Қуръони Каримнинг брайл ёзувидаги ноёб нусхаси Ўзбекистонга келтирилди
Октябрь ойи охирида Тошкентдаги Шайх Зайниддин жоме масжидида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита билан жисмоний имконияти чекланган фуқаролар ўртасида очиқ мулоқот ташкил этилган эди. Унда бир қатор масалалар муҳокама этилиб, ҳар ойнинг биринчи якшанбаси «Мурувват куни» сифатида белгиланган эди.
Кеча, 4 ноябрь куни Тошкентдаги «Райҳон» миллий таомлар ошхонасида «Мурувват куни» доирасидаги дастлабки учрашув ташкил этилди. Унда 250 нафар кўзи ожиз ҳамда эшитиш ва гапиришда имконияти чекланган фуқаролар иштирок этди. Бу ҳақда Дин ишлари бўйича қўмита матбуот хизмати маълум қилди.
Учрашувда қўмита томонидан Қуръони Каримнинг брайл ёзувидаги, Саудия Арабистонидан махсус келтирилган ноёб нусхаси кўзи ожизларга туҳфа этилди, шунингдек, “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан ҳам қимматли совғалар тақдим этилди.
Мулоқот давомида имконияти чекланган юртдошларимиз томонидан намоз, поклик ва бошқа диний адабиётларни брайл ёзувида нашр қилиш ва аудио-дисклар чиқариш, маърифий суҳбатлар сонини янада кўпайтириш, шунингдек, диний-маърифий тадбирларни ўтказиш учун бино ажратиш, диний телекўрсатувларга сурдо таржимонларни бириктириш, жума маърузаларини сурдо таржимонлар ёрдамида онлайн тартибда бериб бориш, имконияти чекланган инсонлар учун махсус сайт ташкил қилиш бўйича қатор таклифлар билдирилди.
«Ўзбекистонда 23 минг нафар кар-сақов бўлса-да, уларга 50 нафаргина сурдотаржимон бор, – дейди меҳмонлардан бири. – Ҳеч бўлмаса, 300 нафар ана шундай таржимон керак. Бугунги кунда масжидларда ҳам сурдо таржимонларга катта эҳтиёж бор».
Тадбирда шу каби муаммолар ва уларнинг ечими йўлида қатор таклифлар билдирилди. Кейинги мурувват кунига қадар амалга ошириладиган режалар белгилаб олинди.
Навбатдаги “Мурувват куни” 2 декабрда бўлиб ўтади.
Мавзуга оид
08:50 / 08.07.2023
Қуръони Каримнинг ўзбек тилидаги таржимаси Малайзияда чоп этилади
10:05 / 19.08.2022
Намангандаги зиёратгоҳдан ўғирлаб кетилган Қуръони Карим мусҳафи топилди
17:06 / 15.08.2022
Наманганда ноёб Қуръони Карим мусҳафи ўғирлаб кетилди
20:21 / 27.05.2021