Ўзбекистон | 10:30 / 18.09.2018
12676
2 дақиқада ўқилади

HSBC банки бошқарма бошлиғи Одилбек Исоқов Ўзбекистон молия вазирининг маслаҳатчисига айланди

Фото: Молия вазирлиги ахборот хизмати

Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг 2018 йил 15 сентябрдаги буйруғига асосан Одилбек Рустамович Исоқов молия вазирининг маслаҳатчиси, Молия вазирлигининг давлат суверен, корпоратив (банк) қарз мажбуриятлари ва давлат қарзи бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланди.

Одилбек Исоқов 1981 йилда туғилган, маълумоти олий, 1998-2000 йилларда Жаҳон Иқтисодиёти ва Дипломатия Университетида таҳсил олган.

Буюк Британиядаги Манчестер Метрополитан Университетининг Бизнес Иқтисодиёти бўйича бакалаври (BA in Business Economics), Стратклайд Университетининг Молия бўйича магистр (MSc in Finance) даражаларига ҳамда Малакали Молиявий Таҳлилчи (CFA - Chartered Finance Analyst) квалификациясига эга.

Одилбек Исоқов дунёнинг энг йирик банкларидан бири HSBC банкидаги 12 йиллик меҳнат фаолияти давомида Ривожланаётган мамлакатлар билан ишлаш бўйича инвестиция банкири сифатида тажриба орттирган. Марказий ва Шарқий Европа, Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги, Яқин Шарқ ва Африка давлатлари ва давлат ташкилотлари учун жаҳон молия бозорларида қимматли қоғозлар (облигациялар, кредит ноталар) чиқаришни ва банклар синдикатидан кредит олишни ташкил этиш билан шуғулланган. 2011 йилдан бери умумий қиймати 115 миллиард АҚШ долларидан ортиқ 70дан ортиқ муваффақиятли қўшма лойиҳаларни бошқарган. 

2016 йил март ойидан ҳозиргача HSBC инвестиция банки ривожланаётган мамлакатлар учун жаҳон молия бозорларида қимматли қоғозлар чиқаришни ташкил этиш бошқармаси директори (Лондон, Буюк Британия) лавозимида ишлаб келган. 

Нуфузли “GlobalCapital” нашрининг “Жаҳон молия бозорларида ривожланаётган мамлакатлар билан ишлаш бўйича энг яxши банкир” унвони учун 3 карра номинация сазовори бўлган.

Мавзуга оид