Жаҳон | 20:50 / 25.09.2018
17752
2 дақиқада ўқилади

Трамп барча давлатларни Эронни яккалантириб қўйишга чақирди

Фото: AFP

АҚШ президенти Дональд Трамп маълум қилдики, Эрон ўз сиёсатини ўзгартиргудек бўлса, бу мамлакат раҳбарияти билан учрашишга рози бўлади.

«Бу учрашув бўлади. Менимча, уларда бошқа танлов йўқ. Биз Эрон билан яхши муносабатлар ўрнатишни истаймиз, аммо бу ҳозир рўй бермайди», — дея маълум қилган Трамп БМТ Бош ассамблеяси чиқишида.

У Эрон ўз ҳаракатларини ўзгартирмас экан, бу мамлакат раҳбарияти билан учрашмаслигини таъкидлаган.

Трамп Эронга қарши санкциялар 5 ноябрдан яна тикланишига ваъда берган.

«Ўтган ойда биз Эронга қарши санкцияларни, ядровий келишувдан кейин бекор бўлган чекловларни яна қайтадан жорий этиш ҳаракатларини бошладик. Эронга нисбатан қўшимча санкциялар 5 ноябрдан яна амалда бўлади», деган америкаликлар раҳбари.

У бошқа давлатларни «Эрондаги режимни АҚШ билан биргаликда изоляция қилиш»га чақирган.

«Биз Эрон ўз агрессив ҳаракатларини давом эттиргудек бўлса, барча давлатларни Эрон халқини қўллаб-қувватлаган ҳолда бу давлат ҳукуматини халқаро майдонда яккалантириб қўйишга чақираман», деган Трамп.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг майида Трамп Эрон ядро дастури бўйича келишувдан чиққанини эълон қилган ҳамда бунинг ортидан Эрон билан муносабатлардаги бир томонлама санкциялар тиклана бошлаганди.

Санкцияларнинг биринчи блоки Эрон автомобилсозлик секторига, шунингек, олтин ҳамда бошқа металлар савдосига тааллуқли эди ва бу санкциялар шу йилнинг августидан амалга кирганди.

Эронга қарши санкцияларнинг иккинчи блоки эса энергетик соҳа бўйича бўлиб, ноябрь ойидан Эрондан нефть импорт қилмаслик тавсия этилади.

Мавзуга оид