Ўзбекистон | 21:10 / 19.12.2018
12811
3 дақиқада ўқилади

«Ўзбекэнерго»: «Импорт қилинган энергияни зарарига сотмаймиз»

Бугун, 19 декабрь куни «Тараққиёт» стратегияси марказида «Ўзбекэнерго» АЖ раҳбарияти ва етакчи мутахассислари иштирокида «2018 йилда истеъмолчиларни узлуксиз электр энергияси билан таъминлаш борасидаги фаолият: эришилган натижалар ва истиқболдаги устувор вазифалар» мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

«Ўзбекэнерго» АЖ раҳбари Улуғбек Мустафоев журналистлар билан мулоқот давомида жамият фаолияти юзасидан маълумотлар бериб ўтди.

«Ишлаб чиқарилаётган электр энергиясининг 85 фоизи газ, мазут ва кўмир ёқиш орқали ҳосил қилинади. «Ўзбекэнерго» минг куб газни 289 минг сўм (тахминан 30-32 АҚШ долларидан) харид қилади. Бу газ агар жаҳон бозорига эркин нархда чиқарилса, камида 120 доллардан сотилади. Шу боис, газга муқобил воситалар орқали электр энергияси олиш масаласи жуда муҳим. 13 фоиз электр энергияси гидроэлектростанциялар орқали олинади.

Қуёш энергиясининг бир киловатти 4-8 центга тушмоқда. Бу ҳозирча иқтисодий жиҳатдан ўзини оқламаяпти ва оммалашишига тўсқинлик қиляпти. 

Тизимдаги линияларнинг 67 фоизи, трансформаторларнинг 57 фоизи эскирган. Аммо бу уларнинг барчасини алмаштириш шарт дегани эмас, кўпчилигини реконструкция ва модернизация қилиш мумкин. Кўпчилик ёғочли симёғочларни кўрсатиб танқид қилади. Алоҳида айтмоқчиманки, ёғоч симёғочлар ҳали ишлаб чиқаришдан олинмаган, уларнинг ҳам ўз ўрни бор», деган у.

Kun.uz мухбири жамият раисига «Хориждан электр энергияси импорт қилиб, аҳолига сотиш иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайдими, агар оқласа нима учун импорт ҳажми кўпайтирилмайди?», деган савол юзланган.

«Жамиятимиз импорт қилинган энергияни зарарига сотмайди. Фойдали бўлса нега кўпайтирилмайди, деган саволга жавоб шуки, қўшниларимизнинг ҳам экспорт имкониялари чекланган. Кўпчилик ўзимизда танқислик бўлиб турган бир пайтда Афғонистонга экспорт қилишимизни танқид қилади. Шуни алоҳида таъкидламоқчиманки, биз ўзимизда ишлаб чиқарилган ва биринчи навбатда халқимиз учун мўлжалланган электр энергиясини сотмаяпмиз. Сабаби бизда импорт ҳажми экспортдан баланд – яъни биз фойдали асосларда хориждан олганимизни сотяпмиз. Қизиқ ҳолатга эътибор қаратинг, қўшниларимиз билан деярли барча соҳаларда алоқа узилиб қолган ҳолатларда ҳам электр энергияси узатиш бўйича ҳамкорлик сақланиб қолинган. Бугунги кунда шу ҳамкорликдан янада самарали фойдаланаяпмиз холос», дея жавоб қайтарган у.

Мавзуга оид