Спорт | 01:44 / 22.10.2018
7189
2 дақиқада ўқилади

Бекзод Абдураҳмонов жаҳон чемпионати бронза медали соҳиби бўлди

Фото: Миллий Олимпия қўмитаси

Венгрия пойтахти Будапешт шаҳрида спорт курашлари бўйича жаҳон чемпионати старт олди, деб хабар беради Миллий олимпия қўмитаси.

Бугун эркин кураш бўйича мусобақада медаллар учун баҳслар ўтказилди. Қувонарлиси, -74 кг вазн тоифасида гиламга чиққан ҳамюртимиз Бекзод Абдураҳмонов бронза медалини қўлга киритди.

Абдураҳмонов мусобақада гуржистонлик рақибга мағлуб бўлганди. Аммо, кейинчалик унда бронза медали учун кураш олиб бориш имконияти пайдо бўлди. У аввалига Польша, кейин эса Озарбойжон вакилларини мағлубиятга учратди ва бронза медали учун жанг қилиш ҳуқуқига эга бўлди.

Медаль учун жангда туркиялик рақибини мағлубиятга учратди ва Ўзбекистон ҳисобига ушбу жаҳон чемпионатидаги дастлабки медални қўшиб қўйди.

Бекзод Абдураҳмонов икки марта Осиё ўйинлари ғолиби ҳисобланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон терма жамоаси 9 вазн тоифасидаги эркин курашчилар ҳамда 8 вазн тоифасидаги юнон-рум курашчилари билан Венгрияга йўл олишган. Ушбу нуфузли мусобақада жаҳоннинг 75 дан ортиқ мамлакатидан 600 га яқин спортчи қатнашмоқда.

Мавзуга оид