Жаҳон | 19:45 / 17.01.2019
16436
2 дақиқада ўқилади

Олимлар касса чекларининг соғлиқ учун зарарлигидан огоҳлантиришди

Иллюстратив фото

Олимлар касса чекларини босиш учун термоқоғоз таркибида эндокрин тизим касалликлари билан боғланган бисфенол А кимёвий моддасини аниқлашди. Бу ҳақда Genetic Engineering & Biotechnology News портали маълум қилди.

Гранада университети олимлари бошчилигидаги тадқиқотчилар гуруҳи Испания, Бразилия ва Франциядаги дўконлар ва ресторанларда берилган чекларни таҳлил қилишган. Испания ва Бразилияда бисфенол А моддаси 90 фоиз чек намуналарида, Францияда эса тахминан ярмида аниқланган.

Ўрганилган намуналарда ушбу модданинг миқдори Еврокомиссия томонидан ўрнатилган меъёрдан 30-100 марта кўпроқ бўлгани аниқланган.

Баъзи чекларда бисфенол А’нинг “зарарсиз” муқобили ҳисобланган бисфенол S аниқланган, бироқ бу модда ҳам гормонал бузилишларга олиб келади.

“Сиз маҳсулотларни очганингизда чеклар маҳсулотларга тегмаслигини назорат қилишингиз керак. Бундан ташқари, бу чекларни ахлат челакка ташлаш, уларга ёзиш ва машиналар, кармон ёки сумкаларда сақлаш керак эмас”, деб айтган университет профессори Николас Олеа.

Олимларнинг таъкидлашича, бисфенол А бир қатор гормонал бузилишларга олиб келади ва онкологик касалликлар, бепуштлик, аутизм, иккинчи турдаги қанд касаллиги ва бошқа касалликлар ривожланиш хавфи билан боғланган. 

Мавзуга оид