Ўзбекистон | 17:50 / 20.12.2018
10892
2 дақиқада ўқилади

Тошкент давлат стоматология институтида учта халқаро факультет очилди

Фото: Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати

Тошкент давлат стоматология институти делегациясининг Россия федерациясига ташрифи доирасида Оренбург давлат тиббиёт университети билан ҳамкорлик дастурига асосан, “клиник-психология” йўналишида янги факультет очилмоқда. Мазкур факультетга 2019-2020 ўқув йилидан талабалар қабул қилинади. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Мазкур институт айни пайтда хорижий мамлакатларнинг элликка яқин нуфузли олий таълим муассасалари ва компаниялари билан ўзаро ҳамкорлик бўйича меморандум имзолашга эришди. 2018 йил давомида 50 нафардан ортиқ талаба ва 20 нафардан зиёд профессор-ўқитувчилар хорижда узоқ муддатли малака оширдилар.

Ушбу ҳамкорлик дастурлари натижасида 2018-2019 ўқув йилидан Италиянинг Турин университети билан “биотиббий муҳандислик” ва Москва Давлат тиббиёт стоматология университети билан “стоматология” факультетлари ташкил этилди.

Бугунги кунда 2200 нафардан кўпроқ талаба таҳсил олаётган мазкур олий таълим муассасасида таълим жараёнига илғор педагогик технологиялар, ўқув дастурларини кенг жорий қилиш, магистрант, ёш ўқитувчи ва илмий ходимларнинг хорижий таълим ва илмий муассасаларда амалиёт ўташини, профессор-ўқитувчиларнинг малакасини оширишни ташкил қилиш бўйича қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда. 

Мавзуга оид