Ўзбекистон | 01:53 / 30.09.2018
90632
5 дақиқада ўқилади

Себзорда уйлар бузилмоқда. Воқеа жойидан тафсилотлар

Тошкентда шаҳар ҳокими в.б ва сенатор Жаҳонгир Ортиқхўжаев бошчилигида ободончилик ва қурилиш ишлари олиб борилмоқда. Айни вақтда Шайхонтоҳур тумани Себзор даҳаси «Жанггоҳ» маҳалласида ҳам қурилиш учун бузилиш ишлари бошлаб юборилган. Бу ишлар қонун доирасида амалга оширилмоқдами ёки унинг аксими, шуни ўрганиш мақсадида ижодий жамоамиз билан ушбу маҳаллага бордик.

Аввалига Тошкент шаҳар ҳокими в.б. Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан суҳбатлашдик. Улар аҳолига бир неча ой аввал бузилиш ҳақида тушунтириш ишлари амалга оширилгани, огоҳлантиришлар берилгани ва ҳудудда яшовчи хонадонларга бир нечтадан замонавий кўринишда қурилган квартиралар берилаётганини таъкидлади. 

«Бузилишга ҳозирча 79 та уй тушган. Уларда 370 нафар фуқаролар яшайди. Жами 240 та квартира ажратиб берилди. Мана, туни билан дам олиш йўқ. Огоҳлантиришларга қарамай, баъзи оилалар ҳозирга қадар кўчишга улгурмаган. Уларга шаҳар ҳокимлиги ҳисобидан юк машиналари берилди. Юк машиналари янги уйларига фуқароларнинг уй жиҳозларини ташишлари учун кўмаклашмоқда. Инсонларга максимал даражада ёрдам кўрсатилмоқда. Уларнинг аксариятига барча шароити етарли бўлган энг замонавий кўринишдаги уйлар тақдим қилинмоқда. Менимча, фуқароларимиз рози. Рози бўлмаганига керак бўлса, озроқ сабр қилса, Юнусобод туманидан тенгма тенгига ер ажратиб, уй ҳам қуриб берамиз», — деди шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев.

Шундан сўнг ўша жойдан яшаб кўчиб кетаётган инсонлар билан боғландик. 

—  Иккита ўғил эдик. Опам бор эди. Улар оиласи билан ажрашганди. Фарзандлари билан қайтиб келганди. Мана, кўчмоқдамиз. Ҳокимият ўз ёрдамини аямади. Шаҳар ҳокими қўлидан келганча кўмаклашмоқда, — дейди ўша ерда яшаётган ёш оила боқувчиси.

—  Бизнинг уйимиз ер майдони 6 сотих. Жами 11 та инсон яшайди. Бизга 3 та квартира берилмоқда. Биз ҳокимликдан розимиз. Аввалроқ огоҳлантириш берилган. Уйимда ногирон шахс бор. Ҳозир ҳокимият кўчаётган уйимизгача етиб олишимиз учун машина берди, — деб таъкидлади маҳаллий аҳоли вакилларидан бири.

Кичик 2 ёки 3 сотихли майдонга эга уйлар учун 3-4 хонали уйлардан бир нечтадан берилмоқда. Бир аёлга жами 10 нафар оила аъзолари учун 4 та квартира берилди.  

Бир бева аёл ҳам фарзандлари учун 3 та 2-3 хонали квартиралар берилаётганини ва ҳукумат вакилларидан хурсандлигини билдириб ўтди. Бузиш ишлари ҳозир ҳам давом этмоқда.

Бу маҳаллада яшовчи оилалар тор уйларда яшарди. Кўпчилиги жой масаласида қийналарди. Бу ерда аҳолига коммунал хизматлар ҳеч қачон етарлича кўрсатилмаган. Бу уйлар албатта, бузилиши керак эди. Қизиғи, ёш оилалар «менга квартира беринг, мен кетаман, шароити яхши жойда яшашни хоҳлайман», — деб айтди деб фикрларини билдириб ўтди шаҳар ҳокими.

2006 йилнинг 29 май куни «Давлат ва жамоат эҳтиёжлари учун ер участкаларининг олиб қўйилиши муносабати билан фуқароларга ва юридик шахсларга етказилган зарарларни қоплаш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги Вазирлар Маҳкамасининг 97-сонли қарори қабул қилинган.

Қарорга кўра, турар жой олиш учун бузилаётган уй (квартира) эгасидан бўлажак бузиш тўғрисида билдиришнома олинади. Кейин у бир ой муддатда оила аъзолари ёки бошқа биргаликда яшайдиган (рўйхатдан ўтган) шахслар билан келишган ҳолда тегишли туманлар (шаҳарлар) ҳокимликларига ўзига бузилган уй-жой ўрнига турар жой ажратиш тўғрисида ариза бериши керак. Аризада оила таркиби, доимий яшайдиганлар сони, турар жой майдонининг ижтимоий нормасидан ортиқча қўшимча уй-жой майдони олиш учун имтиёзлар кўрсатилади.

Уйлари (квартиралари) бузилиши лозим бўлган фуқаролар ва юридик шахслар учун уларнинг хоҳишига кўра янги жойда уйлар, иморатлар барпо этилади ҳамда уларга мулк қилиб берилади. Бунда бузилаётган уйлар (квартиралар), иморатларнинг қиймати пул билан қопланмайди.

Мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уй, ишлаб чиқариш иморатлари, бошқа иморатлар, иншоотлар, дов-дарахтлар жойлашган ер участкаси олиб қўйилган ҳолда унга аввалгисига тенг қийматли мол-мулк берилади ва ер участкаси давлат ёки жамоат эҳтиёжлари учун олиб қўйилиши оқибатида етказилган зарар тўлалигича қопланади.

Ўйлаймизки, мазкур вазиятда Вазирлар Маҳкамасининг 97-сонли қарори бандлари охиригача тўғри амалга оширилади ва инсонлар шаҳар ҳокимлигидан рози бўлади.

Мавзуга оид