Ўзбекистон | 17:38 / 18.01.2019
7531
2 дақиқада ўқилади

Тошкент шаҳри бўйлаб бир йилда 102 рақами орқали нечта мурожаат бўлган?

Фото: KUN.UZ

Тошкент шаҳар ИИББ бошлиғи Рустам Жўраев махсус брифинг давомида пойтахт ички ишлар тизими фаолияти, 2018 йил сарҳисоби ҳақида маълумотлар берди.

Р. Жўраевнинг маълум қилишича, 2018 йил давомида пойтахт бўйлаб 102 қисқа рақами орқали 189 657 та мурожаат қабул қилинган. Шундан 9102 таси хато қўнғироқлар, яъни адашиб тушишлар, қўнғироқ қилиб сукут сақлаш ёки бекорчиликдан қўнғироқ қилиш кабилардир. Мурожаатларнинг барчасига жавоб берилган.

“Ҳозирги кунда тезкорлик зарурати бўлганда ходимларимиз ўртача 5-7 дақиқада етиб бормоқдалар. Бир вақтлар ҳатто автомобилларимиз учун ёқилғи масаласида ҳам қийналардик. Президентимизга бу борада мурожаат қилганимиздан сўнг масала ҳал этилди. Мурожаатлар билан ишлашда олдингидек кимдир кимгадир буюриш тизимини бекор қилдик. Мурожаатни қабул қилган операторнинг ўзи энг яқиндаги ходимни жўнатади ва назорат қилади. Бу ўз самарасини берди – бир марта жиноятчи бир кишини пичоқлаб, қўлидан пичоқни ташлашга улгурмаган ҳолатда ходимларимиз етиб бориб қўлга олганлари ҳам қайд этилди ҳатто”, - дея ИИББ бошлиғи сўзларидан иқтибос келтиради Kun.uz мухбири.

Мавзуга оид