Иқтисодиёт | 11:11 / 01.01.2019
37079
18 дақиқада ўқилади

Юлий Юсупов солиқ ислоҳоти ҳақида: ютуқ ва муаммолар

Иқтисодий ривожланишга кўмаклашув маркази (CED) раҳбари Юлий Юсупов Ўзбекистон Республикасида солиқ сиёсатини мукаммаллаштириш концепциясида белгиланган дастлабки режалар билан солиқ соҳасидаги сўнгги ўзгаришларни таққослаб, уларга баҳо берди ва Kun.uz сайти учун мақола тайёрлади.

Давлат молияси соҳасига тааллуқли иккита муҳим ҳужжат эълон қилинди.

- «2019 йил учун солиқ ва бюджет сиёсатининг асосий йўналишлари қабул қилиниши юзасидан Ўзбекистон Республикасининг баъзи қонунларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»;

- «Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида»;

Бу ҳужжатларни президентнинг июнь ойида имзолаган «Ўзбекистон Республикасида солиқ сиёсатини мукаммаллаштириш концепцияси ҳақида»ги қарорида белгиланган тамойилларни амалга оширилиши нуқтаи назаридан кўриб чиқамиз.

Солиқ ислоҳоти бошланди

Бу ҳужжатларнинг қабул қилиниши 2019 йил 1 январдан солиқ ислоҳотининг бошланганини англатади. Ислоҳотларнинг зарурлиги постсовет Ўзбекистондаги мавжуд солиқ тизими иқтисодиётнинг барқарор ривожланишига ҳеч қандай имконият қолдирмай, жаҳон иқтисодиётининг абадий хомашё қувури бўлиб қолишига маҳкум қилаётгани билан шартланган эди.

Солиқ ислоҳоти мавжуд солиқ тизимидаги 3та муҳим муаммони ҳал қилишга қаратилган. Бу муаммоларни ва 2019 йилда улар қандай ҳал қилинишини кўриб чиқамиз.

1. Меҳнатга ҳақ тўлаш фондига нисбатан юқори солиқлар.

Улар бандликка кўмаклашмай, аксинча, сояли иқтисодиётни рағбатлантираётган эди.

2019 йилда меҳнатга солиқлар кескин қисқаради:

- иш ҳақидан бюджетдан ташқари Пенсия фондига ушлаб қолинадиган 8% суғурта бадали бекор қилинади;

- солиққа тортишнинг энг юқори шкаласи 22,5% бўлган прогрессив тури ўрнига, даромад солиғининг 12% миқдордаги «текис» шкаласи жорий қилинади;

- солиққа тортишнинг умумий тартибида 25%, соддалаштирилган тартибида 15% бўлган ягона ижтимоий тўлов 12% қилиб белгиланади;

2. Солиқ юкининг нотекис тақсимланиши

Биринчи навбатда гап солиққа тортишнинг соддалаштирилган ва умумий тартиби орасидаги жуда катта фарқ ҳақида кетмоқда (яъни кичик ва йирик корхоналар орасида). Бир тартибдан иккинчисига ўтганда солиқ юки бир неча марта ошиб кетиши мумкин. Бу эса бизнеснинг ўсишига тўсқинлик қилади ва миллий ишлаб чиқарувчиларнинг рақобатбардошлигини ошириш имкониятини кескин пасайтиради.

Шундан келиб чиққан ҳолда, солиқ юкини кескин қисқартириш ва солиққа тортишнинг умумий тартибидаги қоидаларни соддалаштириш назарда тутилди, жумладан:

- меҳнатга ҳақ тўлаш фонди солиқлари қисқартирилди (юқорига қаранг);

- умумий тартибдаги корхоналар учун давлатнинг мақсадли жамғармаларига мажбурий ажратмалар бекор қилинди (тушумдан 3,2%);

- юридик шахсларнинг фойда солиғи миқдори 14% дан 12% га пасайтирилди (тижорат банклари учун – 22% дан 20% га, уяли алоқа компаниялари учун 14% дан 20% га ошди ва рентабелликнинг маълум даражасидан ўтганда тўланадиган солиқ бекор қилинди, цемент ва полиэтилен гранула ишлаб чиқарувчилар учун 14% дан 20% га оширилди);

- дивиденд солиғи 10% дан 5% га пасайтирилди;

- юридик шахсларнинг мулк солиғи ставкаси 5% дан 2% га пасайди, шунингдек, сув ресурсларидан фойдаланганлик учун солиқнинг барча юридик шахслар томонидан тўланиши шартлиги жорий қилинди;

3. Халқаро тажрибага зид равишда, Ўзбекистонда тушумдан (айланмадан) олинадиган солиқнинг мавжудлиги

Яъни, қўшилган қиймат, фойда, даромад эмас, балки барча харажатларни ўз ичига олган тушумнинг солиққа тортилиши. Бу умумбелгиланган солиққа тортиш тизими корхоналари учун давлат мақсадли жамғармаларига ажратмалар, кичик корхоналар, савдо ва умумий овқатланиш корхоналари учун ягона солиқ тўловидан иборат эди.

Тушумдан олинадиган солиқ, шунингдек, қўшилган қиймат солиғини тўлаш занжиридаги узилишлар (ҚҚС амалда ўзининг акси бўлган тушум солиғига айланган ҳолатлар) ижтимоий меҳнат тақсимотига, қўшилган қийматни яратиш учун узун занжирни шакллантиришга жуда салбий таъсир қилаётган эди. Чунки, занжир қанчалик узун бўлса, солиқ юки шунчалик ортиб, икки ва уч маротаба солиққа тортиш юзага келаётганди. Бундай шароитда хомашёдан юқори қўшилган қийматли тайёр маҳсулотга қадар тўлақонли ишлаб чиқариш циклини яратишнинг иложи йўқ эди.

Бундай вазиятда ечим ягона: тушум солиқларидан воз кечиб, қўшилган қиймат солиғини жорий қилиш. Бунинг учун ислоҳотлар доирасидаги қуйидагилар кўзда тутилган:

- умумбелгиланган солиққа тортиш тизими корхоналари учун давлат мақсадли жамғармаларига ажратмаларни бекор қилиш;

- умумбелгиланган солиққа тортиш тизими корхоналари учун солиқ юкини пасайтириш, бу билан кичик корхоналарни бу тизимга ўтишга қизиқтириш;

- йил якунига кўра, тушуми (айланмаси) 1 миллиард сўмдан ошган ёки йил давомида белгиланган маррадан ўтган корхоналарни умумбелгиланган солиқларни тўлашга ўтказиш;

Бу чораларни амалга ошириш солиқ тизимини кескин ўзгартириш имкониятини беради. Ислоҳот Ўзбекистон иқтисодиётига солиққа тортишнинг замонавий моделига ўтиш, солиқ тизимини ривожланган давлатлар стандартларига яқинлаштириб, номутаносиблик ва тенгсизликни бартараф қилиш, якунда эса иқтисодиётни инклюзив барқарор ривожланишига кўмак берувчи самарали ижтимоий институтларни яратиш имкониятини беради.

Бироқ, ҳаммаси ажойиб ва жуда яхши деёлмаймиз. Ислоҳотларни амалга оширишда муаммолар бор ва улар зинҳор кичик эмас.

Ислоҳотларни амалга оширишдаги энг катта хато

Солиқ ислоҳотини амалга ошираётган ҳукуматнинг энг катта хатоси, менимча, ҚҚС ставкасини 20% қилиб қолдирилиши бўлди (тўғри, 2019 йил якунига кўра у пасайиши мумкин). Гап шундаки, солиқ ислоҳоти концепциясининг дастлабки вариантида ставка 12% қилиб белгиланиши кўзда тутилган эди.

Биринчидан, концепция муаллифлари қўшни Қозоғистон ва Қирғизистонда мавжуд бўлган 12% ставкани мўлжаллаган эдилар. Иккинчидан, айнан 12% ставка кўплаб кичик корхоналарга солиққа тортишнинг умумий тартибига оғриқларсиз ўтиш имкониятини берар эди.

Энди эса:

- бизнеснинг легаллашуви ва солиққа тортишнинг умумий тартибига ўтиши кутилганидан камроқ кўламда бўлади. Бизнес ҚҚСга ўтмасликка фаол тарзда ҳаракат қилади, жумладан, бизнесни майдалаштириш, тушумни яшириш, янги юридик шахс сифатида қайта рўйхатдан ўтиш шаклида; 

- маҳаллий товар ва хизматларнинг баъзи турлари қўшни мамлакатларга нисбатан камроқ рақобатбардош бўлиши мумкин;

- солиққа тортиладиган базанинг қисқариши натижасида, бюджет даромадлари камайиши мумкин.

Солиққа тортишнинг янги тизимига ўтишдаги биз дуч келаётган кўплаб муаммолар айнан ҚҚС ставкасини пасайтиришни истамаслик билан боғлиқ. Умид қиламизки, бу қарор солиқ ислоҳотлари илдизига болта урмайди.

ҚҚС ставкасини пасайтириш ўрнига соддалаштирилган ҚҚС тизими жорий қилинмоқда. Менимча, бу солиқ ислоҳотини амалга ошириш жараёнини секинлаштиради ва қийинлаштиради, чунки, бу солиқни тўлашда тўлақонли ҳисобга олишни амалга ошириш имкониятини бермайди.

Соддалаштирилган ҚҚС тизимига ўтиш имконияти йиллик айланмаси 3 миллиардгача бўлган корхоналар учун мавжуд ва бу режимда 2021 йил 1 январгача бўлиш мумкин.

Бу тартибнинг асосий хусусияти солиқ ставкасини пастлиги, шунингдек, харид қилинган товарлар (ишлар, хизматлар) бўйича ҚҚС суммасини ҳисобга олиш имкониятининг йўқлигидир. Бунда тўланган ҚҚС маҳсулотни сотиб олувчи стандарт ҚҚС тўловчи томонидан ҳисобга олиниши мумкин.

 

Соддалаштирилган ҚҚСнинг базавий ставкаси – 7%. Аммо иқтисодиётнинг алоҳида соҳалари учун бошқача ставкалар кўзда тутилган: қурилиш корхоналари – 8%, савдо корхоналари – 6%, умумий овқатланиш ва меҳмонхона хўжалиги корхоналари – 10%, профессионал хизмат кўрсатувчи юридик шахслар (аудиторлик хизматлари, солиқ маслаҳати хизматлари, консалтинг, брокерлик хизматлари ва б.) – 15%, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини реализация қилувчи юридик шахслар (ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотдан ташқари) – 4%.

Солиқ концепциясини амалга оширишдаги бошқа муаммолар

Афсуски, президентнинг июнь ойидаги қарорида кўрсатилган баъзи вазифаларни бажариш қайсидир маънода барбод қилинган.

1. Солиқ кодексининг янги талқини ишлаб чиқилмаган. Ваҳоланки, буни амалга ошириш учун ярим йил вақт бор эди. Декабрь ойида кодексга киритилаётган ўзгаришлар янги солиқ тизимини жорий қилишдаги кўплаб муаммоларни ҳал қилмайди. Бу ислоҳотларга берилган катта зарба.

2. Ўзи ишлаб чиқарган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларига тааллуқли ҚҚС билан боғлиқ муаммо ҳал қилинмаган. Муаммонинг моҳияти шундаки, аграр корхоналар ҚҚС тўламайди, натижада, уларнинг маҳсулотини харид қилувчи ва қайта ишловчи умумий овқатланиш ва савдо корхоналари қўшилган қийматни яратувчи занжирнинг иштирокчиси сифатида уни ҳисобга ололмайди. Натижада, бу корхоналарнинг солиқ юки ортади. Ўз навбатида, бу муаммони ҳал қилиш учун яхши вариантлар бор эди, аммо, улар эътиборга олинмади.

Тўғри, Солиқ кодексининг 208-моддасида Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилган баъзи озиқ-овқат маҳсулотларининг ҚҚСдан озод қилиниши, уларнинг рўйхати Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши кўрсатилган. Аммо, бу рўйхат қаерда ва нега у Кодекс билан эмас, балки Вазирлар Маҳкамаси қарори билан белгиланиши керак? Бундан ташқари, ноозиқ-овқат қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчилар, масалан тўқимачи корхоналари нима қилиши керак? Улар учун муаммо умуман ҳал қилинмаган.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича ҚҚСнинг ҳисобга олиниши муаммосининг ечим топмагани – солиқ ислоҳоти учун хавфли бўлган яна бир (ҚҚСнинг 20% қилиб белгиланиши билан бир қаторда) муаммолардан биридир. Умид қиламанки, 2019 йилда бунга қандайдир ечим топилади.

3. ҚҚС ва фойда солиғини ҳисоблаб чиқиш ва тўлашнинг соддалаштирилиши ҳақидаги Концепцияда белгиланган режа амалга оширилмади. Бу солиқлар ҳисобини юритиш солиқ тўловчилар учун ҳам ва солиқ идоралари учун ҳам мураккаблигича қолмоқда. Бу эса солиқ ислоҳотини муваффақиятли амалга оширилишига ҳалал беради.

4. Солиқ имтиёзлари оптимизация қилинмади. Кўплаб солиқ имтиёзларининг мавжудлиги самарасиз ва зарарлидир: улар рақобатни ўлдирмоқда (кимдир имтиёзга эга, кимдир йўқ) ва давлат бюджети даромадларини пасайтирмоқда. Президент 2018 йил 29 декабрдаги мурожаатида оптимизация масаласини яна бир маротаба кўндаланг қўйгани бежиз эмас: «Солиқ юкини пасайтириш ҳисобига, барча учун адолатли бўлган солиқ тизимини жорий қилиш керак, солиқ имтиёзларини босқичма-босқич бекор қилиш лозим».

Ҳукумат бундай оптимизацияни бюджет даромадларининг пасайишидан чўчиб амалга оширмагани ажабланарли. Жаноблар, мана марҳамат – бюджетни тўлдириш манбалари! Нима учун улардан фойдаланишни истамайсизлар? Бу саволга жавоб олишни истардик. Шундай бўлса-да, ўзим бу саволга қуйида жавоб беришга ҳаракат қиламан.

5. Солиқ ислоҳотлари Концепциясига зид равишда (унда ягона солиқ тўлови ставкаси 4% бўлиши кўзда тутилганди) иқтисодиётнинг турли соҳалари учун ягона солиқнинг турли ставкалари белгиланди («Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида»ги қарорнинг 7-иловасига қаранг). Хусусан, аҳоли сони 100 мингдан ортиқ бўлган шаҳарлардаги умумий овқатланиш корхоналари 8% ставка бўйича ягона солиқ тўлайдилар. Молиявий идораларимизнинг иқтисодиётнинг бу соҳасига бўлган «ғалати муносабати» ҳақида кейинроқ суҳбатлашамиз.

6. Солиқ қонунчилигининг бир қатор муҳим нормалари ҳеч қандай муҳокамасиз тасдиқланди. Улар қуйидагилар:

- соддалаштирилган ҚҚС тизими,

- мобил алоқа хизматига акциз солиғининг жорий қилиниши, Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ишлаб чиқариладиган сигареталарга акциз солиғи ставкасининг оширилиши,

- Товар айланмаси 100 миллиондан ортиқ, аммо 1 миллиарддан кам бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга ягона солиқ тўловининг жорий қилиниши. Бу тоифадаги тадбиркорларни ягона солиқ тўловчилари қаторига ўтказилиши нима учун керак экан? Ваҳоланки, ислоҳотнинг муҳим мақсадларидан бири – айланмадан олинадиган солиқ соҳаларини қисқартириш эди (бу ҳолатда эса у кенгаймоқда).

Лоббистлар ютиб чиқдими?

Солиқ имтиёзларини оптималлаштиришга қайтамиз. Бу вазифани бажаришнинг мураккаблиги хусусий, гуруҳ ва идоравий манфаатларни лобби қилиш билан боғлиқлигини тахмин қилиш мумкин.

Ҳар бир имтиёз ортида нуфузли кучлар туриб, бизнес учун шароитларнинг тенглаштирилишига қарши чиқмоқда. Чунки барча учун бир хил ва шаффоф бўлган ўйин қоидалари уларнинг бизнесдаги рақобатда ютиб чиқиш имконини берувчи устунликдан маҳрум қилмоқда. Бундай лоббистларни тушуниш мумкин. Бироқ, умид қиламанки, ҳукумат уларнинг таъсири остига тушиб қолмайди ва ижтимоий манфаатларни амалга оширишга ҳаракат қилади.

Лобби кучлари таъсирининг мисоли сифатида божхона тўловлари билан боғлиқ вазиятни келтириш мумкин.

2018 йил июнь ойида «Ўзбекистон Республикасида ташқи иқтисодий фаолиятни тартибга солиш ва божхона-тариф назорати тизимини такомиллаштириш ҳақида»ги президент қарори қабул қилинган, унда 2019 йил 1 январдан божхона тўловларининг кескин қисқариши кўзда тутилган эди.

Қарорнинг дастлабки версиясидаги режалар ва унга декабрь ойида киритилган ўзгаришларни таққослаб («Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари прогнози ва Давлат бюджети параметрлари ҳамда 2020-2021 йилларга бюджет мўлжаллари тўғрисида»ги қарорга 33-илованинг 10-пунктига қаранг), у ёки бу лобби гуруҳларининг кучи ҳақида тасаввурга эга бўлиш мумкин.

Албатта, бу рўйхатда автосаноат сўзсиз пешқадамлик қилмоқда. У 20 йилдан бери турли тақиқловчи божхона тўловлари орқали, ҳар қандай рақобатдан ҳимоя қилинган. Натижа эса – таннархнинг юқори экани, ассортиментнинг камлиги, маҳсулот сифатининг пастлиги ва истеъмолчилар учун нархнинг юқорилиги (расмий нархларнинг юқорилиги, навбатлар, «шапкалар»).

Қизиғи шундаки, бюджет бу соҳадан деярли ҳеч нарса олмайди, чунки унга жуда катта солиқ имтиёзлари берилган. 2019 йилда солиқ имтиёзларининг бир қисми бекор қилинди. Аммо, автосаноатнинг монополиясини инобатга оладиган бўлсак, у янги солиқ юкини осонлик билан истеъмолчи гарданига юклайди. Демак автомобиллар нархининг янада ошишини кутаверинг.

Қайси товар ишлаб чиқарувчилар божхона тўловларининг юқори бўлишини лобби қилмоқдалар?

Божхона тўловлари 15%дан ортиқ бўлган ва/ёки импорт учун акциз мавжуд бўлган ўринларга қараймиз:

- қандолат маҳсулотлари;

- қайта ишланган мева/сабзавот маҳсулотлари;

- музқаймоқ, пишлоқ, творог, тухум;

- газли ва алкоголь ичимликлар, сигареталар;

- баъзи қурилиш материаллари (цемент, оҳак, гипс, пластмасса материаллари), сопол буюмлар;

- тайёр текстиль маҳсулотлари, гиламлар;

- алюмин профиллар ва алюминдан бошқа маҳсулотлар;

- чўғланма лампалар, газплиталар ва электроплиталар, сув иситиш мосламалари, микротўлқинли печлар, кондиционерлар, телевизорлар, мониторлар, музлатгичлар, кир ювиш машиналари, чангютгичлар, дазмол ва бошқа маиший техника,

- тракторлар, ғалла ўриб оладиган комбайнлар.

Бу ўз манфаатларини ҳукумат орқали ҳимоя қилишга эришган лоббистларнинг рўйхати. Бошқа соҳа вакилларига эса камроқ улуш теккан.

Умумий овқатланиш корхоналарининг айби нима?

Агар кимдадир лобби кучи умуман йўқ дейдиган бўлсак, бу умумий овқатланиш соҳасидир.

Бу сектор ҳар доим молиявий идораларнинг диққат-эътиборида турган. Масалан, ягона солиқ тўловининг базавий ставкаси 2018 йилда - 5%, чакана савдода – 4%, умумий овқатланишда эса – 10%. Нега? Қандайдир мантиқий асос топишга уриниб кўринг, аммо у мавжуд эмас. Шунчаки кимдир шуни хоҳлаб қолган.

Қайд қилиш жоизки, 2019 йилда ҳам секторга нисбатан бундай муносабат сақланиб қолган: ягона солиқ тўловининг базавий ставкаси – 4%, умумий овқатланиш соҳасида – 8% (Солиқ ислоҳоти концепциясига зид равишда).

Соддалаштирилган ҚҚС базавий ставкаси – 7%. Аммо умумий овқатланиш корхоналари ва меҳмонхона хўжалиги корхоналари учун албатта – 10%. Биз туризмни шундай ривожлантирмоқчимиз. Шунчаки фантастика. Бундан ташқари, умумий овқатланиш корхоналари солиқ ислоҳотидан олдин ёппасига солиқ идоралари томонидан оммавий текширувларга ҳам учраган эди.

Умумий овқатланиш корхоналари уюшмаси ва туризм соҳаси раҳбарларини ўз манфаатларини муваффақиятли тарзда ҳимоя қилаётган соҳалар раҳбарлари олдига малака оширишга юбориш керак, рўйхатни юқорида санаб ўтганмиз.

Ноаниқлик ва ношаффофлик – бизнеснинг асосий душманлари

Якунда инвестиция муҳити ҳақида гапирамиз.

Яқинда иккита катта мулозимнинг қизиқарли суҳбати бўлиб ўтди. Ўша пайтда Тошкент шаҳар ҳокими вазифасини бажарувчи, сенатор Жаҳонгир Ортиқхўжаев Қозоғистонни инвестиция жалб қилиш йўлидаги асосий рақибимиз эканини, бироқ солиқларимиз инвестиция жозибасини етарли даражада таъминлаш имконини бермаслигини айтди.

Бош вазир ўринбосари, молия вазири Жамшид Қўчқоров унга эътироз билдириб, рақобат фақат солиқ ставкаларининг пастлигига боғлиқ эмаслигини айтди.

Бундай пайтда Хўжа Насриддиннинг «хотин, сен ҳам ҳақсан», дегани тўғрисидаги латифа эсга тушиб кетади (интернетдан излаб кўришингиз мумкин). Ҳар иккала мулозим ҳам ҳақ.

Инвесторлар (маҳаллийси ҳам, хорижийси ҳам) албатта солиқ юкламасига назар солишади ва уни Франция ёки Латвияники билан эмас, бизга қўшни мамлакатлар билан таққослаб кўришади. Бизда мавжуд бўлган 20% ҚҚС билан (солиқ концепциясини муҳокама қилишда Молия вазирлиги шундай бўлиши кераклигини таъкидлаб, якунда бунга эришди) биз ўз тадбиркорларимиз учун ҳам инвестиция томондан жозибадор бўлишимиз жуда оғир.

Бошқа томондан олиб қаралганда, мамлакатнинг инвестицион жозибасини фақат солиқлар белгилаб бермайди. Бизнесни иқтисодиётнинг деярли барча жабҳалари қизиқтиради: мулк ҳуқуқининг ҳимоя қилиниши, маъмурий тўсиқлар, молиявий секторнинг фаолияти, барча учун бир хил бўлган ўйин қоидалари ва ҳоказолар. Ва албатта инвестицион жозибанинг муҳим омилларидан бири – сиёсат ва қонунчиликнинг очиқ ва шаффофлигидир, кутилмаган ҳаракатлардан ҳоли эканидир.

Айнан шу мавзуда кўпроқ баҳслашиш керак деб ҳисоблаймиз. 2019 йилда бизнес ўзига тааллуқли бўлган солиққа тортиш қоидаларини янги йилга бир неча кун қолганида билиб олди. Ҳатто, ҳужжатлар эълон қилинганидан кейин ҳам кўп нарса мавҳумлигича қолмоқда.

Хўш, бундай ноаниқлик ва ношаффофлик шароитида қандай қилиб бизнес ишини режалаштириш ва инвестицияларни амалга ошириш мумкин? Ва қандай қилиб, янги инвесторларнинг жалб қилинишига умид қилиш мумкин? Бироқ, бу риторик саволлар эди холос.

Мавзуга оид