Ўзбекистон | 17:02 / 18.09.2018
3886
3 дақиқада ўқилади

Хитой Ўзбекистонга геологик-қидирув ишларида сармоявий ҳамкорликни кенгайтиришни таклифи қилмоқда

“Ўзбекнефтгаз” АЖ бош офисида компания раҳбарияти Хитой Миллий нефт-газ корпорацияси (CNPC)нинг вице-президенти Хоу Цицзюнь бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Kun.uz’га “Ўзбекнефтгаз” АЖ матбуот хизмати хабар берди.

Фото: Ўзбекнефтгаз

CNPC корпорацияси геологик-қидирув ишлари, углеводород хом-ашёсини қазиб олиш ва транспортировка қилиш, ҳамда табиий газ савдоси билан боғлиқ инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдаги нафақат "Ўзбекнефтгаз" АЖнинг узоқ муддатли ва ишончли ҳамкори, балки ўзбек компанияларининг асосий ҳамкоридир.

Учрашув давомида CNPC корпорацияси вакиллари Мингбулоқ конидаги М-15 қудуғини бурғилаш жараёнида эришилган ижобий натижалар, ҳамда Денгизкўл газ конденсат конидаги Хўжасаят участкаси ва Хўжисаят, Хўжадавлат ва Шарқий Олот конларини ўзлаштириш бўйича ишлар жадал равишда амалга оширилгани учун миннатдорчилик билдирдилар. 

Учрашувда "Ўзбекнефтгаз" АЖ раҳбарияти ва компаниянинг бутун жамоаси CNPC корпорациясини “Ўзбекистон-Хитой” газ қувури бўйича лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилганлигининг 10 йиллиги билан чин юракдан қутладилар. 

Музокаралар давомида CNPC корпорацияси вакиллари Ўзбекистон Республикаси ҳудудида амалга оширилиши режалаштирилган инвестиция лойиҳалари билан боғлиқ бир қатор саволлар мурожаат этдилар. 

Томонлар Ўзбекистонда қазиб олинган табиий газни қиш мавсуми ва 2019 йил мобайнида етказиб бериш, ҳамда “Ўзбекистон-Хитой” газ қувурининг 4-линияси орқали табиий газни етказиб бериш бўйича масалаларни кўриб чиқдилар. 

Учрашув давомида CNPC вице-президенти Хоу Цицзюнь Мингбулоқдаги М-15 қудуғини синовдан ўтказиш натижаларини сабрсизлик билан кутаётганини таъкидлади. Маълум бўлишича, мазкур лойиҳа CNPC корпорацияси директори Ван Илин томонидан шахсан назорат қилинмоқда. 

Фото: Ўзбекнефтгаз

Шунингдек, Хитой томони Ўзбекистон Республикасининг истиқболли инвестиция блоклари бўйича геологик-қидирув ишларини олиб бориш соҳасидаги сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш таклифи билан чиқмоқда. 

Учрашув якунида икки томонлама сармоявий ҳамкорликнинг юқорида қайд этилган масалалари юзасидан томонларнинг кейинги ҳаракатлари аниқлаб олинди. 

Мавзуга оид