Жамият | 13:51 / 03.01.2019
41286
8 дақиқада ўқилади

Сарсонликнинг 20 йили – ҳазорасплик ночорлар қиссаси

Яқинда жуда абгор бир хонада, ночор аҳволда яшаётган аёлнинг фотосуратлари ижтимоий тармоқларда тарқалиб кетди.

Уйсиз қолиб, кўча-кўйда, метро станцияларида, ер ости йўлларида кун кўраётган одамлар борлигини эшитгандик, ТВ орқали кўргандик. Аммо улар фақат хорижда бўлади, деган тасаввурга эга эдик. Ўзбекистонда ҳам шундай аҳволда қолган одамлар борлиги хаёлимизга ҳам келмаган.

Биз бу оилани излаб, Хоразм вилоятининг Ҳазорасп тумани марказидан топдик. Айни пайтда эски ҳарбий қўмита биносида яшаётган бу аёлнинг турмуш тарзи билан танишдик. Бундан ташқари, унинг қўшнилари бўлмиш бошқа оилаларни қийнаётган муаммоларни, уларнинг тақдири бир-бирига ўхшашлигини аниқладик.

Воқеа 1999 йилга бориб тақалади. Ҳазорасп шаҳарчасидаги уйлардан бири бузилиб, 11та оила вақтинча яшаб туриш учун Шароф Рашидов маҳалласи, Нурли йўл кўчасидаги эски ҳарбий қўмита биносига кўчирилади. Уларга 1 – 1,5 йил ичида янги уй берилиши ваъда қилинади.

64 ёшли Шукуржон Тиллаева ваъдага ишониб, эски ҳарбий қўмита биносига кўчиб ўтганлардан бири, у 44 ёшли ўғли Рашид ва 29 ёшли ўғли Ҳамдам билан қарийб 20 йилдан бери 1 хона ва даҳлиздан иборат жойда яшамоқда.

«1999 йилда уйимиз бузилди. Ўрнига янги уй беришни ваъда қилиб, бизни мана шу эски бинога кўчириб, олиб келишди. 1 – 1,5 йилда янги уйга кўчиб ўтишимизни айтишди. Аммо, мана 20 йилдирки харобада яшаяпмиз.

Икки ўғлимни катта қилиш учун оғир кунларни бошимдан ўтказдим. Ҳозир қандли диабет билан хастаман, қон босимим ҳам юқори. Яқинда инсульт бўлдим, шундан кейин, ўрнимдан туролмай, тўшакка михланиб қолдим. Ўтириш-туришим, ейиш-ичишим, ётоғим-турарим ҳаммаси мана шу хонада.

Икки ўғлимни оилали, бола-чақали бўлишини истайман, бироқ шароит имкон бермайди. Бир пайтлар каттасини уйлантирган эдим, аммо, келин бу шароитга чидамай, кетиб қолди», - деди Шукуржон Тиллаева.

Онахоннинг катта ўғли Рашид бозорда аравакашлик қилади, кичик ўғли эса унга қараб, уйда ўтирибди. Оғир хаста онасини ёлғиз ташлаб кетолмайди, чунки у алоҳида парваришга муҳтож.

«Бозорда аравакашлик қиламан, шуни орқасидан кун кўрамиз. Топган-тутганимдан орттириб, онамнинг дорисига, даволанишига сарфлайман. Жуда ҳам оғир шароитда яшаяпмиз. Укам ишга чиқолмайди, чунки онамга қараб ўтириши керак, инсульт бўлганидан кейин, у парваришга муҳтож бўлиб қолган», - деди Рашид.

Эски ҳарбий қўмита биносига кўчириб олиб келинган яна бир оиланинг тақдири ҳам уларникига ўхшаш.

51 ёшли Саломат Мадаминова вояга етган ўғли ва қизи билан 1 хонали уйда яшаяпти. Улар ҳам қарийб 20 йилдан бери шу ерда.

«1999 йили уйсиз қолдик. Ўша пайтда эски уйимизни бузиб, ўрнига янгисини қуриб беришни ваъда қилиб, бизни мана шу бинога кўчиришди. Орадан деярли 20 йил ўтган бўлса-да, уйдан дарак йўқ. Янги қурилган уй эса бошқа одамларга бериб юборилди.

1 хонали ва даҳлизли уйда ўғлим ва қизимни катта қилдим. Келин ҳам олган эдим, аммо у шароит оғирлиги туфайли, кетиб қолди. Бундай аҳволда ким ҳам яшашни истарди дейсиз... Ўғлим Россияда ишлаб, уйга пул юбориб турарди, аммо депортация бўлгач, уч йил сарсон бўлди», - деди Саломат Мадаминова.

Уларга қўшни бўлган Фурқат Рўзметов оиласидаги вазият ҳам ҳавас қилгудек эмас. У 1987 йилда туғилган, қурилиш соҳасида устачилик қилади. 2 хонали уйда хотини, 2 нафар фарзанди, акаси ва укаси билан яшамоқда. Акасида 2-гуруҳ ногиронлиги бор.

«Мана шу эски бинонинг 2та хонасида 6 жон бўлиб, бир амаллаб яшаяпмиз. Бу бино ҳам жуда эскириб кетган. 60-70 йил олдин қурилган бўлса керак. Турар жой учун мослашмаган, сув, канализация йўқ. Уйимизга темир йўл яқин. Ҳар сафар поезд ўтганида, шифт ва деворлар тебраниб, худди устимизга қулайдигандек туюлади.

Уй-жойга жуда муҳтожмиз, биз ҳам одамларга ўхшаб яхши яшашни истаймиз. Бу масалада арзонлаштирилган уй-жойларни олиш учун Ҳазорасп туман ҳокимлигига ариза берган эдим. Комиссия хулосасини билиш учун борсам, мен берган ариза йўқолиб қолганини айтишди. Ҳафсалам пир бўлиб қайтиб келдим», - деди Фурқат Рўзметов.

Эски бинода яшаётган Файзулла Ғафуров, 1987 йилда туғилган, хотини, 2 нафар фарзанди ва онаси билан 2 хонали уйда яшайди. 53 ёшли Шарофат Искандарова қизи Шаҳрибону билан 2 хонали уйда яшаяпти. Ўғли Қозоғистонда ишлаб юрган пайтида ҳаётдан кўз юмган. 52 ёшли Хушнуд Аҳмедовнинг 1-гуруҳ ногиронлиги бор, оиласи, опасидан қолган кичкина болалар билан 2 хонали уйда яшаяпти. Уй-жойга бўлган эҳтиёжи бор.

Нурли йўл кўчасидаги эски ҳарбий қўмита биносида яшаётган оилалар муаммоси бўйича Ҳазорасп тумани хотин-қизлар қўмитаси раиси Зебинисо Каримовадан изоҳ олдик.

«Ҳазорасп тумани ҳокимлигининг бу оилаларнинг аҳволидан хабари бор. Биз уларнинг яшаш шароитини ўргандик. У ерда 11та оила яшамоқда, шулардан 3таси уй-жойга муҳтож экани аниқланди. Энди уларни Ҳазорасп тумани ва Питнак шаҳарчасидаги бўш объектлардан бирига кўчирмоқчимиз. Ҳозирда бу объектлар таъмирланяпти. Электр энергияси ва газ тармоғига уланганидан сўнг, бу оилаларни янги жойга кўчирамиз», - деди Зебинисо Каримова.

Оилаларнинг янги бинога қачон кўчиб ўтиши ҳақида сўраганимизда, Зебинисо Каримова бундай маълумотга эга эмаслигини айтди.

Ҳазорасп туманидаги бу оилаларнинг 20 йилдан бери ночор аҳволда яшаётгани билан шу пайтгача ҳеч ким қизиқмагани, уларнинг тақдирига бефарқ бўлгани ажабланарли ҳол. Маҳаллий ҳокимият, маҳалла қўмитасининг бундан бехабар бўлганига ишониш қийин. Агар хабардор бўлса, уларга ёрдам қўлини чўзишга уринмагани янада таажжубга солади. Наҳотки, эҳтиёжманд, ночор оилаларга ёрдам берилиши учун уларнинг аҳволи ижтимоий тармоқларда овоза бўлиши, матбуотда ёритилиши шарт бўлса? 20 йил олдин бу оилаларга берилиши керак бўлган уйлар қандай асос билан бошқа одамларнинг қўлига ўтиб кетган, нима учун ҳақиқий эгаларига етказилмаган?

Ҳазорасп тумани маҳаллий бюджетида кам таъминланган, эҳтиёжманд оилаларга ёрдам бериш учун маблағ бор ёки йўқлигини билмаймиз, аммо туманни зинҳор «қолоқ ва камбағал ҳудуд», деб бўлмайди.

Шаҳарчада жуда катта улгуржи ва чакана бозорлар, юзлаб дўконлар бор - бу ер тижорат қайнаб турган жой. Ҳазорасп улгуржи бозорларида вилоятнинг барча шаҳар ва қишлоқларидан, ҳатто қўшни вилоятлардан келиб савдо қилишади. Агар бюджет маблағларининг танқислиги имкон бермаса, мулозимлар тадбиркорларни, бақувват ҳомийларни жалб қилиб, оилаларнинг ижтимоий аҳволини яхшилашга кўмак бериши, муаммонинг қандайдир бошқача ечимларини топиши мумкин эди. Савоб илинжида юрган, эҳтиёжмандларга ёрдам қўлини чўзишга ҳаракат қиладиган саховатгўй одамлар юртимизда йўқ эмас.

Ижро ҳокимияти органлари вакилларини кўпроқ халқ дарди билан яшашини, уни қийнаётган муаммоларини ечишга ҳаракат қилишини, эҳтиёжманд оилаларга нисбатан муносабатни ўзгартиришини истар эдик. Шунда орамизда бундай ночор одамлар қолмаган бўларди.

Нурмуҳаммад Саид
Kun.uz мухбири

Мавзуга оид