Ўзбекистон | 18:00 / 21.12.2018
6043
2 дақиқада ўқилади

Россия ОТМлари битирувчилари ассоциациясини ташкил қилишга қарор қилинди

Тошкентда Россия олий таълим муассасалари (ОТМ) битирувчилари форуми бўлиб ўтди. Тадбир "Россотрудничество"нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан РФнинг Ўзбекистондаги элчихонаси қўллаб-қувватлаши остида ташкил қилинди.

Facebook'даги «Россотрудничество в Республике Узбекистан» саҳифасида маълум қилинишича, тадбирда РФ ТИВнинг хориждаги ватандошлар билан ишлаш бўйича департаменти директори Олег Мальгинов, Россия Федерациясининг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Владимир Тюрденев, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси аппарати раҳбари ўринбосари Собир Жабборов, "Россотрудничество"нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Виктор Шулика, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори Сайёра Ходжаева, дипломатик корпус вакиллари, жамоатчилик ташкилотлари вакиллари ва Россия ОТМлари битирувчилари қатнашди.

Владимир Тюрденев

Тадбир Россия ва совет олий таълим муассасаларида таълим олган етакчи ўзбекистонликлар ҳақидаги видеофильм намойиши билан бошланди.

Владимир Тюрденев РФ президенти ташрифидан сўнг икки мамлакат ўртасидаги алоқалар ривожи ҳақида сўз юритди. Таъкидлаш жоизки, ушбу ташриф доирасида Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги биринчи таълим форуми бўлиб ўтган ва унинг якунларига кўра 140 дан ортиқ келишув имзоланган. Элчининг қайд этишича, Ўзбекистон Россияда таълим олувчи талабалар сони бўйича етакчи ўринни эгаллайди, эндиликда таълим квоталарини оширишга доир чоралар кўрилмоқда. Бундан ташқари, Ўзбекистонда Россиянинг қатор ОТМлари филиаллари очилмоқда.

Сайёра Ходжаева

Форум давомида Россия ОТМлари битирувчилари ассоциациясини яратиш тўғрисидаги қарор қабул қилинди, Ассоциация раиси сифатида бир овоздан Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти директори, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги маслаҳатлашув кенгаши аъзоси Сайёра Ходжаева сайланди. Мазкур ассоциация битирувчилар манфаатларини ҳимоя қилиш, қўшма тадбирлар ташкиллаштириш ҳамда Россия ОТМ битирувчиларини Ўзбекистондаги давлат муассасаларига ишга жойлаш имконини беради.

Мавзуга оид