Спорт | 10:50 / 11.10.2018
5568
3 дақиқада ўқилади

Ўртоқлик учрашувлари. Италия деярли 100 йил олдинги салбий натижасини такрорламоқда

Италия ва Украина терма жамоалари Миллатлар лигасининг навбатдаги ўйинларига тайёргарлик доирасида ўзаро ўртоқлик учрашуви ўтказди. Генуяда ўтган баҳсда кучлар тенг келди – 1:1.

Учрашувнинг 55-дақиқасида Алессандро Флоренцининг тўп узатишидан сўнг мезбонлар ҳужумчиси Федерико Бернардески ҳисобни очган бўлса, орадан 7 дақиқа ўтиб Украина мувозанатни тиклади: ҳимоячи Никита Бурдадан пас қабул қилиб олган хавбек Руслан Малиновски жавоб голи муаллифига айланди.

Бу натижадан кейин италияликлар ўз майдонидаги ғалабасиз ўйинлари сериясини бештага етказиб қўйди.

Украина билан ўйинга қадар «скуадра адзурра» Италияда Миллатлар лигасининг Польшага қарши кечган ўйини (7 сентябрь) ва Нидерландия билан ўртоқлик баҳсида (4 июнь) ҳам 1:1 ҳисобларини қайд этганди. Италияликлар ундан олдин ЖЧ-2018 саралаши доирасида Швеция билан 0:0 ҳисобида дуранг ўйнаган (13 ноябрь, 2017 йил) ва Македония билан дурангга имзо чекканди - 1:1 (6 октябрь, 2017 йил).

Жаҳоннинг 4 карра чемпиони ҳисобланувчи итальянлар охирги марта 93 йил олдин, 1923-1925 йиллар мобайнида ўз майдонларида кетма-кет бешта ўйинда ғалаба қозона олмаган эди.

28 май куни Саудия Арабистонига қарши кечган ўйинда Италия рамзий мезбон сифатида тўп сурган, лекин ўйин Швейцариянинг Санкт-Галлен шаҳрида бўлиб ўтган эди (2:1).

Эслатиб ўтамиз, Италия ЖЧ-2018да иштирок этмади, бу италияликлар кейинги 60 йил ичида илк марта мундиал финал босқичини ўтказиб юбориши бўлди.

Ўртоқлик учрашуви
Италия – Украина 1:1
 (0:0, 1:1)
Голлар: 1:0 – 55 Бернардески, 1:1 – 62 Малиновский.
Италия – Доннарумма, Бираги (Кришито, 88), Кьеллини, Бонуччи, Флоренци (Пиччини, 84), Бернардески (Иммобиле, 57), Верратти (Бонавентура, 70), Кьеза, Жоржиньо, Инсинье (Берарди, 78), Барелла (Пеллегрини, 78).
Украина – Пятов, Бурда, Матвиенко, Ракицкий (Кривцов, 88), Караваев, Коноплянка (Петряк, 73), Марлос (Цыганков, 46), Сидорчук (Степаненко, 56), Зинченко, Малиновский, Яремчук (Кравец, 76; Бутко, 90).
Огоҳлантиришлар: Ракицкий (36), Бурда (47), Верратти (51), Кьеза (90).

Миллатлар лигасининг 4-турида Италия 14 октябрь куни Польша меҳмони бўлади. Украина эса 16 октябрда Чехияни қабул қилади.

10 октябрь куни, шунингдек, яна иккита ўртоқлик ўйини бўлиб ўтди. Дастлаб Индонезия Мьянмани 3:0 ҳисобда мағлуб этган бўлса, сўнг Албания ва Иордания терма жамоалари голсиз дуранг қайд этди.

11 октябрь куни жаҳон бўйлаб терма жамоалар иштирокида қуйидаги учрашулвар бўлиб ўтади (Тошкент вақти билан кўрсатилмоқда).

Ўртоқлик учрашувлари
17:00. Ҳонгконг – Таиланд
21:00. Кувайт – Ливан
21:00. БАА – Ҳондурас
21:15. Баҳрайн – Сурия
22:30. Туркия – Босния ва Герцеговина
22:45. Аргентина – Ироқ
23:45. Уэльс – Испания
23:59. Франция – Исландия
04:30 (Тошкентда 12 октябрь). АҚШ – Колумбия
06:30 (Тошкентда 12 октябрь). Мексика – Коста-Рика

Миллатлар лигаси
23:45. Фарер ороллари – Озарбайжон
23:45. Косово – Мальта
23:45. Литва – Руминия
23:45. Қоратоғ – Сербия
23:45. Исроил – Шотландия
23:45. Польша – Португалия
00:45. Россия – Швеция

Мавзуга оид