Иқтисодиёт | 23:10 / 21.11.2018
69987
13 дақиқада ўқилади

Дунё доллардан воз кечиши мумкинми?

Фото: Flickr

Долларнинг инқирози ва буткул қулашига оид башоратлар вақти-вақти билан янграб туради. Қайсидир мутахассис келгуси ўн йилликда АҚШ доллари гегемон валюта сифатидаги мавқеини йўқотишини билдирса, яна бири яқин келажакда бутунлай янги ва универсал валюта долларни тахтдан ағдариши ҳақида бонг уради. Сир эмаски, Ўзбекистонда ҳам аксарият йирик шахсий олди-бердилар АҚШ долларида амалга оширилади. Шундай экан, долларнинг қадрсизланиши, ўз ўрнини йўқотишига оид маълумотлар барча учун қизиқ.

АҚШ долларининг дунё валютасига айланиши ўзига хос тарихга эга. Иккинчи Жаҳон урушида ўша пайт дунёда мавжуд бўлган 73та давлатдан дунё аҳолисининг 80 фоизи истиқомат қилган 62таси у ёки бу томонни ёқлаб иштирок этганди. Бутун жаҳонни қамраб олган бу уруш якунига кўра, иқтисодий жиҳатдан деярли зарарсиз ва ҳатто қисман иқтисодини кўтарган ҳолда чиққан энг йирик давлат АҚШ бўлганди. Олти йиллик уруш қолган йирик давлатларнинг иқтисодини танг ҳолатга келтирган, энди ҳаммаси аввалгидай давом этиши мумкин эмасди.

Шу пайтга қадар дунёнинг асосий захира воситаси сифатида олтиндан фойдаланилар, ҳар бир давлат имкон туғилиши билан шу қимматбаҳо металлни кўпайтиришга уринарди. Уруш охирлаб, Германиянинг енгилиши муқаррар бўлган 1944 йилнинг июль ойида АҚШнинг Бреттон-Вуд курортида дунёнинг етакчи молиячилари ва йирик давлатлар вакиллари конференция ўтказишди. Анжуман якунига кўра, «Бреттон-Вуд» келишувига эришилди.

Фото: AP

Унга кўра, бир Троя унцияси (31,1 грамм оғирликда) олтиннинг қатъий ва ўзгармас баҳоси 35 АҚШ доллари қилиб белгиланди. Айни шу анжуманда АҚШ ҳар доим шу қиймат эвазига бир унция олтин сотишни, яъни жаҳон захира валютасига айланаётган АҚШ доллари қийматини шу усул билан сақлаб туриш кафолатини берди. АҚШнинг бу кафолатига ишонмасликнинг иложи ҳам йўқ эди, чунки йигирманчи асрнинг ярмига келиб дунё олтин захирасининг тахминан 70 фоизи шу давлат тасарруфида эди.

Дастлаб, бир неча йил АҚШ ўз масъулиятини бажариб юрди. Аммо ҳар қандай валюта сингари АҚШ доллари ҳам инфляция, девальвация таъсиридан четда қола олмасди, олтин баҳоси эса ўзгарувчан эди. 1968 йилда олтин баҳоси икки хил курсда, ҳам олдинги келишув бўйича, ҳам бозор баҳосида белгилана бошлади. 1971 йилда президент Никсон долларнинг олтинга конвертациясига вақтинча тақиқ қўйди. 1971 йилда олтин баҳоси 38 долларга, 1973 йилда 42 долларга кўтарилиб кетди. Олтин шу баҳоларда сотилса-да, долларнинг олтинга алмаштирилиши тикланмади.

Бунга қадар долларнинг олтинга алмаштирилишига шубҳа қилган Шарль де Голль бошлиқ Франция, унинг ортидан Германия захираларидаги долларларни кемаларга ортиб АҚШга жўнатдилар ва олтинга алмаштирилишини талаб қилдилар. Бу икки давлатнинг ҳаракати АҚШ учун оғир зарба бўлди ва айнан ўша пайтда долларнинг инқирози ҳақида илк гаплар тарқалди.

1973 йилга келиб Ямайка келишувига асосан долларнинг олтинга аниқ нарх асосида конвертация қилиб берилиши бўйича келишув бекор қилинди ва олтин ҳам, доллар ҳам тўлалилигича бозор принципилари асосда муомалага қўйиб юборилди. Бу АҚШнинг кафолатига асосан долларни захира қилган давлатлар учун гўёки захираларидаги доллар қуруқ қоғозга айланиши каби эди.

Айнан мана шу пайт жуда кўпчилик энди долларнинг қулаши аниқлиги ҳақида баёнотлар берди. Чунки ҳар қанча ҳаракат қилинмасин, фойдаланиш ноқулай бўлсада, олтин каби ўз қадрини йўқотмайдиган воситани муомалага киритишнинг иложи бўлмаганди.

Аммо бу пайтга келиб бутун дунё молия тизими долларга қарам бўлиб улгурган, ҳар қандай халқаро (ва ҳатто ички) иқтисодий муносабатларда энг қулай муомала воситаси АҚШ долларига айланиб қолганди.

Йиллар ўтди, долларнинг дунё бўйлаб тарқалиши давом этди ва охир-оқибат у кириб бормаган бирор давлат, бирор тизим қолмади. Ҳар қандай алмашинув нуқталарининг асосий операция манбаи АҚШ долларининг бошқа валюталарга алмаштирилиши бўлиб қолди.

Ҳар қандай қудрат ҳам сусаяди, ҳамма нарсанинг даври ўтади. АҚШ ҳамон дунёнинг энг қудратли давлати бўлсада, бошқа давлатлар ҳам ривожланишда давом этдилар ва турли иттифоқлар туза бошладилар.

1999 йилнинг 1 январида Европанинг энг йирик давлатлари иштирокида дастлаб банкалараро муомалага мутлақо янги ва ўзига хос валюта – евро киритилди.

Фото: Finance.UA

2002 йилнинг 1 январидан бошлаб эса бу валютанинг нақд шакли ҳам одамлар қўлига етиб борди. 2013 йилга келиб дунё бўйлаб айланаётган нақд евро мақдори 950 миллиард евродан ортди ва бу жиҳатдан мазкур валюта АҚШ долларини ортда қолдирди.

28 давлатда эркин айланиш билан бирга ўша йирик давлатларнинг миллий валютаси ўрнини эгаллаши еврога бўлган қизиқишни кескин ошириб юборди.

Ўша пайтларда долларнинг аниқ инқирози ҳақидаги гаплар яна болалади.

Лекин бу сафар ҳам «ўхшамади». Евро қадрининг дастлаб долларга нисбатан ошиб бориши Европа давлатлари экспортини бўғди ва асосий ҳамкор бўлган АҚШ олдида кучсизлантириб қўйди. Кейинчалик иқтисодлар ўртасидаги тафовут, турли давлатларнинг ташқи қарзлари ҳаддан ташқари ортиб кетиши Евроиттифоқ иқтисодига бўлган ишончни сусайтирди. Аста-секин Евроиттифоқ вакиллари ўз валюталари қадрини туширишга мажбур бўлишди ва евро кўпчилик давлатлар захирасига янги восита сифатида кирган бўлсада, долларни сиқиб чиқара олмади.

АҚШ иқтисоддан ташқари сиёсатда ҳам жиловларни қўлга олишга уринар, бу табиийки Хитой, Россия, баъзан Туркия каби йирик давлатларга ёқмас, Эрон эса очиқдан-очиқ ёвлашишдан чарчамасди. Мана шу давлатлар ўз иқтисодларини доллардан халос қилиш учун ҳеч бўлмаганда ўзаро олди-бердиларда миллий валюталардан фойдаланиш зарурлигини таъкидлашарди.

Эрон ўз ҳудудида доллар конвертациясини қаттиқ назорат остига олган бўлса, Россия ва Хитой рубль ва юан алмашинувини кучайтиришга урина бошлади. Кейинчалик сиёсий зиддиятлар асосида бу сафга Туркия ҳам қўшилди.

Россия ҳукуматининг бу борадаги ҳаракатлари ўз натижаларини бера бошлади. Масалан 2016 йилда аҳолининг хорижий валютадаги банк омонатлари умумий омонатларнинг 37 фоизини ташкил қилган бўлса, 2018 йилга келиб бу кўрсаткич 26 фоизга тушди. Россиянинг АҚШ билан товар айирбошлаш ҳажми  2017 йилда 23,6 миллиард долларни ташкил қилгани ҳолда Хитой билан бу кўрсаткич 85 миллиард долларга етди ва энг қизиғи бу олди-бердиларда миллий валюталар ўрни бир неча карра ошди.

Туркиянинг доллар қарамлигидан қутилиш истаги дастлаб тескари самара берди. Маҳаллий валюта – лиранинг қадри 1 долларга  3-3,5 лирадан 7-7,5 лирагача тушиб кетди. Бутун Туркия бўйлаб АҚШ долларини оловда ёқиш бўйича флешмоблар ўтказилди.

Хўш, ўзимизда нима гап?

Ўзбекистонда жисмоний шахслар ўртасида барча йирик олди-сотдилар асосан АҚШ долларида амалга оширилади. Мамлакатимизда банкдан ташқари, чўнтаклараро айланаётган доллар кўламини ҳисоблаш, тахмин қилиш қийин. Лекин бу жуда катта маблағ эканлиги аниқ.

Албатта, хусусий мулк дахлсизлиги конституция билан ҳимояланган ва ҳар бир фуқаро ўз мулкини истаган тарзда сотиши мумкин. Аммо нима учун биз ҳам барча олди-бердиларда АҚШ долларига бу қадар боғланиб қолганмиз?

1990-йилларда юртимизда яшовчи бошқа миллат вакиллари, асосан руслар уйларини ва бошқа мулкларини сотиб, кўчиб кета бошладилар. Кўчмас мулк баҳоси жуда арзонлиги билан бирга унинг сотувидан тушган пулни бошқа давлатда ишлатиш муаммоси ҳам бор эди. Аввалига МДҲ давлатлари билан умумий валюта – рубль маълум муддат ишлаб турди. Аммо рублга мулк сотганлар ўрнига нимадир харид қилгунларича пул анча қадрсизланиб кетаверди. Шундай вазиятда универсал валюта сифатида шу пайтгача ҳам дунёда бу мақомни эгаллаб келган АҚШ доллари биз учун ҳам «кашф қилинди».

Биз учун хусусий мулкнинг иккинчи йирик шакли асосан автомобиль бўлган. Дастлаб, ўз автосаноатимиз ишга тушмаган пайтларда хориждан, асосан Россиядан енгил машиналар олиб келиб сотиларди. Бу бозорда ҳам доллар «беминнат» хизматчи ролини ўйнаб берди.

Бу жараёнлар изсиз кетмади албатта. Халқ онгида нақд пул шаклидаги бойликни асраш, жамғаришда АҚШ доллари тобора кўпроқ роль ўйнай бошлади. Ҳозирги даврдан фарқли равишда долларнинг қадри у пайтлар ҳақиқатан ҳам жуда баланд, шаҳарларда 1000-2000 АҚШ долларига яхши квартира сотиб олиш мумкин бўлса, 100 долларга эга инсон анча бадавлат ҳисобланарди.

Йиллар ўтаверди. Ўзбекистон иқтисоди ҳам қатор омиллар туфайли аввал изига тушди, кейин тиклана бошлади. Аммо иқтисоднинг кўтарилиши ҳам «хорижий валютага бўлган муҳаббатимиз»ни сусайтира олмади. Энди бунга асосий сабаб сифатида сўмнинг кучли инфляцияси юзага чиқди.

«Хорижий валюта қийматини белгилаш чоғида марказий банк...» деган қизиқарли жумлаларни эшита бошлаганимизга ҳам 20 йилдан ошди. Ўзбекистонда хорижий валютанинг – амалда АҚШ долларининг уч хил курси амал қилди. Жисмоний шахслар орасида миллиардлаб доллар қўлма-қўл бўлиб юраверса-да, деярли ҳеч ким расман – банк орқали валютани нақд шаклда сотмади ва сотиб олмади.

Бу жараёнлар ҳам оддий аҳолининг долларга қарамлигига, барча йирик олди-бердилар шу валютада амалга оширилишига замин яратди. Бундан ташқари узлуксиз давом этаётган инфляция туфайли сўмимиз орқали нақд шаклда олди-берди қилишнинг иложи ҳам қолмаган, ҳали 5000, 10 000, 50 000 сўмлик пуллар муомалага киритилмаган йилларда бунинг учун юк машиналари керак бўларди.

Долларга қарамликнинг яна бир муҳим омили нақд пул ва пластик карталардаги маблағ ўртасидаги тафовут бўлди. Нақд сўм бўлганда ҳам доллар топиш андак муаммо бўлган бир пайтда пластик картадаги маблағ долларга айлангунича анча йўқотишлар бўларди. Бу ҳам жамғаришнинг ягона варианти сифатида долларнинг қадрини ошираверди. Лекин шу билан бирга доллар ҳажми ҳам кўпайгандан-кўпайди. Автомобиллар ҳам, кўчмас-мулк нархи ҳам кескин ошди.

Ҳозирги кунда бу муаммолар асосан ечим топди. Нақд ва нақд бўлмаган пул ўртасидаги тафовут йўқолди. Яъни, пластик картадан нақд пул ечиш, нақд пул орқали конверсион картага АҚШ доллари сотиб олиш имконияти туғилди. Бу ислоҳотларнинг охирги ҳалқаси бўлган нақд шаклда хорижий валюта олиш имконияти ҳам яратилди.

«Демак Ўзбекистонда ҳам захира валютаси сифатида сўмга ўтиш мумкин эканда, долларнинг вақти ўтибдида», – дейишга ҳали эрта. Анча эрта.

Ўзбекистон ҳали ривожланаётган давлатлар қаторида бўлса, ҳатто ривожланган давлатлар учун ҳам долларга муқобил валюта ҳали мавжуд эмас.

2015 йилга келиб, доллар гегемонлигига чек қўйиш бўйича шунча уринишлардан кейин ҳам дунё ялпи ички маҳсулотининг 76 фоизи жамланган 120дан ортиқ давлатларнинг асосий захиралари АҚШ долларида экани аниқланган. Ўша йилда халқаро ўтказмаларнинг ҳар 10тасидан 9тасида у ёки бу шаклда доллар иштирок этиши, унинг кунлик умумий айланмаси 5 триллиондан ортиқлиги, марказий банклар захирасидаги қиймати 11,5 триллион доллардан ортиши ҳисоблаб чиқилган. Ҳозирги кунга келиб ҳам дунё давлатлари захираларининг 60 фоизи долларда бўлса, халқаро банк операцияларининг деярли ярми айнан шу валюта ҳиссасига тўғри келади.

Бунинг ўзига хос сабаблари бор албатта. АҚШ иқтисоди мамлакатнинг шунча қарзларига қарамасдан бир асрки барқарор ўсишни сақлаб тургани ҳолда бу давлат бирор марта дефолт эълон қилмаган. Мисол тариқасида иқтисоди ўта бақувват ва барқарор ҳисобланган Германия янги тарих давомида 8 марта дефолтни тан олишга мажбур бўлган.

Хулоса қилиш мумкинки, долларнинг қулашига оид ҳар қандай хабарлар асоссизлиги билан бирга, бундай вазият юзага келишидан бирор йирик давлат манфаатдор эмас.

Аброр Зоҳидов

Мавзуга оид