Ўзбекистон | 20:49 / 04.02.2019
28614
5 дақиқада ўқилади

Ўзбекистонда нега Энергетика вазирлиги ташкил этилди?

Фото: Flickr

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг фармони билан Ўзбекистонда янги орган — Энергетика вазирлиги ташкил этилди. Умуман олганда энергетика тармоғида давлат бошқарувини ташкил этишда қатор тизимли муаммолар мавжудлиги белгиланган ислоҳотларни самарали амалга ошириш ва мамлакатни инновацион жадал ривожлантиришга тўсқинлик қилаётганди. Президент фармонида ана шу муаммолар санаб ўтилади:

биринчи – ёқилғи-энергетика комплекси соҳаларини уйғун ривожлантириш ва энергия манбаларини диверсификация қилиш масалаларида мувофиқлаштиришнинг ва тизимли ёндашувнинг етарли эмаслиги иқтисодиёт тармоқлари ва мамлакат аҳолисини уларнинг ўсиб бораётган талабини ҳисобга олган ҳолда энергия билан барқарор таъминлаш хавф-хатарларини оширмоқда;

иккинчи – энергетика тармоғи ташкилотларини бошқаришнинг директив модели, компаниялар молия-хўжалик фаолиятининг ҳаддан ортиқ маъмурий тартибга солиниши, шунингдек, меҳнат ресурсларидан оқилона фойдаланмаслик уларнинг иш фаолияти самарадорлиги ва натижадорлигини сусайтирмоқда, ноишлаб чиқариш харажатлари ва ишлаб чиқарилаётган энергия бирлиги сарфининг ўсишига олиб келмоқда;

учинчи – соғлом рақобат муҳитининг йўқлиги, йирик квазидавлат сектори ҳамда давлат ва тижорат манфаатлари тўқнашувининг мавжудлиги, тарифларни тартибга солиш чора-тадбирларининг инвестиция сиёсати билан уйғун эмаслиги ёқилғи-энергетика соҳасининг инвестициявий жозибадорлигига салбий таъсир кўрсатмоқда;

тўртинчи – тармоқнинг ривожига жойларда асбоб-ускуналар ўта эскиргани ва тегишли инфратузилмаларни янгилаш суръатларининг сустлиги, ускуналар, қурилмалар, газ қувурлари ва электр узатиш линияларидан хизмат муддатларини бузган ҳолда фойдаланиш, нобарқарор молиявий аҳвол, ресурс ва энергия тежовчи технологияларни жорий этиш даражасининг пастлиги каби бутун тизимга дахлдор муаммолар тўсқинлик қилмоқда ва бу технологик йўқотишларнинг кўпайишига ҳамда ёқилғи-энергетика ресурсларини етказиб беришда, айниқса, жойларда сурункали узилишларга сабаб бўлмоқда;

бешинчи – соҳа корхоналарида ресурсларни режалаштириш, етказиб берилаётган энергия ресурсларини назорат қилиш ва ҳисобга олишнинг автоматлаштирилган тизимларини ҳамда бошқа замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш ишлари суст олиб борилаётгани энергия ресурсларини истеъмолчиларга етказиб беришда катта йўқотишларга ҳамда ўзаро ҳисоб-китоб интизоми бузилишига олиб келмоқда.

Шу туфайли Ўзбекистон Республикаси ёқилғи-энергетика тармоғини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб, қуйидагилар белгиланди: 

биринчидан, мамлакатнинг энергетика хавфсизлигини таъминлаш, иқтисодиёт соҳалари ва аҳолининг энергия ресурсларига тобора ўсиб бораётган эҳтиёжини қондиришга қаратилган ягона энергетика сиёсатини юритиш;

иккинчидан, энергетика соҳасида давлат томонидан тартибга солиш ҳамда хўжалик фаолияти функцияларини аниқ чегаралаш, ижтимоий ва давлат-хусусий шерикликнинг ҳуқуқий ва институционал базасини такомиллаштириш, тариф сиёсатини амалга оширишнинг аниқ бозор механизмларини ишлаб чиқиш ва шу асосда соғлом рақобат муҳити тамойилларини илгари суриш;

учинчидан, инфратузилма объектларини қуришга, шунингдек, тармоқ корхоналарини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлашга инвестицияларни, аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш учун шароитлар яратиш;

тўртинчидан, энергия тежамкорлик ва иқтисодиётнинг энергия сарфини камайтириш соҳасида давлат сиёсатини юритиш, иқтисодиёт тармоқлари ва маиший секторда ресурс ва энергия тежовчи илғор технологияларни жорий этишни рағбатлантириш, муқобил энергия манбаларини кенг ривожлантириш;

бешинчидан, энергетика тармоғи корхоналарида технологик жараёнларни автоматлаштиришнинг замонавий воситаларини, энергия ресурсларини қазиб олиш, етказиб бериш ва истеъмол қилиш ҳажмларини ҳисобга олиш тизимларини кенг татбиқ қилиш;

олтинчидан, тармоқ корхоналарини бошқариш тизимини, уларнинг тузилмалари ва бўлинмаларини мақбуллаштириш, ишларни ташкил қилишнинг аниқ натижаларга эришишга қаратилган замонавий усуллари ва мақсадли индикаторларни (сифат менежменти, индикатив режалаштириш) жорий этиш.

Фармонда таъкидланишича, ёқилғи-энергетика тармоғида ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш ваколатлари Энергетика вазирлигига берилади. Электр ва иссиқлик энергияси, кўмирни ишлаб чиқариш, етказиб бериш, тақсимлаш ва истеъмол қилиш, шунингдек, нефть, газ ва уларни қайта ишлашдан олинадиган маҳсулотларни қазиб олиш, қайта ишлаш, ташиш, тақсимлаш, сотиш ва улардан фойдаланишнинг давлат томонидан тартибга солиниши билдирилмоқда. 

Бундан ташқари, республиканинг энергетика соҳасида ягона норматив-ҳуқуқий ва техник тартибга солишни амалга ошириш назарда тутилмоқда.​

Мавзуга оид