Ўзбекистон | 10:13 / 05.02.2019
109374
3 дақиқада ўқилади

Жўрабеков: «Ўзбекистонда ҳамма «юқори»нинг буйруқларини сўзсиз бажараверган, деб ўйламаслик керак»

Фото: Халқ сўзи

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган ирригатор, сув хўжалиги соҳасининг мутахассиси Исмоил Жўрабеков “Халқ сўзи”га интервью берди.

У ўз суҳбатида Орол денгизи қандай ва нима учун қуригани, бу фожиага олиб келган тушунарсиз қарорлар, денгиз “тақдири”ни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этган хатолар, шунингдек, бой берилган улкан кўлни тиклаш мумкинми ёки йўқ эканлиги хусусидаги фикрлари билан ўртоқлашган.

Қуйида интервьюдан бир нечта иқтибослар келтирилади.

“1971 йили Мўйноққа катта йўлдан боргандик, ўшанда ҳали йўлнинг ўнг ва сўл тарафидан соҳилга тўлқинлар урилиб турарди. Аммо 1972 йили сув қирғоқни тарк этаётгани сезила бошлади. Энг оғир давр эса 1979-1980 йилларга тўғри келди, ўша пайтда денгиз қирғоқдан жуда ҳам тез узоқлашди, бу узоқлашиш ҳатто йилига 15 — 20 километрни ташкил этган эди”.

“Биз Оролни йўқотаётганимизни қачон тушуниб етдик? Ўшандаёқ бизга маълум эдики, бунчалик кўп ерни ўзлаштириш оқибатида бу кўлга сув етиб бормайди. Шуни билатуриб нега бу йирик лойиҳага қўл урдик. Бунинг ўзига яраша бир нечта сабаблари бор эди...”.

“Ўзбекистонда ҳамма “юқори”нинг буйруқларини сўзсиз бажараверган, деб ўйламаслик керак. Орол денгизига сув етиб бормаслиги аниқ бўлгач, мамлакатнинг Шароф Рашидов бошчилигидаги ўша пайтдаги раҳбарияти бу масалани собиқ иттифоқ раҳбариятига кўтариб чиқди. У ерда бизни жиддий эшитишди, жиддий қабул қилишди ва якунда Сибирь дарёларининг маълум бир қисмини Ўрта Осиё ва Қозоғистонга йўналтириш қарорига келинди. Агар йилига 17 куб километрдан сув йўналтирилса, бу минтақани ялпи офатдан асраб қолиши ҳамда янги ерларни ўзлаштиришда Амударё ва Сирдарёга тушаётган “юк”ни камайтириб, Оролни тўлдириши мумкинлиги ҳисоблаб чиқилганди. Ва бу борада ишлар бошланиб ҳам кетди. Аммо...”.

“Узоқ вақт мобайнида эътиборсиз қолгани боис йиллар давомида машаққатли меҳнатлар эвазига эришилган барча нарса вайрон бўлди. Оқибатда бугун биз мелиоратив аҳволи издан чиққан 600 минг гектар ерга “эга”миз. Шундан 200 минг гектари айни пайтда фойдаланишга мутлақо яроқсиз ҳолга келган”.

Мавзуга оид