Жаҳон | 22:38 / 23.12.2018
38201
2 дақиқада ўқилади

АҚШда иккита “шоҳ-бомба” синовдан ўтказилди (видео)

Фото: youtube.com

АҚШда иккита ўта қудратли GBU-57 Massive Ordnance Penetrator (MOP) бомбаси синовдан ўтказилди. Синов ўтказилиши видеоси YouTube’даги The Aviationist каналида жойлаштирилган.

Маълум қилинишича, бомбалар B-2 Spirit стратегик бомбардимончи самолётидан ташланган. 

Видеода бомба самолётдан ташлангандан кейин унинг дум қисмидаги стабилизаторлари очилиб, сўнгра бомба ер томон “шўнғиганини” кўриш мумкин. 

GBU-57 коррекцияланувчи авиация ўқ-дориси ҳисобланиб, бункерларни йўқ қилишга мўлжалланган. Бомба катта кучга эга бўлиб, бир донаси 13,6 тонна келади ва 60 метр қалинликдаги бетонни тешиб ўта олади. Бомба GPS-навигатор билан жиҳозланган. Мутахассислар америкаликлар бундай “шоҳ-бомбалар”ни Шимолий Кореядаги бункерларни йўқ қилиш учун қўлланиши мумкинлигини айтишади.

GBU-57 бомбаси 2007 йилда Эрон ва Шимолий Кореядаги ер ости истеҳкомларини йўқ қилиш учун ишлаб чиқилган. Бироқ кейинроқ Пентагонда бомба бу мақсадлар учун етарлича кучли эмаслиги айтилган ва у модернизация қилинган. Бомбани яратишга кетган умумий қиймат 400 млн долларга яқинни ташкил қилади.

Мавзуга оид