Ўзбекистон | 10:29 / 03.12.2018
21201
2 дақиқада ўқилади

Олий Мажлис депутати аёллар иш вақтини 6 соатгача қисқартиришни таклиф этди

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Алишер Қодиров аёллар иш вақтини 6 соатгача қисқартиришни таклиф этмоқда, деб ёзади ЎзА.

Депутатнинг фикрича, бугун оиланинг пойдевори ҳисобланган аёлларнинг салмоқли қисми фаол, меҳнат шартномаси билан корхона ва ташкилотларга боғланган. Улар иш вақти якунланмасидан оиласига қайтолмайди. Оилада она бўлмаслиги оила пойдеворини дарз кетишига олиб келади. Болалар мактабдан қайтиб, уларга “туҳфа қилинган” эркинликдан билганларидек фойдаланадилар. Ота билан деярли бир пайтда келган она ҳам дам олишга бирдек ҳақли. Муносабатлар инқирози секин-аста оиланинг инқирозига олиб келади. Афсуски, айнан шу ҳолат 55 фоиз оилаларнинг бузилишига сабаб бўлмоқда.

«Аёлсиз оилани мустаҳкамлаш мумкин эмас. Юқоридаги фундаментал муаммони бартараф этиш учун мамлакатимизда аёлларнинг меҳнат қилиш фаолиятини белгиловчи нормаларга ўзгартириш киритиш зарур. Масалан, аёлларнинг иш вақти соат 16.00 да тугатилиши керак. Шунда аёл фарзандлари ва умр йўлдоши учун вақт ажратади. Бу эса ўз ўрнида оиладаги эр-хотин, она-бола муносабатларида ижобий муҳитни юзага келтиради», - дея таъкидлаб ўтди халқ вакили.

Эслатиб ўтамиз, Меҳнат кодексига кўра, ҳозирги вақтда ўзбекистонликлар кунига ўртача 8 соатдан ишлайди.

Мавзуга оид