Жамият | 09:20 / 10.12.2018
20973
7 дақиқада ўқилади

Янгиариқ туманидаги мактаб «Обод қишлоқ» дастури асосида «обод қилинди»

Хоразм вилояти Янгиариқ тумани, Гулобод қишлоғининг Собурзон маҳалласида истиқомат қилувчи фуқаролар 16-сон умумтаълим ўрта мактабида фарзандларининг таълим олиши учун шароитлар оғир экани ҳақида Kun.uz таҳририятига шикоят қилишди.

Мурожаатда мактаб «Обод қишлоқ» давлат дастури доирасида жорий таъмирлашга тушганидан ота-оналар қувонгани, аммо таъмирлаш ишлари тугатилмай қолгани, ҳеч бир иш тўлиқ сифатли якунланмагани, кучли ёғингарчилик натижасида томдан чакка ўтгани, болалар ҳозир ҳам совуқ хоналарда ўқишаётгани, мактаб атрофи ковлаб ташлангани, натижада, кириб-чиқиш ноқулай бўлиб қолгани ёзилганди.

Янгиариқ тумани, Гулобод қишлоғининг Собурзон маҳалласига бориб, 16-сон умумтаълим ўрта мактабидаги вазият билан танишдик. Таълим даргоҳи раҳбари Нураддин Абдуллаев билан учрашдик.

Бу мактабда 500 нафарга яқин бола 21та синфда таълим олади. 31 йил олдин барпо қилинган таълим даргоҳида, «Обод қишлоқ» давлат дастури доирасида, июнь ойида жорий таъмирлаш ишлари бошланган эди.

Мактабни таъмирлаш ишлари «Элит Кредит» хусусий корхонасига топширилган ва бу жараён учун давлат бюджетидан 1,5 миллиард сўм ажратилган.

Таъмирлаш ишлари 24 август куни тугатилиши шарт эди, аммо декабрь ойи келган бўлса-да, унинг ниҳояси кўринмаяпти. Тугатилган жойлари ҳам қўл учида қилингани кўриниб турибди.

Куз фаслидаги дастлабки жиддий ёғингарчилик натижасида таъмирлаш ишларининг сифатсиз олиб борилгани, талабга умуман жавоб бермаслиги маълум бўлиб қолган.

16-сон умумтаълим ўрта мактаби директори Нураддин Абдуллаев вазиятга шундай изоҳ берди.

«Август ойида тугалланиши лозим бўлган ишлар ҳалигача пайсалга солинмоқда. Мактаб ўқув йилига тайёр эмас. Ноябрь ойининг охирида кучли ёғингарчилик бўлди. Натижада томдан чакка ўтиб, иккинчи қаватдаги синф хоналарига, мактабнинг ташқи фасадига жиддий зарар етди. Бу борада мутасадди ташкилотларга, хусусан, таъмирлаш ишларини ўтказган «Элит Кредит» корхонасига бир неча марта мурожаат қилганман, аммо аҳвол ўзгаргани йўқ. Ота-оналарнинг шикоятини тушуниб турибман, ҳамма ўз фарзандини хавфсиз, шароити яхши бўлган мактабда ўқитишни истайди», - деди Абдуллаев.

Мактабни айланиб, таъмирлаш ишлари қандай ўтказилгани билан танишдик.

Том сифатсиз таъмирланиши натижасида, кучли ёғингарчиликдан кейинги аҳвол. Ҳамма жойдан чакка ўтиб, девор сувоқларига зарар етган.

Мактаб спортзали ўқув йилига умуман тайёр эмас. Ойналарга темир панжара ўрнатилмаган, пол бўялмаган, иситиш мосламалари ёпилмаган. Натижада, ўқувчилар жисмоний тарбия машғулотларини кўчада, совуқда ўтказишмоқда.

Бу жойда ўқувчиларнинг спорт машғулотларидан кейинги ювиниш хонаси бўлиши керак эди. Ортиқча изоҳга ҳожат йўқ...

Химия фани кабинетининг аҳволи. Таъмирлаш ишлари якунига етказилмаган. Парталар ва лаборатория махсус ускуналари ўрнатилмаган.

Ўқувчилар қўлини иссиқ сувда ювиши керак бўлган жой. Раковиналар ўрнатилмаган, сув таъминоти тармоғи уланмаган.

Физика кабинетидаги шароитлар – парталар электр энергияси тизимига уланмаган, махсус жиҳозлар ўрнатилмаган.

Ойнага ғишт тираб қўйилган, акс ҳолда у ёпилмайди. Ойна ва эшикларнинг роми сифатсиз, қийшиқ ўрнатилган, кўпчилиги ёпилмайди, ёпилса очилмайди.

Қизиқ, хавфли ток симларини суваб қўйиш учун 0,5 кг алебастр топилмаган шекилли, унда 1,5 миллиард сўм маблағ қаерга сарфланди?

Таъмирловчи корхона томонидан ўрнатиб берилган ва чиқиш жойларини кўрсатиб турувчи белгилар - уларнинг барчасига CHQISH деб ёзилган! Болаларга саводхонликдан таълим берувчи даргоҳдаги бу ҳолатга кулишни ҳам, йиғлашни ҳам билмайсан...

Қозонхонадан мактабга уланган иссиқлик тармоғи трубалари изоляция қилинмаган, ўралмаган, кўмилмаган. Натижада, совуқ об-ҳаво шароитида иссиқлик энергияси беҳуда йўқотилмоқда. Газ таъминотига мўлжалланган бюджет маблағлари кўчани «иситиш» учун сарфланяпти.

Мактаб биносининг баъзи жойларига дераза ўрнатилмаган. Ўрнатилганларининг баъзиларида эса ойна йўқ.

Мактаб атрофидаги ҳолат. Қурилиш-таъмирлаш ишлари ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Болалар шу хавфли ҳудудлар атрофидан ўтиб, мактабга келади.

Мактаб қозонхонасига 2та замонавий котёл ўрнатилган. Аммо уларнинг фақат биттаси ишлатилмоқда. Сабаб – таъмирлаш ишларини ўтказган корхона газ ҳисоблаш ускунасидан кичкинасини ўрнатиб берган. Бу эса 2та котёлга газ етказиш имкониятини бермаяпти. Натижада, мактаб хоналаридаги ҳарорат меъёрдан паст, болалар совуқда таълим олишяпти. Бундан ташқари, қозонхона электр генератори билан таъминланмаган. Агар электр энергиясида узилиш юз берса, котёллар ишламай қолади. Натижада, мактабнинг иситиш тизими совуқда музлаб, ёрилиб кетиши мумкин. 

Собурзон маҳалласидаги 16-сон умумтаълим мактабидаги вазият бўйича мутасадди ташкилот раҳбарлари, Янгиариқ тумани ҳокимлиги вакилларининг изоҳи биз учун қизиқ эди. Аммо уларнинг баъзилари билан боғланишнинг имкони бўлмади, баъзилари «жуда банд эканини» рўкач қилиб, мактабга келмади. Келганларининг эса бу муаммони ҳал қилиш учун ваколати йўқ эди.

Ўқув йили бошланиб кетганига 3 ойдан ошди. Наҳотки, вазиятни ўнглаш, таъмирлаш ишлари сифатини текшириш, уни охирига етказиб қўйишни таъминлаш, давлат бюджети маблағларини мақсадли сарфланишини назорат қилиш учун 3 ой ичида раҳбарларда вақт топилмаган бўлса?

Келажак авлод, ўз фарзандларимиз таълим оладиган даргоҳга шундай муносабатда бўлишни, мутасадди ташкилотларнинг бунга эътиборсизлигини қандай оқлаш мумкин?

2018 йил 29 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Обод қишлоқ дастури тўғрисида»ги ПФ-5386-сон фармони қабул қилинганди. Унда ижтимоий аҳамиятга эга бўлган хизматларни тубдан яхшилашга эътибор қаратиш, бунда боғча, мактаб ва оилавий поликлиникаларни қуриш, реконструкция қилиш ва таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгилаб қўйилган эди.

Шу дастур асосида Собурзон маҳалласидаги 16-сон мактабнинг таъмирланишига давлат бюджетидан 1,5 миллиард сўм маблағ ажратилган. Бюджет маблағлари ҳар биримиз тўлайдиган солиқлардан ташкил топишини инобатга оладиган бўлсак, 1,5 миллиард сўм – халқнинг пулидир. Бу маблағлар қандай ишлатилганини эса кўриб турибмиз.

Нурмуҳаммад Саид

Мавзуга оид