Спорт | 15:52 / 15.10.2018
11597
11 дақиқада ўқилади

Эрик Кантона: «Бу менинг ҳикоям»

«Манчестер Юнайтед» ярим ҳимоячиси Хуан Мата томонидан ташкил этилган лойиҳа Common Goal (Умумий мақсад) лойиҳаси 2017 йилда ишга туширилган. Испаниялик футболчи маошнинг бир фоизини хайрия ишлари учун ажратиш, аниқроғи, ночор ҳудудларда футболни ривожлантиришга ҳисса қўшиш ғоясини бошлаб берди ва ҳамкасбларини ҳам шу ишга чорлади. Ҳозиргача бир қатор машҳур футболчи ва мураббийлар Матанинг чақирувига жавоб бериб келмоқда.

Улардан бири 90-йилларнинг энг машҳур юлдузларидан бири, Франция терма жамоаси ва «Манчестер Юнайтед» етакчиси Эрик Кантона бўлиб, у ThePlayersTribuna порталига ушбу ҳаракатга қўшилишига, умуман футболчи сифатида шаклланишига асосий туртки бўлган жиҳатлар ҳақида гапириб берди. Эътиборингизга Эрик Кантонанинг ўзига хос ҳикоясини ҳавола этамиз.

Футбол ҳаётингизга мазмун ато этади. Мен бунга ишонаман. Аммо шу билан биргаликда, сизнинг ҳаётингиз, яшаб ўтган умрингиз, борлиғингиз футболга ҳам мазмун беради.

Мен одатда тилга олинмайдиган баъзи нарсалар ҳақида гапирмоқчиман. Мен қандай қилиб Эрик Кантона бўлганим ҳақидаги ҳикояни айтиб бераман. Бу ҳикоя ҳали мен туғилмасимдан олдин ёзилишни бошлаган.

Биз 1939 йилда, Испаниядаги фуқаролар уруши пайтида қайтишимиз лозим эди. Она томондан бобомнинг келиб чиқиши Барселонага тақалади. У урушнинг охиригача диктатор Франкога қарши курашган, уруш тугагач, қидирувда бўлган. Миллатчилар шаҳарни қўлга олишганда, унда қочиб қолиш учун сониялар бўлган холос. Бобом Пиреней тоғларини пиёда босиб ўтиб, Францияга ўтиб кетиши керак эди. Ҳатто яқинлари билан хайрлашишга ҳам вақт йўқ, ҳаммаси тамом – ё ўлим ё ҳаёт.

Кетиш олдидан у севгилисидан сўрайди: «Мен билан кетишга тайёрмисан?»

Унинг ёши 28да эди. Қиз 18 ёшда. Қиз бундай қарорга келиши учун оиласини ташлаб кетиши керак эди.

«Ҳа, албатта, тайёрман», – деди қиз. У менинг бувим эди.

Улар Аржелес-сюр-Мердаги қочоқлар лагерига бордилар. У ерда юз мингдан ортиқ испаниялик қочоқлар бўлиб, тасаввур қила оласизми, агар Франция уларни қабул қилмаганда нима бўларди? Йўқ. Французлар ҳамдард бўлдилар, менимча, бутун инсоният, агар кимдирга ҳамдард бўлиши керак бўлса, шу ишни қилиши керак.

Бобом ва бувим ҳеч нимасиз келдилар ва олдинда янги ҳаёт кутиб турарди. Бироз вақт ўтиб, қочоқлар учун ишлаш имконияти туғилди. Сент-Этьенда қурилиш ишлари бошланди. Сен қочоқмисан, бошқа иложинг йўқ, қаерда керак бўлсанг, ўша ерга боришинг керак. Шу тариқа минглаб кишилар ўзлари учун янги ҳаёт қурдилар. 

Кейин онам туғилди ва бирмунча вақт ўтгач, оила Марселга кўчиб борди. Бу менинг ҳам тарихим – айнан шу воқеалар менинг инсон бўлиб шаклланишимда пойдевор бўлган. Бу бир туш каби, хаёлот каби, менинг тафаккуримга ин қуриб олган, бўлмаса, ўша даврлардан на бир сурат, на бир эсдалик қолганди. Қўлда ушласа бўладиган ҳеч нарса йўқ, фақат ҳикоялар.

Лекин 2007 йилда Мексикадаги уйлардан бирида машҳур фотограф Роберт Капанинг мероси топилганида, 60 йил олдин бўлиб ўтган Испаниядаги урушлар акс эттирилган 4500та сурат ҳам чиққан. Бу қандай қилиб Мексикага бориб қолгани ҳақида ҳеч ким билмайди.

Мен учун жуда қизиқ туюлди. Шунинг учун рафиқам билан Нью-Йоркда ташкил этилган кўргазмага бордим. Аксарият фотолар жуда кичкина эди. Фақат лупа орқали кўриш мумкин эди. Аммо ўртага қўйилган бир нечта сурат жуда катта эди – деярли уч метр баландликда. Суратдаги одамлар худди тирик одамлар каби катталикда, гўёки тирик, олдингда тургандек, қўлинг билан тегиб кўриш ҳам мумкин. Ана ўша суратлардан бирида мен бобомни кўрдим.

Мумкинми шунақаси?

У жуда ёш эди. Мен бу йигит бобом эканига амин эдим. Лекин бобомнинг ёшлигини кўрмаганим учун бироз шубҳа бўлган, албатта. Шунинг учун кўргазма Францияга ҳам келганида онамни олиб бордим. Мана, яна ўша йигит қаршисида турибмиз.

«Ростданам бу ўшами?»

«Ҳа, у. Тоғлардан қочган пайтларидан сал олдинги расм бўлса керак»

Энди тасаввур қилинг, бобом ўша вазиятда қатъият кўрсатмаганда ёки бувим унинг ортидан кетмаганда нима бўларди? Балки, ҳеч қачон онам туғилмасди, балки ҳеч қачон мен ҳам бўлмасдим. Бу ҳали ҳикоянинг ярми. Яна бир сурат борки, менинг ҳаётимга жуда катта таъсир ўтказган.

Ота томонидан бувам ва бувим ҳам кўчманчи бўлишган. Улар Францияга 1911 йилларда Сардиниядан, очликдан қочиб келиб қолишган. Уч йил ўтиб, катта бобомни армияга, биринчи жаҳон урушига олиб кетишади. Унинг ўғли, менинг бобом эса, иккинчи жаҳон урушида Франция томонида туриб жанг қилган. Урушдан қайтгач, қурилиш билан шуғулланган ва етарлича пул жамлаб, Марсель атрофидан ўзига ер сотиб олади. У пайтларда отам ўсмир ёшида эди.

Ўша сотиб олинган ернинг бир чеккасида кичкина ғор бўлган экан. Бобом уй қургунча қаердадир яшаш керак-ку, оила икки йил ўша ғорда истиқомат қилади. Бу худди афсонага ўхшайди, аммо ўша даврлардаги қийинчиликларни жуда аниқ акс эттиради. 1956 йилнинг қишида, бобом, бувим ва отам адёлларга ўралган ҳолда тушишган расмлари сақланиб қолган.

Мана шу уйда мен катта бўлганман. Менга мерос қилиб қолдирилган уй. Бу менинг қоним. Хотираларимдан бири – ёш боламан, ўн қоп тупроқни уйнинг ёнидаги тепаликка ташиб қўйишим керак эди, ана шундан кейин менга футбол ўйнашга рухсат тегарди. Ҳар куни.

Отам кун бўйи уй қурар, кечқурун эса, руҳий касалликлар шифохонасида ишларди. Бунинг ҳам сабаби бор. Отамнинг амакиси, Соувер иккинчи жаҳон уруши даврида беш йил асирликда ётган ва у ҳам мана шу шифохонанинг пациентларидан бири эди. Отам Соувер билан жуда яқин бўлган ва у айнан ўша касалхонага ишга жойлашиб олганди. Отам амакиси ётган бўлимда ишлар ва туни билан унга қараб чиқарди.

Бу менинг оилам. Менинг ҳикоям. Қалбим. Мен дунёнинг турли ерларида яшаб чиқдим. Ўтган йили Сардиниядан ҳам уй сотиб олиб, аждодларим хотирасига яқинлашдим. Шу билан бирга, бутун вужудим билан Марселни ҳам яхши кўраман. Мен учун қадрли хотиралар учун у доим менинг шаҳрим бўлиб қолаверади.

Бу ҳикоялар нега мен футболни шундай ўйнашим ҳақидаги саволларга жавобдир. Ҳа, футбол ҳаётга мазмун беради, аммо ҳаётингиз ҳам сиз кўрсатаётган футболга маъно ато қилади. Одатда мен булар ҳақида, айниқса, отамнинг руҳий касал амакиси ҳақида кўп гапиравермайман. Бу жуда оғир. Аммо бир сабаб билан бу сафар жим турмаяпман.

Биз ҳамон урушлар, камбағаллик, кўчманчилик, моддий етишмовчиликлар даврида яшамоқдамиз. Кимдир бир ўйинга кириш учун 200 евро тўлаётган ёки чемпионатни 400 евро тўлаб, телевизорда кўришга имкон топаётган бир пайтда, умуман телевизор кўришга қурби етмайдиган оилалар ҳам бор. Футбол инсониятни яхшиликка чорловчи устозлардан бири бўлиш билан биргаликда, унинг бизнес модели дунёдаги миллионлаб инсонларни ҳисобга олмаётгани алам қилади. 

Ночор маҳаллалар футболга муҳтож бўлганидек, футбол ҳам уларга шу қадар муҳтождир.Шунинг учун ҳам мен Common Goal ҳаракати сафига қўшилдим ва етакчиларидан бирига айландим. Лойиҳага кўра, розилик билдириб сафимизга қўшилган футболчи ёки мураббийлар ўз даромадларидан бир фоизини хайрия ташкилотига ўтказишади ва бу пуллар ночор ҳудудларда футболни ривожлантиришга сарфланади. Бугунгача олтмишдан ортиқ футболчи гуруҳ аъзосига айланди ва хурсанд қиладиган томони, улар ичида топ-клублар футболчилари ҳам, кичик клублардан ҳам, эркаклар футболидан ҳам, аёллар футболидан ҳам бор.

Футбол инсонлар учун бўлиш керак. Бошқа илож йўқ. Бунга тўсиқ бўлмаслиги керак. Ахир ҳаммамиз мана шу ўйиндан завқ оляпмиз, бир тилда, футбол тилида бир-биримизни тушуна оляпмиз-ку, тўғрими?

Мендан доим бир нарсани сўрашади:

«Юнайтед» сафида ўйнаш қандай бўлган? Кучларинг нимада эди?

Кўпчилик қандайдир мураккаб жавобни кутишади, аммо бунинг ҳеч қандай сири йўқ. Ҳаммаси оддий. Алекс Фергюсоннинг энг кучли жиҳати, биз соатлаб ўтказилган машғулотлардан сўнг, майдонга чиқаётганимизда, у бизга буткул эркинликни тақдим этарди. Ўзимиз истаган томонга югурар, ўзимиз истаган тарзда футбол ўйнардик.

Бошқача футболни тасаввур қила олмайман. Эркинликсиз футболни тасаввур қилиш мумкинми? Шунинг учун маъзур тутсангиз, футболни бошқараётган инсонларга саволим бор – агар эркинлик бўлмаса, бу қандай футбол бўлади?

Агар эркинлик бўлмаса, ҳаётдан нима наф? Ҳаётнинг мазмуни қаерда қолади унда?

Энди менинг ўтмишим ҳақида биласиз. Мен қочоқлар ва кўчманчилар, ишчи ва солдатлар оиласи вакилиман. Менинг болалигим етишмовчиликда ўтган. Аммо умрнинг мазмуни шундан иборатки, оддий, майда ютуқлардан ҳам бахт туйишни ўрганиш лозим.

Масалан, оила билан шунчаки дам олишга чиқиш. Уч жуфт пайпоқни бирлаштириб, ип билан боғлаб, қуёш нурлари остида тўп қилиб тепиш. Кейин яшил ўтлоқда осмонга қараб ётиш. Бир пайтнинг ўзида ҳеч нарсадан ва мавжуд ҳамма нарсадан завқ олардик.

Мен футболни тарк этганимда 30 ёшда эдим. Нима қилдим биласизми? Мен бир пайтлар, 1939 йилда бувим ва бобом тарк этишга мажбур бўлган шаҳарга бордим. Барселонада яшай бошладим.

Қаҳрамон Асланов тайёрлади