Спорт | 12:40 / 06.09.2018
18807
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон кўпкари терма жамоаси Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинларида ярим финалга чиқди

Қирғизистон Республикасининг Чўлпон-Ота шаҳрида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон кўчманчи халқлар ўйинлари қирғиз кураши бўйича ўзбекистонлик спортчилар Миркомил Аҳадқулов (-60 кг) ва Аъзамжон Анваржонов (-96 кг) бронза медалини қўлга киритди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

Ўйинлар давомида барча катта қизиқиш билан кузатиб бораётган улоқ кўпкари баҳсларида ҳам Ўзбекистон кўпкари бўйича миллий терма жамоаси муваффақиятли иштирок этмоқда.

Ўзбекистон кўпкари бўйича миллий терма жамоаси 2018 йил 3 сентябрь куни ўтказилган Бошқирдистон Республикаси билан ўйинда 20:2 ҳисобида ғалаба қозонган бўлса, 5 сентябрь Франция жамоасини 19:6 ҳисобида мағлуб этиб, ярим финал йўлланмасини қўлга киритди.

«B» гуруҳида ярим финал баҳслари бугун, 6 сентябрь куни Тошкент вақти билан соат 17:00да Чўлпон-Ота шаҳридаги «Ипподром» аренасида ўтказилиб, унда Ўзбекистон терма жамоаси Қозоғистон Республикаси терма жамоалари билан баҳсга киришади. Ғалаба қозонган жамоа «А» гуруҳидаги Қирғизистон ва Россия термалари ўртасидаги ўйинларда ғолиб чиққан жамоа билан финалда учрашади.

Бугун, 6 сентябрь санасида Ўзбекистон вакиллари гулеш (Озарбойжон кураши), аширтмали аба гулеши (Туркия кураши), улоқ кўпкари турлари бўйича баҳсларга киришади.

Эслатиб ўтамиз, 2 сентябрдан 8 сентябрга қадар давом этадиган мазкур мусобақада дунёнинг 66 давлатидан ташриф буюрган 1556 нафар спортчи медаллар учун баҳс олиб бормоқда. Ўзбекистон делегацияси 13та спорт тури бўйича 58 нафар спортчи билан иштирок этмоқда.

Мавзуга оид