Спорт | 10:56 / 22.11.2018
25887
2 дақиқада ўқилади

Шумахернинг сўнгги интервьюси эълон қилинди

Фото: REUTERS

«Формула-1» етти карра чемпиони Михаэл Шумахернинг сайтида унинг энг сўнгги видеоинтервьюси эълон қилинди. Бу интервью 2013 йил 30 октябрда ёзиб олинган, спортчи бошидан жароҳат олишидан аввал.

Журналистлар билан суҳбатда пилот 2000 йилги чемпионатда ғалаба қозонгани, ўшанда Ferrari жамоасига 21 йил ичидаги биринчи совринни келтиргани энг катта ҳиссиётга айланганини эслаган. Шумахер «Формула-1»да икки маротаба мағлуб этган финляндиялик Мика Хаккиненни энг муносиб рақиб, деб атаган.

Спортчининг айтишича, болалигида пилотлардан эмас, балки ГФР футбол бўйича термаси дарвозабони Тони Шумахердан ҳайратда қолган. Шумахер «Формула-1» табиати ҳақида гапирар экан, шундай деган: «Менимча, ҳар қандай ҳолатдаги ва ҳар қандай ҳаётий вазиятдаги муваффақият жамоавий ишлашга боғлиқ. Ўзинг жуда кўп иш қилишинг мумкин, лекин жамоа билан анча кучлироқ бўласан. «Формула-1» - жамоавий спорт тури. Мен бунинг исботиман».

Умуман олганда, Шумахернинг сўзларига кўра, ҳар қандай ишда муваффақиятга эришиш учун истеъдод керак, аммо битта истеъдод билан ғалабани қўлга киритиш мумкин эмас.

2013 йил декабрида Шумахер Альп тоғлари яқинидаги Мерибель дам олиш масканида тоғ чанғисида учиш вақтида йиқилиб, бош мия жароҳатини олди. Комага тушган пойгачи Гренобль касалхонасига ётқизилди, у ерда бир нечта операция ўтказилди. 2014 йил сентябридан буён у Женева кўли қирғоғидаги виллада тикланмоқда.

Мавзуга оид