Ўзбекистон | 23:20 / 31.01.2019
10138
3 дақиқада ўқилади

Ўзбек адабиётида адабий танқид сустлашиб кетгани таъкидланди

Бугун 31 январь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси анжуманлар залида маҳаллий журналистлар, таниқли ёзувчи ва шоирлар, ижодкор ёшлар иштирокида матбуот анжумани ташкиллаштирилди. Тадбирда иштирок этган Kun.uz журналисти шу ҳақда хабар берди.

Унда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси раиси Сирожиддин Саййид ва уюшма раисининг ёшлар билан ишлаш бўйича ўринбосари Нодир Жонузоқ мазкур уюшма қошида ташкил этилган ёш ижодкорлар тўгараклари ҳақида маълумот берди.

Аҳмаджон Мелибоев, "Жаҳон адабиёти" журнали бош муҳаррири

Анжуманда шу пайтга қадар фаолият олиб борган “Онажоним шеърият” тўгараги ижодкор ёшларни излаб топиш, уларнинг салоҳиятини ошириш ва интилишларини рўёбга чиқариш борасида катта туртки бергани, ушбу тўгарак фаолиятидан орттирилган тажриба асосида эндиликда адабий жанрлар бўйича алоҳида тўгараклар фаолият олиб бориши айтиб ўтилди.

Йиғилишда сўзлар экан, ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад фаолияти тўғри ташкил қилинган адабий тўгаракларнинг ҳар доим ҳам ижодга кириб келаётган ёшларни кашф этиш ва истеъдодини чархлашда ўрни юқори бўлган, дея таъкидлади. Жумладан, бир пайтлар Самарқандда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Нуриддин Шукуров асос солган “Шалола” тўгараги ўзбек адабиётига кўпгина забардаст ижодкорларни етказиб берган, деди у.

Хуршид Дўстмуҳаммад, ёзувчи

«Тан олайлик, ўзбек адабиётида адабий танқид сустлашиб кетди. Бу йўналиш ҳозир деярли ишламаяпти. Янги ташкил этилган тўгаракларда кучли адабий танқидчилар, таҳлилчилар етишиб чиқишини кутяпман»,  деди анжуманнинг яна бир иштирокчиси, филология фанлари доктори Баҳодир Каримов тўгараклар ҳақида фикр билдира туриб.

Баҳодир Каримов, филология фанлари доктори (чапдан биринчи)

Ёзувчилар уюшмаси қошида фаолияти йўлга қўйилаётган тўгараклар бадиий таржима, шеърият, наср ва адабий танқид каби жанрларда фаолият олиб боради.

Рустам Мирвоҳид, шоир

Матбуот анжуманида мазкур тўгаракларни келгусида кўчма тарзда турли таълим муассасаларида ҳам ташкил этилишига алоҳида урғу берилди. Бадиий ижодга кириб келаётган барча ёшлар ушбу тўгаракларда ўз маҳоратларини ошириши мумкин.

Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси қошида ташкил этилган тўгараклар ҳақида батафсил маълумотларни (+998 99) 898-30-22 телефон рақамларидан олишингиз мумкин.

Мавзуга оид