Кореянинг энг замонавий кутубхоналаридан бири – Жанубий Корея Миллий смарт кутубхонасига саёҳат
Сежонг шаҳрида жойлашган Миллий кутубхона Корея миллий кутубхонасининг биринчи филиали саналиб, у айнан Кореянинг мультифункционал-админстратив шаҳрида қурилди.
Таниқли Samoo Architects & Engineers томонидан барпо этилган мажмуанинг ташқи қиёфаси варақланаётган китобнинг шаклини ёдга солади ва ўзининг ноодатий дизайни туфайли осонлик билан китоблар маконини топиб олиш имконини беради. Шунингдек бино архитектура дизайни кореяликларнинг ўз қадимий бино ва иншоотларининг дизайнини эслатади деб ўйлайман. Бу эса Корея халқининг ўз тарихини унутмаганлигини ва қадимий архитектура билан хай-тэк услубларини уйғунлаштириб, янгича ёндашувлардан фойдаланишаётганлигидан далолат беради.
Сежонг кутубхонаси нафақат турли-туман соҳаларга бағишланган китобларни ўзида жамлаган замонавий маскан, балки китобхонлар қулайлиги учун энг илғор рақамли технологияларни ўзида мужассам этган мукаммал мажмуа ҳисобланади. Шу сабабли ҳам кутубхонага “E-BRARY”, (яъни emotion –эмоция, library – кутубхона) номи берилган.
Бу ерда одамлар ҳамиша гавжум бўлиб, фойдаланувчилар ташрифининг кети узилмайди. Маҳаллий аҳоли ва талабалар учун эса аллақачон севимли масканга айланишга улгурган. Кутубхона ичида турли бўлинмаларга бўлинган кенг ва ёруғ зоналар мавжуд бўлиб, сиз исталган ерда китоб ўқишингиз, ишларингиз билан машғул бўлишингиз мумкин. Шунингдек, кўргазмалар залида кутубхона меҳмонлари ўз қўллари билан ажойиб ижод намуналарини яратишлари мумкин.
Кутубхонада Wi-Fi’дан фойдаланиш осон бўлиб, замонавий техник қурилмалар орқали муҳим ишларни ҳам битириш мумкин. Агарда зарур қўнғироқ бўлиб қолса, атрофдагиларга халақит бермаслик учун махсус телефон будкалари ўрнатилган. Ишонч ҳосил қилиш мақсадида қўнғироқ амалга ошириб кўрдим ва ташқаридаги дўстим овозимни умуман эшита олмаганлигини айтди. Бу будкалар товуш ўтказмайдиган қилиб ясалган.
Таъкидлаш жоизки, кореяликлар энерготежамкорликка ва қайта тикланувчи энергия манбааларидан фойдаланишга жуда катта эътибор беришади. Шунинг учун, кўпгина катта бино ва иншоотларда қуёш панелларидан ва кичик шамол парракларидан электр энергиясини ишлаб чиқаришда фойдаланишади.
Кутубхона маъмурияти эса бино қанча электр энергияси ишлаб чиқарди ва қанча сарф этганлигини онлайн режимида кўрсатиб турувчи табло ўрнатган. Бу ўз навбатида Кореяда давлат ташкилотларининг электр энергияси бўйича сарф-харажатларнинг шаффофлигини кўрсатиб туриш механизми борлиги ва “яшил ва смарт иқтисодиёт”га ўтилаётганлигидан далолат беради.
Болажонлар учун махсус ҳудуд мавжуд бўлиб, турли мавзулардаги адабиётларни топиб, ўқиш мумкин. Ҳаттоки, ота-оналар ҳам фарзандлари билан китоб мутолаа қилиб, вақтларини мазмунли ўтказишга ошиқишади.
Дарвоқе, мазкур фоторепортаж Кun.uz’нинг Жанубий Кореялик мухбири томонидан 2018 йил 31 декабрь куни тайёрланди.
Янги йил кириб келишига бир неча соат қолган бўлса-да, кутубхона катта-ю кичик ёшдаги инсонлар билан гавжум эди. Кореяликларнинг китобга бўлган муҳаббати, билимга бўлган иштиёқини шундан ҳам пайқаш сир эмас.
Агарда сизнинг ҳам йўлингиз Кореянинг янги “смарт” шаҳрига тушиб қолса, марказда қад ростлаган кутубхонага ташриф буюришни унутманг. Бу ерда сиз илм ва технологиянинг бетакрор уйғунлигига гувоҳ бўласиз.
Феруза Авазова
Kun.uz мухбири
Мавзуга оид
02:35 / 12.11.2024
NBC: Жанубий Корея президенти Трамп билан учрашув олдидан голф машғулотларини қайта бошлади
17:52 / 11.11.2024
LG дунёдаги биринчи чўзилувчан дисплейни намойиш қилди
12:38 / 11.11.2024
Алишер Абдусаломов Жанубий Корея президентига ишонч ёрлиқларини топширди
00:08 / 11.11.2024