Спорт | 18:51 / 22.10.2018
14605
5 дақиқада ўқилади

Футбол чиндан бутун дунёда биринчи рақамли спорт турими?

Футбол тўғрисида гап кетганда уни улуғлаб «Биринчи рақамли спорт тури» жумласини ишлатиш урф бўлган. Лекин бу қанчалик ҳақиқатга яқин? Дунёда биринчи рақамли бўлишга даъвогар спорт тури уни томоша қилувчилар ва шуғулланувчилар сони бўйича энг катта кўрсаткичларга эга бўлиши керак эмасми? Футбол шундай натижага эришганми? Келинг, аҳолиси энг йирик давлатлар мисолида буни таҳлил қилиб кўрамиз.

Хитой (аҳолиси 1.430.075 000 киши)

Хитойда футболни яхши кўришади. Аммо уни ушбу мамлакатда биринчи рақамли спорт туриш дейиш ҳақиқатга тўғри келмайди. Дунёнинг бошқа ҳудудларида «стол тенниси», ўзлари эса «пинг-понг» деб атайдиган спорт тури маҳаллий аҳолининг жону-дили. Шунингдек, яккакураш, йога ҳам хитойликларнинг севимли эрмакларидир. Албатта, дунё бўйлаб футболга қизиқиш юқорилиги хитойлик корчалонларнинг ҳам эътиборидан четда қолмаган. Сўнгги йилларда клубларга жуда катта пул тикилиши, Европанинг номдор футболчилари трансфер қилиниши ортидан Хитойга эътиборни тортиш мақсад қилинган. Бунинг ортида ҳам табиийки бизнес ҳамда манфаатлар ётади.

Ҳиндистон (аҳолиси 1.339.180.000 киши)

Фото: The National

Бемалол айтиш мумкинки, Ҳиндистонда футбол биринчи рақамли спорт тури эмас. Бир вақтлар йирик футбол мусобақасида ҳиндистонлик футболчилар стадионга ялангоёқда чиқиб келишгани ва ҳакамнинг эътирози туфайли ўйиндан воз кечганликлари қайд этилган.

Нафақат Ҳиндистон, балки аҳолиси сони жиҳатдан етакчи ўринларда турадиган яна икки давлат – Покистон (208 млн киши) ҳамда Бангладешда (175 млн киши) ҳам ҳеч қайси спорт тури оммабопликда крикет билан тенглаша олмайди.

Крикет бўйича етакчилар бу давлатларда ҳақиқий юлдуз, миллий қаҳрамонлардир.

АҚШ (аҳолиси 328 млн киши)

Дунёнинг энг бой ва ҳамма муҳожирлар интилувчи давлатида футболни «соккер» деб аташади. Дастлаб бу ўйин футболдан анча фарқ қилган – 30 дақиқадан учта бўлим бўлган, тўп майдон четидан қўлда эмас, оёқда киритилган.

Энг муҳими, футбол ҳеч қачон АҚШда биринчи рақамли спорт тури бўла олмаган, оммабоплиги жиҳатдан кучли учликка ҳам кира олмайди ҳатто.

Америкаликлар хоккейни хуш кўришади, баскетбол ишқибозлари ҳам жуда кўп. Бир вақтлар NBA юлдузлари олган супергонорарлар футболчиларнинг ҳатто тушига ҳам кирмасди. Шунингдек, бокс жуда оммабоп, NASKAR пойгаларини орзиқиб кутишади.

Лекин буларнинг ҳеч бири оммабопликда америкача футболга тенг кела олмайди. Футбол, регби ва яна алламбало ўйинларнинг қоришмаси бўлган бу ўйиннинг қоидаларини анча-мунча одам яхши тушунмайди. Мавсуми жуда қисқа муддат давом этсада, энг қиммат трансляциялар рейтингида доим биринчиликни эгаллайди. Айниқса, финал ўйини ҳисобланган супербоул куни америкаликлар сал кам ақлдан озишади ва бу ишқибозликни эл-классиколарга қиёслаб бўлмайди.

Индонезия (аҳолиси 266,5 млн киши)

Бу давлатда ҳам футбол ўйнашади. Лекин натижалар жудаям камтар. Ҳали бирор марта Индонезия терма жамоасининг майдонга тушганини ва арзирли натижага эришганини кузатмаганмиз. Маҳаллий аҳоли орасида бадминтон жуда машҳур. Шунингдек, ёшлар пенчак силат деб номланувчи жанговар санъат билан шуғулланишни хуш кўришади ва айнан шу спорт турлари бўйича мамлакат спортчилари халқаро майдонларда совриндор бўлишган.

Япония (аҳолиси 126,5 млн киши)

© AFP 2017, Toshifumi Kitamura

Японлар футболни яхши кўришади ва ёмон ўйнашмайди ҳам. Кунчиқар давлат вакиллари бир неча марта жаҳон чемпионатига чиқишган ва ўзларида ҳам мундиал ўтказишган. Аммо миллий анъаналарга ўта қаттиқ эътибор берувчи япон халқи учун сумога тенг келадиган томоша йўқ. Анча-мунча футболчилар машҳурликда сумочиларга тенг кела олишмайди.

Бундан ташқари, Австралия, Янги Зеландия каби катта ҳудудларда регби биринчи рақамли спорт тури. Скандинавия давлатлари, Россияда хоккейни кўпроқ севишади. Лотин Америкасининг кўплаб давлатлари, хусусан Кубада ишқибозлар ҳеч бир спорт турини боксга алмаштиришмайди. Ҳатто, футбол ҳудуди бўлган Европада ҳам «Формула 1», коррида каби ўйинларнинг мухлислари жуда кўп.

Кўриниб турибдики, дунё аҳолисининг ярмидан кўпроғи яшовчи ҳудудларда футбол биринчи рақамли спорт тури эмас ёки ҳали бўлиб улгурмаган. Аммо тан олиш лозим, йилдан йилга бу ҳудудларда ҳам футболнинг нуфузи ортиб бормоқда.

Албатта, кўп миллиардли трансляциялар, рекламалар, оламшумул трансферлар ва миллионлаб сайёҳларни жалб қилувчи жаҳон чемпионатлари футболнинг оммабоплигини таъминлайди. Шунингдек, ҳар қандай модани дунёга тарқатувчи кўҳна қитъада футболни севишлари ортидан кўплаб араб давлатларида ҳам бу спорт турининг ишқибозлари кўпайган. Шундай бўлса-да, дунёда биринчи рақамли спорт тури фақат бир донагина эмас – ҳаммаси нисбий.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид