Ўзбекистон | 00:23 / 25.12.2018
9783
3 дақиқада ўқилади

Маънавиятнинг “формати“ ўзгарди, натижа қандай?

24 декабрь куни Миллий матбуот марказида Республика Маънавият ва маърифат марказининг йил якунларига бағишланган матбуот анжуман, “Маънавият –энг таъсирчан ва қудратли қуролимиз: маънавий-маърифий соҳа кеча ва бугун“ номли тадбирда марказ раҳбари Алишер Қодиров 2018 йил давомида амалга оширилган ишлар ва 2019 йил учун кўзланаётган режалар юзасидан ҳисобот берди.

Якунланаётган йилнинг йирик лойиҳаларидан бири сифатида “Маънавий-маърифий муҳит харитаси“ эътироф этилди. Унга кўра, ҳар бир хонадон билан якка тартибда сўровномалар ўтказилиб, уларнинг муаммолари ўрганилди. Шу орқали ҳар бир маҳалланинг, туман ёки вилоятнинг муаммоси нимада эканлиги ҳақида конкрет манзара ҳосил бўлади ва қаерда қайси масала юзасидан иш олиб бориш кераклиги намоён бўлади.

“Очиғини айтиш керак, биз шу пайтгача нимани қачон ва қаерда гапириш кераклигини билмаганмиз. Суицид кўрсаткичлари юқори бўлган ҳудудларда коррупцияга қарши кураш ҳақида бонг урдик ва ёки аксинча. Қарабсизки, ташхис хато қўйилган, даво ҳам шунга яраша“, дейди марказ раҳбари Алишер Қодиров.

2017 йил 28 июлдаги “Маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини ошириш ва соҳани ривожлантиришни янги босқичга кўтариш тўғрисидаги“ Президент Қарорига мувофиқ мазкур марказ тубдан қайта ташкил этилган эди.

Шундан сўнг жамоатчилик диққати қаратилган марказнинг фаолиятида бурилишлар бўлиши кутилди. 

Илгари фақат номи аҳолига таниш бўлган марказ фаолиятида жонланиш кузатилди: вилоятларда халқаро ва республика анжуманлари ўтказилди, фаол маънавиятчилар моддий жиҳатдан рағбатлантирилди, оилаларга китоб улашиш акциялари ташкил этилди.

Шунингдек, марказ раҳбари 2018 йил 5 июндаги “Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорга кўра ОТМда маънавий-маърифий ишлар бўйича проректор лавозими ўрнига ёшлар билан ишлаш бўйича проректор лавозими жорий этилганлигига ўз муносабатини шундай билдирди:

“Биз қўлига паспорт тутқазаётган ёшларнинг маънавий иммунитети бутун эканлигига ишонч ҳосил қилишимиз керак. 18 ёшгача маънавият тушунчасини сингдирсак, уддаладик, бўлмаса, буёғига кеч. Университет талабаси шаклланиб бўлган шахс. Уларга тарғибот қилиш мумкин, лекин мафкурасини ўзгартира олмайсиз”, - дейди у.

Анжуманда марказ 2019 йил учун бир қатор амалий ишларни, жумладан, республикадаги тарихий обидаларнинг 3D форматда визуаллаштирилган фотогалереясини яратиш, таълим муассасаларида ҳар ойда бир аллома (бир йилда 12та) ҳаётини чуқур ўрганишга қаратилган тадбирлар ўтказиш режалаштирилгани таъкидланди.

Мавзуга оид