Спорт | 01:49 / 17.01.2019
17300
2 дақиқада ўқилади

Осиё Кубоги. «Самурайлар» билан жанг олдидан сўнгги тайёргарлик (видео)

Ўзбекистон терма жамоаси Осиё Кубоги гуруҳ босқичининг сўнгги турида Японияга қарши майдонга тушади. Плей-офф йўлланмасини ҳал қилиб олган жамоалар энди гуруҳ ғолиби масаласига ойдинлик киритишади. Ўйиндан бир кун олдин, 16 январь куни жамоа учрашув бўлиб ўтадиган Ал-Айндаги «Халифа бин Зайд» стадионида расмий машғулотларни ўтказди.

Tas-IX

YouTube

Жамоаларнинг ўзаро ўйинлари статистикаси кўпчиликка маълум. Ҳозирга қадар Ўзбекистон Японияни фақат бир маротаба – 2012 йилнинг февраль ойида ЖЧ саралаши доирасида мағлуб эта олган. Тойота шаҳридаги ўша ўйинда мезбонларни 40 мингдан ортиқроқ мухлис қўллаб турган, шунга қарамай японлар Александр Шадриннинг голига жавоб қайтара олишмаганди.

Жамоалар ҳозирга қадар 10 маротаба учрашган. Япония 1997 йилгача ўтган илк учта ўйинда ғалаба қозонганидан кейинги даврда ҳали бирор марта кетма-кет иккита баҳсда Ўзбекистонни мағлуб эта олмаган. Ягона ғалабадан ташқари ўзбекистонликлар 3 марта дурангга эришишган, 6та ўйинда японларнинг қўли баланд келган. Тўплар нисбати – 9:28.

Қайд этиш керак, Япония Осиё Кубоги гуруҳ босқичи доирасида сўнгги марта 2011 йилги чемпионатнинг илк турида очко йўқотган эди (Иордания билан дуранг ўйналган). «Самурайлар» қитъа биринчилиги гуруҳ ўйинларининг шундан кейинги 7та ўйинида фақат ғалаба қозониб келмоқда. Шунингдек, ЖЧ-2018 нимчорак финалидаги Бельгиядан қабул қилинган мағлубиятдан кейин ўтган 7та учрашувдан буён Японияни мағлуб этадиган жамоа топилмаяпти (6 ғалаба ва 1 дуранг). Японлар Осиё Кубогида энг кўп марта – 4 карра чемпионликка эришганини ҳам таъкидлаш зарур.

Эслатиб ўтамиз, Япония–Ўзбекистон ўйини бугун, 17 январь куни Тошкент вақти билан соат 18:30да старт олади.

Ўзбекистон терма жамоаси Япония билан ўйинга тайёр (фоторепортаж)

Мавзуга оид