Фан-техника | 18:21 / 10.01.2019
9081
2 дақиқада ўқилади

Tesla компанияси асосчисига Хитой “грин-картаси” таклиф қилинди

Фото: AP Photo / Refugio Ruiz

ХХР давлат кенгаши раҳбари Ли Кэцян Американинг Tesla автозаводи бошлиғи Илон Маск билан учрашувда унга Хитой "грин-картаси" берилиши мумкинлигини айтди. Бу ҳақда ХХР давлат кенгаши матбуот хизмати хабар қилди.

Ли Кэцян Шанхайда Tesla заводи қурилишига расмий старт берилганидан сўнг Илон Маск билан учрашди.

"Шанхайдаги Tesla заводини бутун дунё учун намунага айлантирмоқчиман. Хитойни жудаям севаман ва бу ерга тез-тез келишга тайёрман", деди Маск.

Ли Кэцян, ўз навбатида унга доимий равишда яшаш ҳуқуқи берилиши мумкинлигини билдирди.

Аввалроқ Маск завод қурилишининг биринчи босқичи ёзда якунига етишини, йил охирига келиб Model 3 электромобиллари ишлаб чиқарилишини айтганди.

"Жэньминь жибао" газетасининг ёзишича, Хитойда хорижликлар доимий яшаш ҳуқуқини олишлари жуда қийин иш бўлиб, бунинг учун шахс камида Нобель мукофоти совриндори ёки машҳур спорт юлдузи бўлиши лозим.

2004 йилдан 2016 йилгача Хитой 10 мингга яқин хорижликка доимий яшаш ҳуқуқини берган. Улар орасида ядровий физик Жоан Хинтон, иқтисодиёт бўйича Нобель мукофоти лауреати Роберт Манделл, кимё бўйича Нобель мукофоти лауреатлари Курт Вютрих ва Бернард Феринга, америкалик баскетболчи Стефон Марберилар бор.

Tesla Шанхайда йилига 500 мингта автомобиль ишлаб чиқарувчи завод қуришни режалаштирган, Дастлабки маълумотларга кўра, завод қурилиши 5 миллиард долларга тушади.

Мавзуга оид