Ўзбекистон | 01:24 / 09.10.2018
43430
4 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон фуқаролари Жамбулдаги фермалардан бирида қуллик исканжасига тушганини айтиб беришди

Қозоғистоннинг Жамбул областида маҳаллий фермерлардан бири томонидан қул қилиб ишлатилаётганидан шикоят қилган ўзбекистонлик оиланинг ўзи қонундан ташқарида дея эътироф этилди, деб ёзмоқда ktk.kz.

Эр-хотиннинг сўзларига кўра, улар ярим йил мобайнида текинга, фермада  калтакланиб ишлатилган. Бундай зулмга чидай олмасдан, эр ва хотин бу кўргуликни сут сотувчига сўзлаб беришган. У эса журналистлар ҳузурига йўл олган.

Туймекент қишлоғидаги оддий сут сотувчи эътибор қилмаганида бу воқеадан барча бехабар қоларди. У маҳаллий фермер аёлнинг қўлида ўзбекистонлик эр-хотин қулдек ишлаётилаётганини жар солади. Эр-хотин Шариповлар ҳам буни тасдиқлайди: улар ярим йилдан буён молларни текин боқиб, соғиб келишган. Улар бир неча бор қочишга уринишган, бироқ барчаси самарасиз якунланган.

Расулжон Шарипов:

— Хотиним иккимизни калтаклашди. 25 август куни калтак билан уришди. Барчасига бизнинг қочиб кетганимиз туфайли гўёки моллардан айримлари йўқолгани сабаб қилиб кўрсатилди.

Шариповлар бу ерда аввал ҳам ишлашган. Бироқ ҳаммаси қонуний бўлган. Бу йил эса ферма эгалари ваҳшийлашиб кетган. Уларнинг ҳужжатларини олиб қўйишган, маош ўрнига — калтаклаш, уйларига — фарзандларига қўнғироқ қилишга ҳам қўйишмаган.

Расулжон Шарипов:

— Менинг вояга етмаган икки фарзандим бор, каттаси 15 ёшда. Қария онам ҳам бор. Уларнинг аҳволи нима кечаётганини билмайман. Мен ҳаттоки нима қилишимни ҳам билмайман. Ҳеч ким бизга ёрдам берай демайди.

Ўзларининг қуллар каби аҳволидан гапиришга Шариповлар оиласи дарҳол жазм қилишмаган. Айтишларича, ҳаммаси яхши томонга ўзгаришидан умид қилишган. Лекин аҳвол шу даражага бориб етганки, эр-хотин қочиб кетолмаслиги учун аёлни уйдан чиқармай қўйишган. Бундай ҳаётдан чарчаган эрксизлар маҳаллий сут сотувчига арз қилишган, у эса буларнинг дардини журналистларга етказишган. Алал-оқибатда фермани полициячилар босди:

— Бу ёққа келинг, исмингиз нима?

— Паспортни қаердан топиб бераман сизга? Уйда ҳеч ким йўқ деб тушунтирдим-ку? Уларнинг барчаси тўйга кетишган, ҳеч ким йўқ.

Алал-оқибатда Ўзбекистон фуқароларининг ҳужжатини шу жойда ахтаришга ҳеч ким жазм этмади. Полициячилар эр-хотинни бўлинмага олиб кетишди. Кейинчалик эр-хотин ўз шикоятларидан тонгани маълум қилинди: гўёки уларни ҳеч ким тутқунликда сақламаган ва маошларини ҳам ўз вақтида тўлаб боришган. Экспертиза калтакланиш асоратларини ҳам топа олмаган.

Жамбул области ички ишлар департаментининг матбуот котиби Гулсара Мухтарқулова шундай дейди:

— Ўтказилган суд-тиббий экспертиза уларда ҳеч қандай тана жароҳатлари изини топа олмади. Бундан ташқари, уларнинг ёнида ҳеч қандай ҳужжат йўқлиги аниқланди ва улар бизнинг мамлакатимизда ишлаш ҳуқуқига эга эмас экан. Ўзини қуллар деб атаган оилавий жуфтлик шунчаки ноқонуний ишлаётган фуқаролар бўлиб чиқди. Эр-хотин миграция назоратини бузганлиги учун 30 сутка қамоққа олинди. Шундан сўнг улар мамлакатдан чиқариб юборилади. Ферманинг хўжайини ҳам жавоб беради. Фақат хорижий ишчиларни қонунга хилоф равишда ишга жалб қилгани учун. Жарима миқдорини суд белгилайди.

Мавзуга оид