Ўзбекистон | 00:30 / 10.01.2019
29500
6 дақиқада ўқилади

«Амалдорлар жамоатчилик фикрига қулоқ тута бошлади». Юлий Юсупов «Черняевка»даги ўзгаришлар ҳақида

Иқтисодий ривожланишга кўмаклашув маркази (CED) раҳбари Юлий Юсупов халқ орасида "Черняевка" номини олган божхона постида янги зал очилиши маросимида иштирок этди ва шунга доир фикрлари билан бўлишди.

"Ғишткўприк" божхона постида ("Черняевка") паспорт назорати ва божхона текширувидан ўтиш учун янги залнинг очилишида қатнашдим. Таклифдан ажабландим: кузда facebook'да одамларнинг пост орқали ўтиши ёмон ташкил қилинганига оид икки ёқимсиз изоҳ нашр этдим (баъзи электрон ОАВ у билан бўлишди). Менинг фикримча, навбатлардаги тирбандлик энг аввало тўсиқлар ва панжаралардан фойдаланиш туфайли юзага келар эди. Бу эса:

а) одамларнинг шусиз ҳам кичик жойининг бир қисмини олар эди;

б) баъзи ҳолатларда сиқилишга олиб келиб, физика қонунларига мувофиқ тирбандликка олиб келарди.

Икки мақоламдан кейин энг хавфли тўсиқлар олиб ташланди ва учинчи изоҳимда бу ҳақида ёздим.

Мана, янги кенг зал ҳам қуриб, эксплуатацияга киритилди. Ундан Ўзбекистонга киришда фойдаланилади. Илгари икки қисмга бўлинган эски зал энди тўлиқ мамлакатдан чиқувчилар учун ажратилган. Кабинкаларнинг кўпи - паспорт назорати ва буюмларни текширувчи қурилмалар учун. Имконияти чекланган шахслар ва сайёҳлар учун алоҳида кабинкалар ажратилган. Постнинг ўтказиш қуввати сезиларли даражада ошган. Ўриндиқлар ўрнатилган. Сув учун кулерлар ўрнатилиши режалаштирилмоқда. Ногиронлиги бўлган кишилар ва кексалар учун аравачалар келтириш ҳақида ўйлашмоқда. Асосийси, ҳеч қандай тўсиқ ва панжаралар йўқ! Яшанг!

Божхона қўмитаси вакиллари ва пост ишчилари билан мулоқот давомида маълум бўлишича, менинг постларим ва уларга нисбатан жамоатчиликнинг реакцияси янги зални қуриш ва ишга туширишга доир ишларнинг тезлашишига туртки берган. Жамоатчилик фикрини барча инобатга олаётгани кўп бора таъкидланди ва бу яхши.

Айтганча, Божхона қўмитаси вакиллари билан юқори бож тўловлари ишлаб чиқарувчиларимизни ҳимоя қилмаслиги, балки божхона органлари фаолияти учун қийинчиликлар юзага келтириши, контрабанда ва коррупция учун қулай муҳит яратишига доир фикримиз тўлиқ мувофиқ келиши аниқланди. Ўз муаммоларини юқори божхона тўловлари эвазига ҳал қилишга уринувчи турли лоббистлар билан ҳамкорликда курашишга келишиб олдик. 2018 йилнинг июнида божхона тўловларининг радикал қисқариши ва ҳатто аксарият товарлар бўйича уларнинг тўлиқ бекор қилинишига доир қарор қабул қилинишига қарамай, декабрь охирида бу қарор қатор позициялар бўйича юқори божхона тўловларини сақлаб қолиш фойдасига қисман қайта кўриб чиқилди.

Шунингдек, юкларни назорат қилиш жараёнлари бўйича жиддий ўзгаришлар режалаштирилаётгани ҳақида ҳам сўз борди, бу ўз навбатида мамлакатимиздаги ташқи иқтисодий фаолиятни сезиларли даражада енгиллаштириши керак.

Нима учун бу муҳим?

Ўзбекистонни Қозоғистон билан боғловчи асосий божхона постида янги залнинг очилиши - бизнинг дунёга очилиш ва қўшнилар билан дўстона, ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйишимиз томон қўйилган муҳим қадам.

Чегара постлари - ер усти ва аэропортлардаги постлар - Ўзбекистоннинг ўзига хос ташриф қоғози. Улар бўйича ташриф буюрувчиларда мамлакат ҳақидаги илк таассуротлар шаклланади. Баъзан эса бу таассуротлар энг ёдда қоларлиси бўлиши мумкин.

Японияда икки марта бўлдим ва энг ёрқин хотираларимдан бири қуйидагича. Ўзбекистонга қайтяпмиз. Халқаро аэропорт. Юкни топширдик. Қўл юки текширувидан ўтяпмиз. Ҳамкасбимнинг сумкасида қандайдир соус жойланган идиш бор экан, бортга эса суюқлик билан чиқиш мумкин эмас. Япон божхона ходимлари минг марта кечирим сўраб (ҳеч айби бўлмаса-да), соус солинган идишни алоҳида жўнатма сифатида қадоқлашди ва Тошкентга йўллашди. Бу мен учун шок бўлди. Мамлакатнинг ташриф қоғози қандай бўлиши кераклиги ҳақида ўйлантирувчи яхши маънодаги шок.

Мен кўп саёҳат қилишимга тўғри келган, энг аввало Марказий Осиё минтақаси бўйлаб. Турли одамлар билан кўп мулоқотда бўлганман ва суҳбатлашаман. Уларни Ўзбекистонга таклиф қиласиз: "Бизнинг юртда ҳам меҳмон бўлинг!" Афсуски, кўпинча "Раҳмат, аммо бормайман", деган жавобни эшитганман. "Нима учун?". "Бир марта бўлганман - бошқа бориш истагим йўқ". Энг ёмони, бизнинг мамлакатимиз билан боғлиқ салбий таассуротларнинг 90 фоизи чегарадан ўтиш вақтида ҳосил бўлган. Навбат кутиш, тартибсизлик, текширувдан ўтишдаги таҳқирликлар, пул "шилиш".

Яна кўпчилик чегара "ёпиқ"лиги сабаб кела олмаган. Бу ўтиб бўлмас чегара илгари бўлмаган жойда юзага келган. Юзлаб йиллар ўзаро қардошлик ва дўстона алоқалар билан боғланган икки энг яқин қишлоқ аҳолиси бирдан кечиб бўлмас девор билан ажратилган. Сўнгги икки йилда бу масалалар бўйича катта ўзгаришлар рўй берди. Чегаралар очилди. Божхона пунктларидан ўтиш соддалаштирилди. Мамлакатлар ўртасида товарлар ва капиталлар ҳаракати ҳам енгиллаштирилмоқда. Ривожланиш ва ютуқлар кўринмоқда. Қўшни мамлакатларда Ўзбекистонга бўлган муносабат кескин ўзгарди. Биз ва президентимизни мақташмоқда, қўллаб-қувватлашмоқда, муваффақиятлар тилашмоқда. Келиш истагида бўлганлар сони ошмоқда.

Умуман олганда, чегарадан ўтиш учун қулай шароитлар яратиш нафақат меҳмонлар ва сайёҳлар учун, балки Ўзбекистон аҳолисининг ўзи учун, шу билан бирга ер усти чегара пунктларидан фойдаланувчи хорижликлар учун ҳам муҳимдир.

Бундан ташқари, янги залнинг очилиши - амалдорларнинг ниҳоят жамоатчилик фикрига қулоқ тута бошлагани белгиси. Ҳукумат ва аҳоли ўртасида аста-секинлик билан ҳозирча бўш, беқарор механизмлар шаклланмоқда. Умид қиламизки, вақт ўтиши билан бу механизмлар мустаҳкамланади, кенгаяди ҳамда мамлакатда тўлақонли фуқаролик жамияти ва фуқаролар назоратидаги давлат юзага келади".

Мавзуга оид