Ўзбекистон | 20:40 / 11.01.2019
31326
5 дақиқада ўқилади

Иқтисодиёт вазирлиги қайта ташкил этилди

10 январь куни Ўзбекистон президентнинг «Иқтисодий ривожланиш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони қабул қилинди.

Фармонга мувофиқ, Иқтисодиёт вазирлиги Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги этиб қайта ташкил этилган.

Қуйидагилар вазирликнинг асосий вазифалари этиб белгиланган:
- макроиқтисодий индикаторларни таҳлил қилиш ва прогнозлаш асосида иқтисодиётни бошқаришнинг бозор механизмларини жорий этиш ва иқтисодиётнинг реал сектори ҳолати, ташқи бозорлари конъюнктураси ҳамда глобал ва минтақавий иқтисодий ривожланиш тенденциялари билан боғлиқ ҳолда иқтисодиёт асосий соҳаларини ривожлантириш стратегиясини шакллантириш;
- хусусий тадбиркорликни ривожлантиришни рағбатлантириш, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш ва «хуфёна» иқтисодиёт улушини қисқартириш учун қулай шароит яратиш, жумладан иқтисодий жараёнларда давлат иштирокини қисқартириш, бюрократик тўсиқларни бартараф этиш, молиявий ва ишлаб чиқариш ресурсларидан фойдаланиш қулайлигини таъминлаш, шунингдек, кичик саноат зоналари салоҳиятидан самарали фойдаланиш орқали бунга эришиш;
- миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш ва диверсификация қилишни, шунингдек, ҳудудлар ва тармоқларни ривожлантириш уйғунлигини таъминлаш мақсадида ишлаб чиқариш кучларини самарали жойлаштириш, ҳудудларнинг мавжуд табиий ва иқтисодий ресурсларидан самарали фойдаланиш асосида мамлакат саноатини ривожлантириш стратегияларини (моделларини) ишлаб чиқиш;
- инновация қурилмалари ва технологияларини жорий қилиш, меҳнат унумдорлигини ошириш, ишлов бериш тармоқларини жадал ривожлантириш ва юқори қўшилган қийматли тайёр рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш асосида товар бозорлари мувозанатини таъминлаш бўйича тизимли чора-тадбирларни амалга ошириш;
- экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантиришга қаратилган саноат сиёсатини амалга ошириш, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш асосида унинг импортга қарамлигини камайтириш орқали миллий иқтисодиётнинг экспорт салоҳиятини ошириш мақсадида ташқи иқтисодий фаолиятни ривожлантиришнинг стратегик йўналишларини ишлаб чиқиш; шунингдек республика ҳудудлари ва хорижий давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини кенгайтириш;
- урбанизация соҳасида давлат сиёсатини кучайтириш, ишлаб чиқаришларни оқилона жойлаштириш, турар жойларни муҳандислик, транспорт ва ижтимоий инфратузилма билан биргаликда қуришни инобатга олган ҳолда урбанизация жараёнларини давлат томонидан самарали тартибга солишни таъминлаш, шунингдек ер участкаларига оид замонавий бозор механизмларини жорий этиш;
- барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш мақсадида инвестицияларни жалб қилиш соҳалари ва тармоқларини аниқлаш орқали мамлакатнинг фаол инвестиция сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этиш;
- миллий иқтисодиётни ривожлантириш ва унинг рақобатбардошлигини оширишнинг асосий ресурслари ва омилларидан бири сифатида инсон капиталининг даражаси ва сифатини, устувор равишда қишлоқ жойларида, яхшилаш бўйича комплекс таҳлил олиб бориш ва чора-тадбирларни ишлаб чиқиш;
- иқтисодиёт органлари фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг жорий этилишини таъминлаш, кадрларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, вазирлик аппарати ва унинг таркибий бўлинмаларининг, устувор равишда ўзига бириктирилган соҳадаги аниқ натижаларга эришиш, олдига қўйилган вазифаларни ўз вақтида ва сифатли бажариши учун ходимларнинг шахсий жавобгарлигини оширишга йўналтирилган иш шакллари ва усулларини такомиллаштириш;
- Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари ҳисобидан молиялаштириладиган лойиҳаларни ўз вақтида ва сифатли амалга оширишда кўмаклашиш, мамлакатни ривожлантириш давлат дастурлари ва инвестиция дастурларини шакллантириш ва амалга ошириш доирасидаги лойиҳаларни, уларнинг лойиҳа олди, лойиҳа ва тендер ҳужжатларини, техник топшириқларни экспертизадан ўтказиш бўйича идоралараро комплекс тизимини ташкил қилиш.

Шунингдек, вазирлик мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ва индустриал ривожлантириш соҳасида давлат сиёсатини, шунингдек инвестиция сиёсатининг стратегиясини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ваколатли орган этиб белгиланди.

Эндиликда, барча норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан келишиш ҳужжат Адлия вазирлигига ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш учун киритишдан олдин амалга оширилади.

Кичик саноат зоналари ҳудудида қиймати 7 млн АҚШ долларидан юқори бўлган инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш бўйича қарорлар вазирлик билан келишилади.

Вазирлик 2019 йил 1 июнгача Ўзбекистон Республикасини 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш Концепцияси лойиҳасини ишлаб чиқади.

Шунингдек, Фармон билан Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти таркибида Ходимларнинг малакасини ошириш ўқув маркази ташкил этилди.

Кичик саноат зоналари иштирокчилари учун имтиёз ва преференциялар амалдаги иштирокчилар учун 2020 йил 1 январгача сақлаб қолган ҳолда бекор қилинди.

Шунингдек, кичик саноат зоналари иштирокчилари учун қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

- бино ва иншоотларга мулк ҳуқуқини расмийлаштириш;
- инвестиция ва ижтимоий мажбуриятларни тўлиқ бажарган тақдирда ўзларига берилган бинолар ва иншоотларни хусусийлаштириш;
- реконструкция қилиш ёки капитал таъмирлашни ўз маблағидан амалга оширган тақдирда, бинолар ва иншоотларни хусусийлаштириш.

Мавзуга оид