Ўзбекистон | 14:55 / 21.11.2018
13224
4 дақиқада ўқилади

Тошкент вилояти бўйлаб оилавий меҳмон уйлари ташкил этилмоқда

Фото: Тошкент вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 7 августдаги “Оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳри, Ўрта Чирчиқ ва Паркент туманларида еттита оилавий меҳмон уйи фаолияти йўлга қўйилди. 

“Вилоят Туризмни ривожлантириш департаменти томонидан жойларда мазкур ҳужжатнинг мазмун-моҳиятини кенг тарғиб этиш мақсадида тадбиркорлик субъектлари ва аҳоли ўртасида тизимли равишда тушунтириш ишлари олиб борилмоқда. Жумладан, Ангрен шаҳрида шу мавзуда ўтказилган мулоқотда вилоят ва шаҳар ҳокимлиги масъуллари, туризмни ривожлантириш департаменти ходимлари, вилоят марказий банк, солиқ бошқармалари бошлиқлари иштирок этиб, аҳолига оилавий меҳмон уйлари фаолиятининг афзалликлари юзасидан маълумот берди. Ҳудудларда ўтказилаётган бундай учрашувларда фуқаролардан ҳам кўплаб таклифлар тушмоқда”, - дейди Тошкент вилояти Туризмни ривожлантириш департаменти бўлими бошлиғи Маъруф Баракаев.

Унинг сўзларига кўра, аҳоли хонадонларида оилавий меҳмон уйини ташкил этиш ва қишлоққа келган меҳмонларга хизмат кўрсатишни йўлга қўйиш орқали зиёратгоҳ, табиатнинг сўлим гўшаларига сайрлар ташкил этилади.

“Сайёҳларнинг ҳудудда қолиш муддатини узайтириш мақсадида миллий урф-одатлар ва турли маросимлар ўтказиш, ҳунармандчилик савдосини йўлга қўйиш, миллий таомлар тайёрлаш жараёнини намойиш этиш каби хизматлар амалга оширилади. Шу билан бирга, туристик объектларда Wi-Fi зонасини ташкил этиш, мобиль алоқа сифатини ошириш юзасидан зарур чоралар ҳам кўрилади. Муҳими, мазкур саъй-ҳаракатлар туфайли маҳаллий аҳоли бандлиги таъминланиб, даромади ошади”, - дейди мутахассис. 

Келгусида оилавий меҳмон уйларининг асосий қисми Бўстонлиқ туманида рўйхатдан ўтказилиши кўзда тутилган. Сабаби ушбу туман ўз табиати билан нафақат хорижий туристлар, балки маҳаллий сайёҳларни ҳам ўзига жалб қилади. Умуман олганда, экстремал спорт турлари, экологик ва зиёрат туризмини ривожлантириш учун Тошкент вилоятининг табиий шароити ҳамда имкониятлари мутахассислар томонидан юқори баҳоланмоқда. Ҳудуднинг юқори экотуризм салоҳияти, улкан тоғ тизмалари, ноёб ҳайвонот ва наботот дунёси, қулай иқлими билан ажралиб туриши бунга ёрқин мисолдир. 

Маълумот учун: Оилавий меҳмон уйини ташкил этиш учун тегишли турар жойга эга бўлган шахс оилавий меҳмон уйларини рўйхатга олиш ва унинг ягона реестрига кириш учун ариза бериши керак. Мазкур реестр Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан юритилади. Оилавий меҳмон уйи – мазкур меҳмон уйида уй эгасининг оила аъзолари билан бирга яшаш тамойили бўйича бир вақтнинг ўзида 10 нафаргача ташриф буюрувчига яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар кўрсатувчи хусусий уй-жойдир. Оилавий меҳмон уйлари ягона реестрига киритилган тадбиркорлар буюртмаларига биноан энг кам иш ҳақининг 300 баробаригача миқдорда, беш йил муддатга, шу жумладан, 2 йиллик имтиёзли давр билан кредитлар ажратилиши мумкин. Реестр электрон шаклда юритилиб, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси расмий веб-сайтига жойлаштирилади.

Мавзуга оид