Ўзбекистон | 13:09 / 28.11.2018
11494
2 дақиқада ўқилади

Ўзбекистон Халқаро миграция ташкилотига аъзо бўлди

Фото: IOM/Elyor Nematov

Бугун Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Миграция бўйича агентлиги кенгашининг 109-сессияси Женевада бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг Халқаро миграция ташкилотига (ХМТ) аъзо бўлиш тўғрисидаги аризаси қўллаб-қувватланди.

«Ўзбекистонни ХМТ оиласида чуқур мамнуният билан қутлайман, - дея маълум қилди ХМТ янги бош директори Антонио Виторино. - Сизнинг мамлакатингиз жаҳондаги энг қадимий ва энг қулай савдо йўлларидан биридир, уни мигрантлар қадим замонлардан бери кесиб ўтишган. Мен биринчи марта янги аъзо мамлакатни мамнуният билан қутламоқдаман ва ўз давримда кўплаб бошқа давлатларни қутлашимга умид билдириб қоламан».

Антонио Виторино
Фото: Muse Mohammed / IOM

Ўзбекистоннинг ХМТга аъзолиги бўйича масала Кенгаш сессиясининг кун тартибига Ўзбекистон ҳукумати мурожаатига асосан киритилди, унинг номидан сессияда бандлик ва меҳнат муносабатлари вазири ўринбосари Баҳодир Низомов иштирок этди.

«Миграция нуқтаи назаридан, минтақа дунёдаги энг жадал ва тез ўзгарувчан жойлардан бири ҳисобланади», - дея изоҳ берди ХМТ минтақавий директори Аргентина Сабадош.

«Ишончим комилки, ХМТ ва Ўзбекистон ҳукумати ўртасидаги ҳамкорлик миграцияни бошқаришдаги мавжуд чақириқлар ва имкониятларга жавоб жиҳатидан жуда самарали бўлади. Бу умуммиллий, минтақавий ва глобал миқёсда катта фойда келтиради», - дея қўшимча қилиб ўтди у.

Мавзуга оид