Визуализация сирлари амалга ошиши учун қандай орзу қилиш керак?
Визуализация нима?
Визуализация – мақсаднинг тасаввурдаги образини яратиш. Нимага эришишни исташингизни, буни қандай амалга оширишни тасаввур қиласиз.
Кўпчилик визуализацияни келажак ҳақидаги яхши умидлар сифатида қабул қилади. «Истаклар тахтасини ярат ва унга қара». Бундай стратегияга бир муҳим жиҳат – ҳақиқат билан боғлиқлик етишмайди. Агар чиройли уйда яшашни тасаввур қилиб, унга эришиш учун қандай қилиб пул ишлашни ўйламасангиз, орзу орзулигича қолади.
Самарали визуализация истак объекти ва унга эришиш ҳаракатларини ўз ичига олади. Мақсадингизга эришиш учун ҳар бир қадамни тасаввур этишингизга тўғри келади: қайси йўналишда ишлайсиз, қандай тўсиқларни енгишингиз лозим ва буни қандай амалга оширасиз. Бу оддий орзулар каби у қадар ёқимли эмас, бироқ кўплаб соҳаларда ҳақиқий натижаларга эришишда ёрдам беради.
Визуализацияни нима учун қўллашади?
Опра Уинфри, Жим Керри, Уилл Смит каби кўплаб муваффақиятли кишилар визуализацияни муваффақиятларининг бир қисми деб ҳисоблашади.
Спорт руҳиятшунослари визуализация атлетлар кўрсаткичларини яхшилаш, қўрқувни енгиш ва жароҳатлардан кейин тезроқ тикланишда ёрдам беришини қайд этишади. У шифокорларга хатоларнинг олдини олиш, полициячиларга – зўриқишни камроқ ҳис этиш, мусиқачиларга – тезроқ ва яхшироқ чалишда ёрдам беради.
Руҳиятшунослар визуализацияни қуйидаги йўналишлар учун қўллашни тавсия этадилар:
янги кўникмаларга эга бўлиш;
мураккаб мақсадларга эришиш;
ўзини назорат қилиш ва ишонч ҳиссини ошириш;
зўриқиш вақтида хотиржамликка эга бўлиш;
янги режа ва стратегияларни ишлаб чиқиш.
Рационал кишилар бу техникага ишонмасликлари мумкин. Чунки у илмга асосланмагандек кўринади. Аслида, визуализация юқори онгга боғлиқ эмас. У одам миясига таъсир кўрсатади, илмий маълумотлар ҳам буни тасдиқламоқда.
Визуализация мияга қандай таъсир кўрсатади?
Олимлар мия тасаввур ва ҳақиқатда содир бўлаётган нарсаларнинг фарқига бормаслигини аниқлашган. Бирор нарсани ёдга олганда ёки келажакдаги ҳаракатларни тасаввур қилганда миямизда ҳақиқий вазиятда бўлгандаги кимёвий моддалар ажралади.
Миянгиз ўзини бир хилда тутади. Унинг учун ҳодисани ҳақиқий ҳаётда бошдан кечираётганингиз ёки тасаввур қилаётганингизнинг аҳамияти йўқ. Нейромедиаторлар – мия танага айнан шу кимёвий моддалар ёрдамида буйруқ беради, мотор назорати, диққат ва режалаштиришни амалга оширади, кишини ҳаракатга ундайди.
Неврологияда тан олинган назарияга кўра, қўзғатилган нейронлар бир-бири билан боғланади. Келажакни тасаввур эта туриб, мияда янги нейрон алоқаларини яратасиз. Улар сизга фикрлаш ва ўзгача ҳаракат қилиш имконини беради. Хусусан, визуализация ретикуляр активацион тизим – миядаги маълумотни фильтрлаш ва сиз учун муҳим нарсаларга эътибор қаратадиган соҳани ишга туширади. Ана шунинг учун ҳам янги иш ёки янги мижозлар ҳақида ўйлаганингизда имкониятлар кутилмаганда пайдо бўлади.
Визуализациядан қандай қилиб тўғри фойдаланиш мумкин?
Самарали визуализациянинг бир неча асосий жиҳатлари мавжуд.
Ўлчамга эга аниқ мақсад белгиланг
Визуализация учун расм тўплаганда уни максимал даражада аниқ бўлишига ҳаракат қилинг. Масалан, агар китоб устида тонгда хотиржам иш олиб боришни истасангиз, бу қачон содир бўлиши ва қанча вақт давомида ишлашингизни тасаввур қилинг.
Деталларигача тасаввур қилинг
Қандай ишлашингиз ва қадам-бақадам мақсадларингизга эришаётганингизни тасаввур қилинг. Иложи борича кўпроқ деталлар қўшинг: қаердасиз, нима кийиб олгансиз.
Ҳисларингизни ишга солинг
Хонанинг ҳиди, югурганингиздан кейин оёқдаги жимирлашлар, нутқингиздан кейин янграган олқишлар – буларнинг барини тасаввурда жонлантиришга ҳаракат қилинг.
Сценарий каби ёзинг
Мақсадларини қоғозда қайд этган кишилар катта эҳтимол билан уларга эришадилар. Ўз визуализациянгиз сценарийсини қоғозга, электрон кўринишда ёки аудиошаклда ёзинг. Уни такрор равишда тинглаш ёки қайта ўқиш янада аниқроқ образ хосил қилишда ёрдам беради.
Ҳодиса ривожининг турли шаклларини кўриб чиқинг
Келажак ҳақида ўйлаганингизда қўрқув, хавотир ва шундай фикрлар пайдо бўлади: «Агар… бўлса-чи…» Уларни тасаввурингиз янада мослашувчан бўлиши учун қўлланг.
Хаёлий тарзда барча ички – қувват ва ўзига бўлган ишончнинг етишмаслиги ва ташқи тўсиқлардан ўтинг. Масалан, вақт, пул, вазиятлар. Уларнинг ҳар бирини қандай енгиб ўтаётганингизни тасаввур қилинг.
Демак, омма олдида чиқиш қилишдан қўрқсангиз, сиз учун қўрқинчли нарсани кўз олдингизга келтиринг: саҳнага кўтарила туриб, йиқилиб тушасиз. Бу вазиятда нима қилишингиз ҳақида ўйлаб кўринг: зал кулгидан қотиб қолиши учун шимингизни қоқасиз ва бирор ҳазилни айтасиз.
Бу каби режаларни тузишнинг яхши модели мавжуд — WOOP (Wish, Outcome, Obstacle, Plan). Акроним тузилган сўзлар истак, натижа, ҳолат ва режа каби таржима қилинади. Бу моделни қуйидагича қўллаш мумкин:
Келаси тўрт ҳафта учун ўз истакларингизни ёзинг. Улар мураккаб, бироқ эришиладиган бўлиши керак. Уни тўрт-бешта сўз билан тасвирланг.
Натижани деталларда тасаввур этинг. Уни иложи борича батафсил тасвирланг.
Сизга халақит қилиши мумкин бўлган ҳолатларни ўйлаб кўринг. Барча таклиф ва қўрқувларингизни ёзиб чиқинг. Ўзингизга боғлиқ бўлганларинигина қайд этинг.
Режа тузинг. Ҳар бир ҳолат учун ҳодисалар ривожининг турли вариантларини ўйлаб топинг. Масалан: «Агар саҳнада йиқилиб тушсам, ўрнимдан туриб, бу ҳақида ҳазиллашаман. Ёзаётган вақтимда телефон жиринглаб қолса, уни ўчириб, кейинроқ қўнғироқ қиламан».
Агар визуализация техникаси ҳам шубҳали кўринаётган бўлса, дастлаб кичикроқ мақсадга эришиш учун қўллаб кўринг: 50 марта тортилишни ўрганиш, қўшимча иш топиш, янги дўст орттириш. У ишлашига ишонч ҳосил қилгач, уни ҳаётингизнинг қолган соҳаларига доимий асосда интеграция қилишингиз мумкин.
Мавзуга оид
22:15 / 18.05.2022
Сохта муваффақиятшунослик бизнеси ёхуд тренинг ортидан миллион
20:01 / 20.12.2020
«Ривожланиш учун энг муҳим омил – оиладаги гармония». Ҳикмат Абдураҳмонов билан суҳбат
19:00 / 25.11.2019
«Бадавлат бўлишни умуман тавсия қилмайман». Россиялик миллиардер бахт ва бойлик ҳақида
09:17 / 15.07.2019