Ўзбекистон | 11:04 / 20.11.2018
23994
3 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда автомобиль йўлларини ривожлантириш билан қайси компания шуғулланиши маълум бўлди

Фото: KUN.UZ

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида “Автомобиль йўллари қурилиши ва фойдаланиш соҳасидаги ишларни ташкил этишнинг илғор хорижий усулларини жалб этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги президент қарори лойиҳаси жойлаштирилди

Қарор лойиҳасида билдирилишича, Ўзбекистон ва Германиянинг Roland Berger GmbH компанияси республикада йўлларнинг истиқболдаги ривожланиши Концепциясини ишлаб чиқиш бўйича ҳамкорлик тўғрисида дастлабки келишувга эришган.

Бунда республика ҳудудида немис компаниялари билан автомобиль йўллари қурилиши ва фойдаланишда қўлланилувчи замонавий қурилиш материалларини ишлаб чиқариш бўйича қўшма корхоналар ташкил этиш, хорижий инжиниринг компаниялар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш, жумладан, автомобиль йўллари ва сунъий иншоотларни лойиҳалаштириш соҳасида алоқалар ўрнатиш, йўл инфратузилмаси объектларини ривожлантириш, ландшафт дизайн замонавий элементларини татбиқ этиш, автомобиль йўлларига туташ ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштиришда илғор хорижий тажрибани қўллаш, автомобиль йўллари қурилиши ва реконструкцияси, шунингдек, йўл-фойдаланиш корхоналари замонавий техникаси билан жиҳозлаш бўйича лойиҳаларни амалга ошириш учун хорижий кредит ташкилотлари молиявий ресурсларини жалб этиш назарда тутилган. 

Қарор лойиҳасида кўрсатилишича, Ўзбекистон келгуси йилнинг январь ойи охирига қадар ривожланиш концепцияси устида иш олиб бориш учун хорижий маслаҳатчиларни жалб қилиш бўйича барча ташкилий чора-тадбирларни амалга оширади.

Шунингдек, ҳужжатга кўра, соҳани кадрлар билан таъминлаш масаласи ҳал қилиниши зарур. 2019 йил 1 мартга қадар ҳукуматга Тошкент автомобиль йўлларини лойиҳалаштириш, қуриш ва фойдаланиш институтида мутахассислар малакасини ошириш ҳамда қайта тайёрлаш бўйича марказни ташкил этиш тўғрисидаги таклифлар киритилади.

Бундан ташқари, йўллар ва инфратузилма қурилишига ёндашув ҳам ўзгариши керак. Ҳужжатга кўра, 2019 йилдан бошлаб йўл хўжалиги соҳасида қурилиш-монтаж ишларини бажариш ва қабул қилиб олиш бўйича янги тартиб татбиқ этилиши мумкин. Бунда ишлар ҳажми ва сифати пудрат ишларини миқдор кўрсаткичига ўтказиш орқали белгиланади.

Мавзуга оид