Ўзбекистон | 18:18 / 07.10.2018
18296
4 дақиқада ўқилади

Марказий Осиё: ОАВда экология ва сув мавзусига тобора кўпроқ эътибор қаратилмоқда

Марказий Осиё мамлакатлари ва Афғонистонда сув мавзуси ва у билан боғлиқ муаммоларга тобора кўпроқ эътибор қаратилмоқда. KUN.UZ мухбири атроф-муҳит муҳофазаси ва барқарор ривожланишга доир Марказий Осиё Етакчилик дастури (МОЕД) доирасида тақдим этилган маълумотларга асосланиб, шу ҳақида хабар берди. 

МОЕДда Ўзбекистоннинг Сув масалалари бўйича хабардорликни ошириш Миллий лойиҳаси (UzWaterAware)га UzWaterAware менежери ва Марказий Осиё минтақавий экологик маркази (МОМЭМ) сув ташаббуслари дастури мутахассиси Жусипбек Казбеков бошчилик қилди.

Фойдали тавсиялар форматида ўтган UzWaterAware лойиҳаси тақдимотини лойиҳа PR-эксперти Резида Эрдман олиб борди ва у Етакчилик дастури иштирокчиларини жуда қизиқтириб қолди. Тақдимот лойиҳанинг рамзий қаҳрамонлари - Ҳасан (сувни эъзозловчи) ва Ҳусан (сув қадрига етиш ҳақида етарлича билимга эга бўлмаган)нинг иллюстрациялари орқали етказилди. 

Эрдманнинг таъкидлашича, биз кучли ахборот шовқини, янгиликлар оқими даврида яшаймиз ва шу боис экологлар юзлаб бошқа ҳодисалар орасида ажралиб туриш ҳамда ўз лойиҳаларига эътибор жалб қилиш учун аудитория билан боғланишнинг зарур нуқталарини топишлари муҳим. 

"Бизнинг мақсадимиз - оммавий ахборот воситалари орқали одамларнинг сув муаммоларидан хабардорлигини ошириш. Масалан, сув билан боғлиқ муаммолар кузатилмайдиган шаҳарларда ҳамма ҳам унинг қадрига етавермайди. Шу боис биз сувдан оқилона фойдаланишга эътибор қаратишга ҳаракат қиламиз. Қишлоқ жойларда эса айнан сувни тўғри тақсимлашга диққатни қаратиш муҳим, зеро бу ҳудудларда сув билан боғлиқ муаммолар мавжуд ва одамлар буни яхши билишади", - дейди Резида Эрдман.

У ўз тақдимотида экологик муаммоларни ҳал қилишда ОАВнинг ролига урғу берди. Жумладан, Эрдман KUN.UZ жамоасининг сув муаммолари, хусусан Андижондаги ичимлик суви исроф қилинаётгани билан боғлиқ муаммо кўтарилган мақоласини мисол сифатида келтирди. 

Журналистлар муаммони олиб чиққанидан кейин у тегишли ташкилотлар томонидан назоратга олиниб, дарҳол бартараф этилганига диққатни қаратди. 

Бундай ноанъанавий ёндашувдан кейин иштирокчилар Резида Эрдмандан ўз мамлакатларида мавжуд муаммоларни бартараф этиш билан боғлиқ муаммолар  бўйича маслаҳат сўраб мурожаат қилишди.

UzWaterAware лойиҳаси PR-эксперти ўз сўзи охирида экологик ташкилотлар раҳбарияти томонидан қўллаб-қувватлаш бўлсагина, ҳар қандай лойиҳани ёритишга имкон бўлишини таъкидлади. Шу ўринда у МОМЭМ ва Евроиттифоққа жамоа ғоясини қўллаганлик ҳамда сувни эъзозлаш мавзусини ОАВ ва аҳоли орасида тарғиб қилишда ёрдам бераётгани учун миннатдорчилик билдирди. 

Таъкидлаш жоизки, UzWaterAware лойиҳаси муаллифлари Олмаотадаги тақдимотдан кейин KUN.UZ таҳририятига ташриф буюриб, "Дунёни яхши томонга ўзгартираётганингиз учун ташаккур", дея миннатдорчилик билдириб, жамоа аъзоларига UzWaterAware эксклюзив футболкалари ва эко-халталарини совға қилишди.

Маълумот учун: UzWaterAware - Марказий Осиё минтақавий экологик маркази Ўзбекистон филиалининг миллий лойиҳаси, у Европа Иттифоқи молиявий қўллаб-қувватлаши остида амалга оширилади. Лойиҳанинг миллий ҳамкори - Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги.

 

Мавзуга оид