Жаҳон | 22:25 / 12.02.2019
14353
2 дақиқада ўқилади

Олимлар глобал экологик фалокат юз беришидан огоҳлантирдилар

Австралиялик олимлар сайёрамизни экологик фалокат кутаётгани ҳақидаги хулосага келишди. Бу ҳақда Phys.org хабар бермоқда.

Мутахассислар бутун дунё бўйлаб ярим аср давомида жамланган 70 та маълумотлар базасидаги маълумотларни таҳлил қилиб, дунёда ҳашаротларнинг биомассаси ҳар йили 2,5 фоизга камайиб бораётганини аниқлашган.

Ҳашаротларнинг нобуд бўлишига улар яшайдиган жойларнинг шаҳарлар ва қишлоқ хўжалиги майдонларининг ўсиши ҳисобига йўқолиши, пестицидлар ва заҳарлар қўлланиши асосий сабаблар ҳисобланади.  

Бу эса барча ҳашарот турларининг 50 фоизи миқдори тез қисқараётгани, учдан бир қисми яқин орада йўқолиб кетишига олиб келади.

Ҳашаротлар озуқа занжирида ва ўсимликларни чанглатишда муҳим бўғин ҳисобланади. Улар миқдорининг камайиши экотизимларнинг фалокатли коллапсига олиб келади. Европада 30 йил ичида ҳашаротлар популяцияси 80 фоизга қисқаргани сабабли қушлар популяцияси 400 млн.га камайиб кетган.

Олимларнинг таъкидлашича, бу жараённи инсектицидлар ва пестицидлардан максимал воз кечиш эвазига тўхтатиш мумкин.

Мавзуга оид