Ўзбекистон | 11:33 / 09.02.2019
35580
6 дақиқада ўқилади

​Раҳбарларнинг лоқайдлиги туфайли норасидалар сарсон бўляпти

Иллюстратив фото/ТАСС

СССР давлатининг парчаланиши ўзидан кейин муаммоларни ҳам пайдо бўлишига сабабчи бўлди. Хусусан, иттифоқдош мамлакатлар чегараси ва шахсларнинг фуқароликни олиш тартибини барча ўз талқинича кўра бошлади. Бироқ, бу мақолада айтмоқчи бўлганим — бошқа масала.

Гап шундаки, 1984 йили Ўзбекистон ҳудудида туғилган (ва туғилганлиги ҳақида гувоҳномага эга бўлган) Гулнора Файзиеванинг яшаш жойи собиқ Совет тугатилиши билан Қозоғистон ҳудудига тўғри келиб қолди. Фуқаролик паспортини олиш учун у Ўзбекистон Республикаси мутасадди органларига мурожаат этди, албатта, кейинчалик Ўзбекистон ҳудудига кўчиб ўтиб, шу ерда муқим яшай бошлади. Аммо унга фуқаролик паспорти берилмади. Гулнора 2017 йили фуқаролиги бўлмаган шахслар учун тақдим этиладиган паспорт учун ариза топширди, аммо ундан ҳам дарак йўқ.

Муаммо нимада? Масаланинг жиддий тарафи шундаки, Гулнора турмуш ўртоғи билан расман никоҳдан ўтишга имконияти йўқ, шу орада эса оилада 4 нафар фарзанд туғилди. Улар ҳам онаси каби ҳужжатсиз, туғилганлиги тўғрисида гувоҳномаси йўқ, тўғрироғи берилмаяпти.

Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг 205-моддасига мувофиқ, боланинг туғилишини қайд этиш мажбурий бўлиб, бу туғилган жойдаги ёки ота-онадан бирининг доимий яшаш манзили бўйича ФХДЁ органида бир ой муддат ичида амалга оширилиши керак.

Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 14 ноябрдаги қарорида таъкидланишича, ота-оналардан бирининг шахсини тасдиқловчи ҳужжат бўлмаган алоҳида ҳолларда ФҲДЁ органи туғилганликни қайд этишни рад қилиши мумкин эмас. Бунда ҳужжатлари бўлмаган ота ёки она ҳақида маълумотлар никоҳ тузилганлиги ёки аввалги болаларининг туғилганлиги ҳақидаги гувоҳномалари асосида кўрсатилади.

Аммо биз кўриб чиқаётган юқорида кўрсатилган сабаблар билан никоҳ расман тузилмаган ва болаларнинг ҳеч бири гувоҳномага эга эмас. Шунга қарамай, ота-онанинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар бўлмаганда боланинг туғилганлигини қайд этиш тиббиёт муассасасининг ёки васийлик ва ҳомийлик органининг ёзма мурожаатларига асосан амалга оширилади.

Тўрт нафар вояга етмаган фарзандларнинг барчаси туғруқхонада дунёга келган ва бу ҳақда тиббиёт муассасасининг маълумотномаси мавжуд. Васийлик ва ҳомийлик органи ёзма мурожаат қилмаслиги қатъий таъкидламоқда.

«Негаки, болаларнинг отаси Ўзбекистон фуқароси ва унинг фуқаролик паспорти мавжуд. Онанинг фуқаролиги аниқланмаган, аммо шахсини тасдиқловчи ҳужжат — ички ишлар бўлими томонидан берилган тегишли намунадаги маълумотнома бор. Демак, ота ҳам, она ҳам шахсини тасдиқловчи ҳужжатга эга. Агар никоҳ ҳолати расман қайд этилмагани ёки оталикни белгилаш муаммо бўлса, иш суд ажрими билан ҳал қилиниши керак», —дейди орган вакили.

Чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий ва вақтинча прописка қилиш тартиби тўғрисидаги Ички ишлар вазири тасдиқлаган йўриқномага кўра, «Ўзбекистон Республикасининг фуқаролиги тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни кучга киргандан, яъни 1992 йил 28 июлдан кейин, республикага келиб, Тошкент шаҳри ёки Тошкент вилоятида собиқ СССР иттифоқи паспорти билан истиқомат қилаётганлар, шунингдек бу паспортни йўқотганлар ва бошқа шахсини тасдиқлайдиган ҳужжати бўлмаганлар ёки фақатгина туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома билан яшаётган шахслар шахсни тасдиқловчи ҳужжат олиш масаласи бўйича тегишли ТШИИБ ХЧКваФРБга мурожаат қилиб, қуйидаги ҳужжатларни тақдим этиши мумкин. Гулнора Файзиева ҳам шундай қилган.

Ушбу йўриқномага асосан, сўровнома юборилгандан кейин уч ой ичида жавоб келиб тушмаса, ТШИИБ ХЧКваФРБ ходими мазкур Йўриқноманинг 10-банди ва 11-бандида кўрсатилган мавжуд ҳужжатлар билан чекланади, яъни йўриқноманинг 4-иловасига мувофиқ шаклдаги маълумотнома назарда тутилмоқда.

Васийлик ва ҳомийлик органи вакили айнан мана шу намунадаги маълумотнома Файзиевада мавжудлиги ва унинг сўровига 3 ойдан ортиқ муддат ичида жавоб қайтарилмаганини инобатга олиб, Гулноранинг шахсни тасдиқловчи ҳужжати мавжуд, деб ҳисоблайди. Тошкент туман ФХДЁ мудираси Наргиза Каримова эса бу билан келишмайди, Файзиеванинг шахсини тасдиқловчи ҳужжати йўқ, деб билади.

Каримованинг маълум қилишича, Васийлик ва ҳомийлик органи вакили ФХДЁга болаларнинг ота-онасини тасдиқлаб, хат билан мурожаат қилиши керак.

«Намунавий шаклда орган вакили ФХДЁга мурожаат қилиши, ушбу хатда боланинг ота-онаси кўрсатилиши керак. Оталикни белгилаш масаласида эса фақат суд ҳал қилади», — дейди у.

Тошкент вилояти Тошкент тумани халқ таълими бўлими мудири болаларнинг ота-онаси кимлигини таъкидлаб, уларга туғилганлик гувоҳномасини беришда амалий ёрдам беришини сўраб, хат ҳам юборган. Афтидан бундай мурожаат матни Наргиза Каримовага ёқмаган шекилли, у мурожаатнинг бошқача тайёрланишини талаб этяпти.

Болаларнинг отаси Зокир Мамарафиқов эса мутасаддиларнинг ҳаракатига тушунмай ҳалак.

«Амалий ёрдам сўраб, оғзаки ва ёзма йўллаган мурожаатларимиз самарасиз якун топмоқда. Оворагарчиликнинг чеки йўқ. ФХДЁ бўлими ходимлари мурожаатимизни на рад этади, на ижобий ҳал этади. Суд эса ФХДЁнинг ёзма рад жавобига кўра оталикни белгилаб, болаларга гувоҳнома берилишини ҳал қилиши мумкин экан. ФХДЁ эса рад жавобни ҳам бермайди», — дейди у.

Мен эса шунча сансалорлик ичида улғайиб, мактаб таълимидан мосуво қолиши мумкин бўлган болаларнинг тақдири ҳақида ўйлаб қолдим. Наҳот, мутасаддилар болаларнинг манфаатида бирор чора ўйлаб топмаса? Фуқаролик ишлар бўйича судга мурожаат қилиш учун ФХДЁ муносабати зарур бўлса, нега мансабдор шахс ишни пайсалга соляпти? Раҳбарлар болаларнинг отаси тириклиги, уларнинг боқувчиси борлигини била туриб, нега ёлғиз оналикни белгилашни таклиф этмоқда? Буларга эса жавоб йўқ.

Алишер Рўзиохунов

Мавзуга оид