сольяни ёмон кўришарди. Умуман футболчилар жисмоний тайёргарлик бўйича мураббийларни у қадар яхши кўришмайди, лекин Солья билан бу нафратга айланиб кетганди. У тинмасдан футболчиларни кросслар билан қийнар, тўп билан ўйнаш ўрнига тренажерларга боришга мажбур қиларди. Ҳатто футболчилар очиқчасига норозиликларини изҳор қилган пайтлари бўлган. Испан мураббийи рус тилини билмаслигидан фойдаланиб, футболчилар унга жуда қўпол муомала қилган пайтлар ҳам бўлган.

Англияда менталитет бошқача. Улар бадтарроқ юкламалар остида ҳам шуғулланаверади. Демак Грасиянинг ғоялари ўзгармади, фақат бу ғоя ва фалсафаларга мосроқ, уларни қабул қилишга тайёрроқ бўлган жамоа бор эди энди

«Мавсумолди йиғинлари жуда яхши ўтди. Биз нима керак бўлса, шуларнинг устида ишладик, жароҳатлар кўп бўлмади, натижада кўп футболчилар бирорта ҳам машғулотни ўтказиб юборишмади. Бу ҳали бошланиши эканини биламиз, аммо барибир, ўтказилган ўйинларда ғалаба қозонганимиз жуда яхши бўлди. Ҳеч ким, айниқса, бизга ўхшаган жамоанинг бундай натижа кўрсатиши осон эмас. Лекин биз ҳар бир ўйинда ғалаба қозона олишимизни сезиб тургандик. Энди мана шу даражани ушлаб қолишга уринишимиз керак».

ГРАСИЯ ИНГЛИЗ ТИЛИНИ ЎРГАНМОҚДА

«Рубин ТВ»да тарқалган видео хит бўлиб кетганди. Рус тилини яхши билмаслигидан деярли барча фикрларини таржимон орқали етказган Хави Грасия ғалати кўринган. Албатта, таржимон орқали фикрнинг тўлиқ етказиб берилиши қийин, барибир, қандайдир қисм тушунарсиз бўлиб қолаверади.

Россиядаги фаолияти давомида Грасия фақат бир неча русча сўзларни ўрганиб олганди холос, шунинг учун, барча машғулотлар ва расмий тадбирлар таржимон орқали ўтказиларди. Балки бу ҳам унинг «Рубин»даги муваффақиятсизлигининг сабабларидан бири бўлгандир. Мураббий жуда муҳим гапларни айтмоқчи бўлиши мумкин, аммо бу сўзлар таржимон тили билан етиб борар экан, таъсири кутилганидек бўлмаслиги мумкин.

Шунинг учун ҳам Пеп Гвардиола «Бавария»да ҳам, «Манчестер Сити»да ҳам таржимонларсиз ишлаган, у қаерга бормасин, олдиндан ўша мамлакат тилини ўрганиб олишга уринган. Грасия Англиядаги илк интервьюларида ҳам инглизча гапиришга уринган, аммо мураббийнинг бироз ҳаяжонланаётгани билиниб турарди. «Тоттенҳэм» билан ўйиндан кейинги интервьюда эса, Грасиянинг сўзлашувида камчилик топиш қийин эди. Энди унда инглиз тили бўйича муаммо йўқ. Интервьюларда жиддий таҳлиллар йўқдир, аммо машғулотлар ва матбуот анжуманлари таржимонсиз ўтказилмоқда.

«Инглиз тилида мукаммал сўзлашяпман дея олмайман», - дейди Грасия - «Рубин»да 15 хил миллатдаги шогирдларим бор эди. Шунинг учун бу ерда унча қийналмаяпман. Аммо инглиз тили асосий тил бўлиши керак. Баъзи пайтларда, масалан Роберто Перейра билан испанча гаплашаман, агар фақат у билан мулоқот қилаётган бўлсам. Биламанки, у мени инглизчадан кўра, испанчада яхшироқ тушунади. Аммо иккимиз ҳам бор имкониятимизни сарфлаб инглизчани кучайтиришимиз ва ҳамма билан шу тилда яхшироқ мулоқот қилишимиз керак».

ОМАД ҲАМ БОР

Омаднинг ҳам ҳиссаси борлигини унутмаслик керак. Жамоа ҳар қанча кучли ўйнамасин, муваффақиятли серия учун омад ҳам келиши керак. Баъзида «Уотфорд» ақл бовар қилмас голлар урмоқда, рақиб эса, жуда қулай вазиятларни голга айлантира олмаяпти.

Уго Льорис жароҳати туфайли таркибга киритилмади, унинг ўрнига дарвозани Мишел Ворм эгаллади - бу ҳам омад. Ворм бирор марта ҳам жамоасини қутқара олмади, бунинг устига гол бўлган вазиятда ҳам айнан унинг хатоси туфайли бурчак тўпи тепилганди.

Энг ғалати ва тушунарсиз ўйин «Кристал Пэлас»га қарши бўлганди. «Бургутлар» биринчи бўлимда иккита яққол вазиятда кўкка совуриб, иккинчи бўлимда икки гол ўтказиб юборди. Перейра чиройли гол урди, кейин эса, Ҳолебаснинг аслида юқорилатиб узатган тўпи тўппа-тўғри дарвозага кириб кетди. Ҳисоб 1:2 бўлиб турганда ҳам, мезбонларда юз фоизлик имконият бўлди, лекин Жоел Уорд жуда яқин масофадан боши билан очиқ дарвозага гол ура олмади. Бу вазиятдан кейин Грасия чўқиниб ҳам юборди - ҳақиқатан ҳам қаторасига уч маротаба тенг кечган баҳсда ғалаба қозонишни худонинг инояти деб баҳолаганди у.

«Бизда биринчи бўлимда яхши имкониятлар бўлди, лекин Бен Фостер ўзини кўрсатди. Агар ўйин 2:2 ҳисобида якунланганда, қониққан бўлардим. Бу 95 дақиқа учун биз ҳеч бўлмаса бир очкога арзирли ўйнагандик», - дея ёзғирди «Кристал Пэлас» бош мураббийи Рой Ҳожсон.

«БЁРНЛИ»МИ Ё «ЛЕСТЕР»?

Ҳозирча Грасия жамоаси ҳатто Пеп Гвардиоланинг «Манчестер Сити»сини ҳам ортда қолдирган ҳолда, юз фоизлик натижа кўрсатаётган уч жамоанинг бири бўлиб турибди. Букмекерлар ҳатто «Лестер -2016»ни эслаб, «Уотфорд»нинг чемпион бўлишига 1/500 ставкаларни қабул қилмоқда. 

Ўхшашликлар бор, аммо ҳали эрта. Англияда «Уотфорд» ҳақида ёза бошладилар, аммо кўпроқ, ўтган мавсумда Европа Лигасига йўлланма олган «Бёрнли»га солиштирмоқдалар.

Грасиянинг мақсади эса, ҳар бир ўйинда ғалаба қозониш.

«Энг бошида футболчиларга айтдим: «Ҳар бир ўйинни ютишдан ҳам юқорироқ мақсад йўқ. Агар ҳар бир ўйинда ғалабага интилиб, АПЛдаги ўрнимизни сақлай олсак ва кейин янада юқорироқ ўринларни кўзласак, нимаси ёмон?»

«Биз ҳақимизда ким нима дейиши қизиқ эмас. Биз бахтли бўлишимиз учун эришадиган натижаларимиз, ғалабаларимизнинг ўзига ҳам етади», - дейди испаниялик мураббий.  

Танаффусдан сўнг, «Уотфорд» ўз майдонида Моуриньонинг «Манчестер Юнайтед»ини қабул қилади. Яна бир ғалаба ва бутун Англия сен ҳақингда гапира бошлаши учун ажойиб имконият.

sport.business-gazeta.ru материали асосида

Мавзуга оид