Ғарб мамлакатлари Саудия Арабистони билан ҳамкорлик тамойилларини қайта кўриб чиқиши мумкин
Саудиялик журналист Жамол Қошиқчи ғойиб бўлганидан кейин Virgin Group халқаро инвестицион компанияси 1 миллиард долларлик сармоявий лойиҳани амалга ошириш муддатини кечиктириши ҳақида эълон қилди. "Анадолу" агентлиги шу ҳақида хабар берди.
Агар Қошиқчининг ғойиб бўлиши билан боғлиқ хабар тасдиқланса, Ғарб мамлакатлари Саудия Арабистони билан ҳамкорлик тамойилларини буткул қайта кўриб чиқади, деди Virgin Group асосчиси, британиялик ишбилармон Ричард Брэнсон.
Virgin Group асосчисининг таъкидлашича, компания Ар-Риёдга машҳур журналистнинг йўқолиши билан боғлиқ маълумотни тақдим этишни сўраб мурожаат қилган ва Саудия Арабистони билан йирик инвестицион лойиҳани амалга ошириш муддатини кечиктирди.
2017 йилда Саудия Арабистони Virgin Galactic ва Virgin Orbit'га 1 миллиард доллар сармоя киритиш режаси ҳақида эълон қилган эди.
Шунингдек, штаб-квартираси Сан-Францискода жойлашган Uber халқаро хусусий компанияси 23-25 октябрда Ар-Риёдда ўтадиган конференцияда иштирок этишдан бош тортиши ҳақида маълум қилди.
Uber компаниясининг ижрочи директори Дара Ҳусравшоҳи Қошиқчининг ғойиб бўлиши билан боғлиқ воқеалардан хавотирда эканини айтиб, Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон раҳбарлигидаги Future Investment Initiative (FII) анжуманида иштирок этишдан воз кечишга қарор қилди.
New York Times, Huffington Post ва Los Angeles Times ҳам FII конференцияси ахборот ҳамкорлигидан воз кечиш қарорлари ҳақида маълум қилишди.
Таъкидлаш жоизки, "Ал-Ватан" газетаси ходими, Washington Post учун мақола ёзувчи саудиялик ислоҳотчилардан бири Жамол Қошиқчи ўтган ҳафта ғойиб бўлган. Туркия полицияси маълумотларига кўра, журналист маҳаллий вақт билан соат 13:12 да Саудия Арабистонининг Истанбулдаги бош консуллиги биносига кирган, аммо дипмиссиядан қайтиб чиқмаган. Бундан ташқари, худди шу вақтда Истанбулдаги дипмиссияда Саудия Арабистонининг яна 15 нафар фуқароси ҳам бўлган, кейин икки самолётда ватанлари томон йўл олишган.
Мавзуга оид
08:10 / 12.11.2024
Ўзбекистонга Саудия компанияларининг қарийб 2,5 млрд долларлик инвестициялари жалб этилади
19:01 / 11.11.2024
Ўзбекистон ва Саудия бош прокурорлари тергов ва ахборот алмашинувида ҳамкорлик бўйича келишув имзолади
09:25 / 11.11.2024
Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистонига жўнаб кетди
18:01 / 10.11.2024