Ўзбекистон | 10:16 / 22.09.2018
13373
3 дақиқада ўқилади

Маҳалла раисининг ваколат муддати икки ярим йилдан уч йилга узайтирилмоқда

Фото: Norma

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар мамлакатда ижтимоий, иқтисодий, суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий жиҳатдан таъминлашга қаратилган бир қатор қонун лойиҳаларини кўриб чиқдилар.

Парламент қуйи палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида киритилган “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси қизғин баҳс-мунозараларга сабаб бўлди.

Таъкидланганидек, мазкур қонун лойиҳаси фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловида иштирок этиш бўйича фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқларини амалга оширишига қулай шароит яратиш, сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини янада ошириш мақсадида ишлаб чиқилган.

Сўзга чиққан депутатлар аввало ушбу қонунда қандай янги тушунчалар, нормалар мавжуд деган масалалар хусусида атрофлича тўхталиб ўтдилар.

Қонун лойиҳаси билан фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг ваколат муддати икки ярим йилдан уч йилга узайтирилмоқда.

Сайловларда бевосита фуқароларнинг ўзлари кўпроқ иштирок эта олишини таъминлаш мақсадида сайлов ўтказилаётган ҳудуд — ҳовлилар, уйлар, кўчалардан фуқаролар вакиллигининг минимал нормасини белгилаш таклиф этилмоқда. Бунда ҳар бир ҳудуднинг аҳолиси сони инобатга олинган.

Таклиф этилаётган янги қонун лойиҳасига кўра, эндиликда сайловларни ташкил этиш ва ўтказиш масаласи билан республика даражасида Олий Мажлис Сенати Кенгашининг комиссияси эмас, балки алоҳида тузиладиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи Республика комиссияси шуғулланиши белгиланмоқда. Унинг таркибига парламент қуйи палатаси депутатлари, Сенат аъзолари, тегишли давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий муассасалар ва бошқа ташкилотлар вакиллари киритилади.

Фуқаролар ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришига таъсир этиш имкониятини қолдирмаслик мақсадида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловларида яширин овоз бериш тизими ўрнатилмоқда.

Сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида эса, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш, сайлов ўтказиладиган сана, унинг вақти ва жойи тўғрисида, раис (оқсоқол) лавозимига номзодлар ҳақидаги ахборотни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашларнинг расмий веб-сайтларида жойлаштириш кўзда тутилмоқда.

Мавзуга оид