Жамият | 11:44 / 29.01.2019
8895
3 дақиқада ўқилади

Қамашида боғча ва туғруқхонага эҳтиёж катта

Ўтган йил 13-14 декабрь кунлари президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига ташриф буюриб, вилоятдаги ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари, йирик лойиҳалар билан яқиндан танишиб, халқ билан мулоқот қилди. Шунингдек, ҳудудларни, туманларни, жумладан, Қамаши туманини янада ривожлантириш борасида муҳим тавсияларни бергани воҳа аҳлини жуда мамнун қилди.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойлаштирилган Вазирлар Маҳкамасининг “2019-2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳаси туман тараққиётини янги босқичга олиб чиқади. Лойиҳа халқ депутатлари Қамаши туман Кенгаши томонидан чуқур ва атрофлича ўрганилмоқда.

Туман Кенгаши депутатлари ва фаоллар ушбу қарор лойиҳаси Қамаши туманининг ижтимоий-иқтисодий, маърифий-маънавий ҳаётида янги даврни бошлаб беришини эътироф этгани ҳолда қатор ўринли таклиф ва мулоҳазаларни ҳам билдиришмоқда.

Меҳнат фахрийси Улуғой Холбоеванинг қайд этишича, тумани Дўстлик МФЙ ҳудудидаги 1-мактабгача таълим муассасасига нафақат ушбу маҳалладаги, балки узоқ-яқиндаги маҳалла фарзандлари ҳам келади. Айни пайтда қиш-қировли кунлар бўлганлиги туфайли ушбу боғча ўз фаолиятини тўхтатиб турибди. Негаки, мазкур боғча бундан деярли 70 йил аввал, яъни 1950 йилда қурилган бўлиб, унинг ҳолати аянчли ва хавфли бўлганлиги учун муассасага болаларнинг бориши 12 фоизни ташкил қилади.

Ушбу мактабгача таълим муассасаси тўлиқ реконструкция қилиш, замонавий талабларга жавоб берадиган боғчага айлантириш ушбу маҳаллада истиқомат қилаётган аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшилаш йўлидаги эзгу иш бўлади.

Қамаши туманида 260 мингга яқин аҳоли истиқомат қилади. Аҳоли кўплигини ҳисобга олган ҳолда замонавий туғруқхона комплексини қуриш ва ўз вақтида фойдаланишга топшириш айни куннинг муҳим вазифаси деб биламан, дейди тумандаги яна бир меҳнат фахрийси Абдурасул Ғофуров.Шу боис Қамаши шаҳрида 130 ўринга мўлжалланган, жаҳон стандартлари даражасида аҳолига хизмат кўрсатадиган, тиббиётнинг энг замонавий асбоб-ускуналари билан жиҳозланган туғруқхонанинг қурилиши ва унинг Вазирлар Маҳкамасининг “2019-2020 йилларда Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор лойиҳасига киритилиши туман аҳлининг кўнглидаги иш бўларди.

Таълим ва тарбия, тиббий хизмат тараққий этса, ўша юрт ривожланади. Муҳими, президент томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар кўлами ва натижаси айнан ижтимоий соҳаларда намоён бўлади.

Мавзуга оид