UzWaterAware: Сув масалалари бўйича болалар расм ва иншолар танлови ғолиблари тақдирланди
Тошкент шаҳридаги «Автограф» санъат галереясида Марказий Осиё Минтақавий экологик маркази (МОМЭМ)нинг болалар томонидан чизилган расмлар рақамли кўргазмаси бўлиб ўтди. Кўргазма 2 ноябрдан 4 ноябрга қадар давом этди. Кўргазманинг очилиш куни расм ва иншолар танлови ғолибларини тақдирлаш маросими ўтказилди. Тадбир Европа Иттифоқи қўллаб-қувватлаши остида, шунингдек Сув хўжалиги вазирлиги ҳамда Давлат экология қўмитаси вакиллари иштирокида ўтди.
Рақамли кўргазма UzWaterAware (“Ўзбекистонда сув масалаларидан хабардорлик”) лойиҳаси доирасида ташкил этилди. Лойиҳа Европа Иттифоқининг “Ўзбекистоннинг қишлоқ жойларида сув ресурсларини барқарор бошқариш” дастурининг бир қисмидир.
UzWaterAware лойиҳасининг асосий вазифаси – давлат идоралари, сув-экологик масалалари билан шуғулланувчи нодавлат-нотижорат ташкилотлари, ёшлар ва болалар ташкилотлари ҳамда ОАВ ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни кучайтириш. Лойиҳанинг асосий мақсади эса – мамлакат аҳолиси ўртасида сув ресурсларидан оқилона ва самарали фойдаланиш муҳимлигига оид маълумотларни тарқатиш.
UzWaterAware лойиҳасининг ўз шиори бор: “Сувни ҳурматланг!”
Лойиҳа доирасидаги расм ва иншолар танлови ўтказилишидан мақсад – мактаб ўқувчилари, уларнинг ота-оналари ва педагоглари эътиборини сувдан оқилона фойдаланиш ва экология муаммолари мавзусига қаратиш.
Болалар томонидан чизилган расмлар ва ёзилган иншолар 2018 йилнинг мартидан то сентябрга қадар қабул қилинган. Жами 300 га яқин иш келиб тушган. Танловда Андижон, Жиззах, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Сурхонадарё, Тошкент ва Хоразм вилоятлари, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Тошкент шаҳри мактаб ўқувчилари иштирок этишди.
Танлов икки асосий йўналишга ажратилган: расмлар ва иншолар. Ҳар бир йўналиш ёшга доир уч тоифага тақсимланган – 1-4 синфлар, 5-7 синфлар ва 8-9 синфлар.
Танлов якунларига кўра, 18 нафар ғолиб (яъни ҳар бир йўналиш бўйича 9 нафар ғолиб) аниқланган. Йўлланган ишлар Ўзбекистон Республикаси Сув хўжалиги вазирлиги, Давлат экология қўмитаси ва тажрибали педагог-журналистлар томонидан баҳоланди.
Барча ғолиблар ота-оналари ва педагоглари бошчилигида Тошкент шаҳрига тақдирлаш маросимида иштирок учун таклиф қилинди. 2 ноябрь куни эрталаб улар учун икки қаватли туристик автобусда пойтахт бўйлаб саёҳат ташкил этилди.
Шундан сўнг барча ғолиблар Рақамли кўргазма очилиши ва тақдирлаш маросимини ўтказиш учун «Автограф» галереясига ташриф буюришди.
Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Эдуардс Стипрайс, Экология давлат қўмитаси раиси ўринбосари Ўктам Ўтаев, қўмитанинг шаҳар бошқармаси раҳбари Нодиржон Юнусов, Сув хўжалиги вазирлиги бошқармаси раҳбари Шавкат Усмонов ва МОМЭМнинг Ўзбекистондаги филиали раҳбари Шаҳноза Умарова қутлашди.
Танловнинг 18 нафар ғолибига UzWaterAware лойиҳаси томонидан ноутбук, планшет ёки смартфонлар топширилди.
Танловнинг яна 4 нафар иштирокчисига Экология қўмитасининг шаҳар бошқармаси махсус мукофоти топширилди.
Шунингдек, танлов якунларига кўра, Урганч, Чирчиқ, Тошкент шаҳарларидаги махсус мактабларнинг 9 иштирокчисига махсус совғалар берилди.
Тадбир давомида баъзи болаларнинг шахсан ташаббус билдириб, ўз ота-онаси ва педагогларига миннатдорчилик сўзларини изҳор қилиши барчани қувонтирди.
Танловнинг қолган барча иштирокчилари, уларнинг ота-оналари ва педагоглари ҳам UzWaterAware лойиҳасидан ёрқин сувенир эко-совғалари (эко-сумкалар, футболкалар, бандана ва болалар экологик журналлари)га эга бўлишди.
Успенский номидаги Республика махсус мусиқий академик лицейининг истеъдодли тарбияланувчиларининг ижодий чиқишлари кўргазмага янада илиқлик ва кўтаринки кайфият бахш этди.
Мавзуга оид
16:01 / 05.11.2024
Зулфия номидаги давлат мукофоти талабгорларини танлаш тартиби белгиланди
19:41 / 30.10.2024
Тошкентга тўртта кириш дарвозаси қурилади
09:08 / 27.06.2024
"Ҳар бир фуқаро учун – бир дарахт" кўрик-танлови ташкил этилади
16:02 / 17.05.2024