Ўзбекистон | 18:10 / 14.12.2018
472771
2 дақиқада ўқилади

Обид Асомов оламдан ўтди

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Обид Асомов вафот этди. Бу ҳақда Kun.uz манбаси хабар қилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигидаги манба ҳам бу маълумотни таҳририятга тасдиқлади. 

Таниқли қизиқчи ва актёр бундан бир неча кун муқаддам оғир юрак хуружи билан пойтахтдаги 1-сон шаҳар клиник шифохонасининг Жонлантириш бўлимига ётқизилганди. 

Kun.uz манбаси хабарига кўра, Обид Асомов бугун, 14 декабрь куни ўткир юрак хуружи туфайли ҳаётдан кўз юмган.

Обид Асомов 1963 йил 22 октябрь куни Тошкент шаҳрининг Чилонзор туманида таваллуд топган. Н.Островский номидаги Тошкент театр ва рассомчилик институтида ўқиган. 1993 йилда «Обид-А» театрини ташкил қилган. Ўзбекистон ва хорижда машҳур қизиқчи, истеъдодли актёр сифатида танилган. 

2006 йилдан Россия телевидениеси «Россия-1» телеканалининг «Эгри ойна» («Кривое зеркало») ҳажвий кўрсатувида қатнашиб келган. Шундан сўнг, Обид Асомов бир неча йил давомида Ўзбекистон телевидениесида кўринмади. 

2018 йил 24 май куни Обид Асомов Ўзбекфильм қошидаги «Мультипликацион фильмлар студияси» ДУК директори этиб тайинланганди.

Kun.uz таҳририяти марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик изҳор этади.

Мавзуга оид