Спорт | 21:44 / 25.01.2019
15948
2 дақиқада ўқилади

АПЛ клуби йўқолиб қолган янги футболчиси хариди учун пул тўлайдиган бўлди

Англия премьер-лигасининг “Кардифф Сити” клуби Франциянинг “Нант” клубига 22 январда парвоз вақтида йўқолиб қолган футболчи Эмилиано Саланинг трансфери учун пул тўлайдиган бўлди.

Юрист Александра Коэннинг тушунтиришича, футболчининг харид қилиниши бўйича битим ФИФА рўйхатига киритилган бўлса ҳақиқий деб ҳисобланади. Бу ҳолда “Кардифф” эндигина харид қилган футболчи учун “Нант”га 17 млн евро тўлаб бериши керак бўлади. Маълум қилинишича, клублар ўртасидаги келишув 19 январда тузилган ва 3 кундан кейин тасдиқланган.

Шу билан бирга “Кардифф” футболчини суғурталашга улгурган бўлса, тўлиқ компенсация олишга умид қилиши мумкин.

22 январда Сала Нантдан Кардиффга хусусий самолётда учган. Самолёт Ла-Манш устидан ўтаётганда радарлардан йўқолиб қолган. Учувчи ва футболчини қидириш операцияси 2 кун давом этган ва 24 январда бесамар якунланган. Маълум қилинишича, самолёт учувчисида тижорий йўловчиларни ташишга лицензия бўлмаган, у фақатгина хусусий парвозларни амалга ошириши мумкин бўлган.

Айни вақтда рейс тафсилотлари аниқлаштирилмоқда.

28 ёшли футболчи ва 59 ёшли учувчи Дейв Ибботсон Piper PA-46 Malibu самолётида учишган.

АПЛ клуби Сала учун ўз тарихидаги рекорд нархни тўлаган. Бунгача аргентиналик футболчи фақат Франция чемпионатида тўп сурган. 

Мавзуга оид