Ўзбекистон | 13:00 / 07.01.2019
9925
3 дақиқада ўқилади

The Guardian 2019 йилда Ўзбекистон ва Қирғизистонга ташриф буюришни тавсия қилди

Британиянинг The Guardian газетаси Қирғизистон ва Ўзбекистонни 2019 йилда саёҳатчилар учун тавсия этиладиган 40та йўналишдан иборат рўйхатга киритди. Рўйхат 5 январда эълон қилинди.

Қирғизистон

Фото: Ferdi Merkx, E-in-Motion/Getty Images

Марказий Осиёдаги бу тоғли давлат денгизга чиқиш йўлига эга эмас, бироқ унда ёввойи табиатнинг улкан ҳудудлари мавжуд, у ерда ярим кўчманчи халқлар ҳали ҳам бургутлар билан ов қилишади. Сайёҳлар Иссиқкўлда, ЮНEСКОнинг биосфера қўриқхонаси бўлган, қорли тоғлар билан ўралган кўлда бундай анъанани кўришлари мумкин.

Фото: tunart/Getty Images/iStockphoto

Иссиқкўлдан ғарбда жойлашган Қўчқор қишлоғи пиёдалар учун яхши база саналади, унда 4000 метрдан баланд бўлган довонлар орқали ўтувчи жойлар бор. Йўналишларнинг аксарияти ўтов лагерларидан ўтади, у ерда саёҳатчиларга чўпонларга қўшилиш, шунингдек, қимиз татиб кўриш таклиф қилинади, деб ёзади нашр.

Ўзбекистон

Фото: Tuul & Bruno Morandi/Getty Images

2016 йилда президент Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келганидан сўнг, Ўзбекистонда изчил ўзгаришлар юз бермоқда, дея таъкидлайди The Guardian.

«Мамлакатнинг машҳур меҳмондўстлиги, ажойиб меъморчилиги ва Буюк ипак йўли меросини бошдан кечиришга интилган сайёҳлар учун шароитлар тезда яхшиланмоқда», - дея қайд этади газета.

The Guardian электрон визалар жорий этилаётганини алоҳида таъкидлаган. Бу ушбу давлатга ташрифни Марказий Осиёдаги бошқа қўшни мамлакатларга сафар билан уйғунлаштириш имконини беради.

Истанбулдан Самарқандга парвозлар очилиши билан Лондондан қадимий шаҳарни зиёрат қилиш анча осонлашди, асосий туристик шаҳарлар эса энди тезюрар темир йўл транспорти билан боғланган.

Фото: Getty Images

«Пойтахт Тошкентга ташриф буюрмаслик хато бўлади, - дея қайд этади газета, - бу, шу жумладан, метро бекатларида фотосуратга олиш бўйича тақиқ бекор қилингани билан боғлиқ».

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Financial Times Ўзбекистон ва Тожикистонга ташриф буюришни тавсия қилганди.

Мавзуга оид