Нима учун Лотин Америкаси дунёдаги энг хавфли жой бўлиб қолмоқда
Шу кунларда Мексика ҳукумати порт шаҳар ва туристик марказ бўлган Акапулькода кескин чораларга ўтди. У ерда жиноят олами билан алоқадорликда гумонланган бутун маҳаллий полиция қуролсизлантирилди. Бир нечта офицер ҳибсга олинди. Ходимлар текширувдан ўтади. Уларнинг вазифасини эса ҳозирча штат полицияси ва ҳарбийлар бажариб турадиган бўлди.
Бундай ҳолат биринчи бор юз бериши эмас. Кейинги бир неча йил ичида Герреро штатида бундай ҳолат бир неча шаҳарларда содир бўлди. Штат пойтахти Чильпасингода ўсмирларни ўғирлаш ва ўлдиришда гумон қилиниб барча полициячилар ишдан бўшатилди. Яна бир шаҳарда сохта полициячилар аниқланди – улар бўлимларда ишлаган, полиция либосида юришган, қуролли бўлган, аммо полицияда расман қайд этилмаган.
Полициянинг жиноят олами билан алоқадорлиги нафақат Мексикада, балки минтақанинг бошқа мамлакатларида ҳам кенг тарқалган муаммодир. Маошнинг пастлиги ва криминал гуруҳларнинг таъсири (агарда пора иш бермаса, таҳдидларга ўтилади) коррупция учун шароит яратади.
Бир неча йил аввал Герреро штатида 40дан ортиқ талаба йўқолиб қолди – суриштирувлардан маълум бўлишича, улар полиция томонидан ўғирланиб, жиноий тўдалардан бирига топширилган ва ўлдирилган. Яна бир тахминга кўра, уларни адашиб рақобатчи гуруҳ аъзолари деб ўйлашган. Бошқа тахминга кўра эса, улар талабалар намойишининг олдини олиш учун маҳаллий мэр буйруғи билан ўлдирилган.
Акапулько қотилликлар энг юқори даражадаги шаҳар ҳисобланади (ўтган йили 100 минг кишига 107 қотиллик тўғри келган), матбуот шаҳарни «Мексиканинг қотилликлар бўйича пойтахти» деб атаган. Бу ерда жиноий гуруҳлар наркотрафикни назорат қилиш учун кураш олиб боришади. Гуруҳлар ҳаттоки руҳонийлардан ҳам йиғим ундиришади.
Вазият
Лотин Америкасида дунё аҳолисининг 8%га яқини истиқомат қилади. БМТ маълумотларига кўра, жаҳонда содир этиладиган қотилликларнинг қарийб учдан бир қисми ушбу минтақага тўғри келади. Биргина Бразилияда 2016 йилда 60 мингдан ортиқ ана шундай жиноятлар қайд этилган (Хитойда 8,5 мингга яқин, бутун Европа Иттифоқида эса 5 мингга яқин). Қотиллик даражаси кейинги ўн йилликларда ўсган. 2000 йилдан 2017 йилгача минтақада 2,5 млнга яқин киши ўлдирилган – бу шу давр ичида Афғонистон, Сурия ва Ироқдаги ҳарбий тўқнашувларда ҳалок бўлганлар сонидан кўп.
Бунинг сабаблари маълум - халқаро наркотрафик, картеллар уруши, полиция ва судларнинг самарасизлиги, қуролга эришишнинг осонлиги. Бошқа сабаблар сифатида бандлик билан мувофиқ келмайдиган тезкор урбанизация ва юқори даражадаги иқтисодий тенгсизликни келтириб ўтиш мумкин.
Илгари Мексикада ҳукумат жиноий гуруҳлар билан келишув эвазига тартибни сақлаб турарди – ҳукумат АҚШга йўналган наркотрафикка халақит бермас, бунинг эвазига пора, зўравонлик қилмаслик ҳақидаги ваъда ва даромаднинг бир қисмини маҳаллий объектларга инвестиция қилинишига эга бўларди, дейди жиноятчилик бўйича тадқиқотчи Эдуардо Герреро. Аммо демократлаштириш ва эркин сайловлар бу тизимни бузди.
«Ҳукумат самарали ишловчи полиция тузиш ҳақида қайғурмади. Шунинг учун келишувлар ишламай қўйгач, улар нима қилишни билмай қолишди», дейди у.
Салбий таъсири
Америка тараққиёт банкининг ҳисоб-китобларига кўра, жиноятчилик билан боғлиқ сарф-харажатлар минтақа ЯИМнинг 3%га яқинини ташкил этади. Жаҳон банки экспертларининг фикрига кўра, агар Лотин Америкасида жиноятчилик даражаси жаҳон кўрсаткичлари билан тенг бўлганида эди, жон бошига даромад 25%га ошган бўларди. Жиноятчилик инвестиция ва туризмга тўсиқ бўлмоқда, меҳнат самарадорлигини пасайтирмоқда, хавфсизлик харажатлари ошишига сабаб бўлмоқда. Лотин Америкаси юк ташиш учун энг хавфли минтақалардан ҳисобланади – Бразилияда йирик жиноий гуруҳлар юк машиналари тунайди, Мексикада поездларга уюштириладиган ҳужумларда юзлаб одамлар иштирок этади.
Акапулькода бир неча йил ичида 2 мингга яқин компания ёпилди – бунга жиноятчилик сабаб бўлган. Маҳаллий тадбиркор Лаура Кабальо рэкет сабабли ўнга яқин дўконини ёпишга мажбур бўлганини айтган (жиноятчилар ундан ойига 800 доллардан пул талаб қилишган). Пул тўлашни рад этган танишлари ўлдирилган.
Лекин гап фақат бундагина эмас. Юқори даражадаги жиноятчилик давлат асосларини қўпориб ташламоқда. Бир неча йил аввал ўтказилган ижтимоий тадқиқотлар жиноятчилик одамларнинг давлатга бўлган ишончига салбий таъсир қилаётганини кўрсатди. Бу шунингдек, полиция ва судга ишончнинг йўқолишига олиб келмоқда – Бразилия ва Мексикада ўтказилган сўровларда қатнашганларнинг ярмидан кўпи полицияга мурожаат қилишни «вақтни беҳуда сарфлаш» деб ҳисоблашини билдирган.
Бунинг натижасида одамлар бошқаларга, жумладан жиноий гуруҳларга мурожаат қилишмоқда. Ва уларнинг таъсири кучаймоқда. 2000-йиллар бошларидаги маълумотларга кўра, Колумбияда хусусий қўриқлаш тизимларидаги ходимлар сони миллий армия сонидан, Гватемалада эса полициячилар сонидан ошиб кетган. Полицияга умид қилиш ўрнига оломоннинг ўзи суд қилиш ҳолатлари кўпайган. Бразилиядаги шаҳарлардан бирида суриштирувнинг ўртача муддати бир ярим йилни ташкил этган, ишларнинг тўртдан бир қисми муддати тугаганлиги туфайли ёпилган, гумондорларнинг 7%и эса судгача қурбоннинг қариндошлари томонидан ўлдирилган. Жиноий гуруҳлар «ижтимоий барқарорлик» манбаи деб ҳисобланган. Даромадининг бир қисмини хайрия учун сарфлашга тайёр бўлган уларнинг раҳбарлари эса ҳурматга сазовор бўлган.
Чоралар
Жиноятчиликка қарши курашда қатъий чораларни кўпчилик қўллаб-қувватлайди. Аммо амалиётда бу доим ҳам самарали бўлмаслиги маълум бўлди. Бунга Акапулько мисол бўлади. Илгари у ака-ука Лейвалар бошчилигидаги картел таъсирида бўлиб, шаҳар АҚШга гиёҳванд моддалар ўтказилувчи пункт вазифасини бажарган. Аммо бу ерда хотиржамлик ҳукм сурган.
«Ака-ука Лейвалар гиёҳванд модда сотишарди, аммо бизга тегишмасди», – дейди шу ерлик кишилардан бири.
2000-йиллар ўрталарида Мексика ҳукумати АҚШ қўллаб-қувватлови остида картелларга қарши уруш эълон қилди. Уларнинг хўжайинларини овлаш бошланди. 2009 йилда картел бошлиқларидан бири Артуро Бельтран Лейва бир ярим соатлик жангдан сўнг ўлдирилди. Унинг ўлими картелнинг тарқалиб кетишига сабаб бўлди, аммо бунинг оқибатида шаҳар бир-бири билан рақобатлашадиган ўнлаб гуруҳлар маконига айланди. Улар ўғирлик ва товламачиликни ҳам авж олдиришди.
Жиноятчиликка қарши курашиш учун ижтимоий дастурлардан тортиб ярим расмий келишувларгача турли чоралар қўлланилди. Икки йил илгари бразилиялик криминолог Игнасио Кано 90дан ортиқ ана шундай дастурлар бўлганини санаб чиқди. Уларнинг айримлари маҳаллий миқёсда самара берган. Улар орасида Сан Паулудаги департаментлардан бирида алкоголь сотишни чеклаш бор. Таҳлиллардан маълум бўлишича, у ердаги аксарият қотилликлар жиноий тўдалар иши бўлмаган – қотилликлар барлар олдида ва ичкиликдан кейинги жанжаллар оқибатида содир бўлган. Барча барларнинг тунги вақтда ишлаши тақиқланган. Икки йил ичида қотилликлар 100 минг кишига 102тадан 34тага тушган.
Тадқиқот муаллифининг ёзишича, аксарият дастурлар натижалари баҳоланмаган. Айримлари ҳақида ҳалигача баҳслашиб келинади. Улар орасида 2010 йил бошларида Сальвадор ҳукуматининг жиноят олами бошлиқлари билан келишуви ҳам бор. Ўшанда қамоқда ўтирган жиноят олами раҳбарларига қулай шароитлар яратиб бериш таклиф қилинган. Бунинг эвазига уларнинг гуруҳлари аъзолари зўравонликни камайтириши лозим эди. Бу қотилликларнинг камайишига олиб келди. Бироқ бу узоққа чўзилмади, қотилликлар яна ошиб борди ва ҳаттоки олдинги кўрсаткични ҳам ортда қолдирди.
Чораларнинг самарали бўлиши иқтисодий вазиятнинг яхшиланишига ҳам боғлиқ. Айримлар ўтган асрнинг ўрталарида қотиллик даражаси юқори бўлган Сингапурни мисол қилиб келтиради. Ҳозирда бу давлатда жиноятчилик даражаси паст. Сингапурда жиноятчиликка қарши кураш иқтисодий ўсиш ва ишсизликка барҳам бериш билан бирга олиб борилган.
Мавзуга оид
22:40 / 18.04.2024
Аргентина НАТО глобал ҳамкори бўлиш истагини билдирди
09:46 / 20.07.2023
Ўзбекистон туризм салоҳияти Испания ва Лотин Америкаси давлатларида тарғиб қилинади
09:08 / 07.06.2021
АҚШ вице-президентининг Лотин Америкасига учган самолёти носозлик сабаб ортга қайтди
09:03 / 25.01.2021