Ўзбекистон | 12:49 / 21.12.2018
81274
2 дақиқада ўқилади

​«Ўзавтосаноат» GM Uzbekistan'нинг барча акцияларини сотиб олди

Фото: Ўзавтосаноат

«Ўзавтосаноат» General Motors'нинг Асака автомобиль заводидаги улушини сотиб олди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда. 

2008 йили март ойидан GM Uzbekistan'га айланган автомобиль заводининг 25 фоиз улуши, Reuters хабарига кўра, жорий йил бошида бевосита GM'га тегишли эди. Ўша пайтда «Ўзавтосаноат» раҳбари  (айни чоғда раҳбар ўринбосари) бўлган Умид Салимов «заводнинг 15 фоиз акцияси сотиб олингани, GM тасарруфида 10 фоиз акция қолаётгани»ни билдирганди. 

Унинг шу йил май ойида журналистларга берган интевьюсида «йил охирига қадар барча акциялар сотиб олиниши» ҳақида айтилганди. Аммо, расмийлар акциялар қанча баҳода сотиб олингани ва келишувдаги бошқа шартларни ошкор этмаяпти.

Мамлакатнинг шарқий ва аҳоли энг зич жойлашган Андижон вилоятида қурилган завод, дастлаб, корейслар билан ҳамкорликда ишга туширилган. 1996 йили Асакадаги завод Жанубий Кореянинг Daewoo Motors ва «Ўзавтосаноат» ҳамкорлиги ҳосиласи бўлди.

Завод бир йилда 250 минг дона автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга. Унинг айримлари Ravon бренди остида халқаро бозорга чиқарилади. 

Давлат монополияси ўрнатилган, енгил автомобиллар ишлаб чиқаришга ихтисослашган тармоқни Президент Шавкат Мирзиёев ҳам танқид қилганди. Унга кўра, завод халқ ва давлат учун фойда келтирмайди.

Мавзуга оид